Ҳурматли устозлар, жаноза намози қандай ўқилади? Иложи бўлса батафсил маълумот берсангиз.

Чоп этилди Fevral 26, 2019 Ҳурматли устозлар, жаноза намози қандай ўқилади? Иложи бўлса батафсил маълумот берсангиз.da fikr bildirishni o'chirish

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Жаноза намози фарзи кифоя бўлиб, бундан хабардор бўлган кишилардан бир қисми адо этиши билан бошқалардан бу фарз соқит бўлади. Агар ҳеч ким ўқимаса, ҳаммалари гуноҳкор бўладилар. Жаноза намозининг фарзи иккита: тўрт такбир ва тик туриб ўқиш. Вожиби – салом беришдир. Сано, салавотлар ва дуо ўқиш эса, суннатдир.

Жаноза намози қуйидагича ўқилади:
Имом маййитнинг кўкраги тўғрисида туриб, бош бармоғини қулоғи юмшоғига теккизиб “Аллоҳу акбар” дейди. Иқтидо қилганлар ҳам шундай қиладилар. Сўнг сано ўқилади:

سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ وَتَبَارَكَ اسْمُكَ وَتَعَالَى جَدُّكَ وَلَا إِلَهَ غَيْرُكَ

яъни: “Эй Аллоҳ, Сени пок деб, ҳамд айтиб ёд қиламан, исминг муборак, мартабанг улуғдир, Сендан ўзга илоҳ йўқ”.
Санодан сўнг иккинчи такбир айтилади ва бунда мазҳабимизга кўра қўл кўтарилмайди, қўл фақат биринчи такбирда кўтарилади холос. Иккинчи такбирдан сўнг салавот ўқилади:

اَللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ.
اَللَّهُمَّ بَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَمَا بَارَكْتَ عَلَى إِبْرَاِهِيمَ وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ

яъни: “Эй Аллоҳ, Иброҳим ва унинг оиласига салавот юборганинг каби Муҳаммад ва у зотнинг оиласига ҳам юборгин. Сен мақтовга лойиқ, буюк Зотсан.

Эй Аллоҳ, Иброҳим ва унинг оиласига барака нозил қилганинг каби Муҳаммад ва у зотнинг оиласига ҳам барака нозил қилгин. Сен мақтовга лойиқ, буюк Зотсан”.
Салавотдан сўнг учинчи такбир айтилади, ортидан маййитнинг ҳаққига дуо қилинади:

اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِحَيِّنَا، وَمَيِّتِنَا، وشَاهِدِنَا، وَغَائِبِنَا، وَصَغِيْرِنَا، وَكَبِيرِنَا، وَذَكَرِنَا، وَأُنْثَانَا، اللَّهُمَّ مَنْ أَحْيَيْتَهُ مِنَّا فَأَحْيِهِ عَلَى الْإِسْلَامِ، وَمَنْ تَوَفَّيْتَهُ مِنَّا فَتَوفَّهُ عَلَى الْإِيْمَانِ

яъни: “Эй Аллоҳ, тирикларимизни ҳам, ўтганларимизни ҳам, бу ерда борларимизни ҳам, йўқларимизни ҳам, каттаю кичигимизни ҳам, эркагу аёлларимизни ҳам мағфират қилгин. Эй Аллоҳ, биздан кимни яшатсанг, Исломда яшат, кимни вафот эттирсанг, имонда вафот эттиргин”.
Маййит балоғатга етмаган ёш бола бўлса, юқоридаги дуонинг ўрнига қуйидаги дуо ўқилади:

اللَّهُمَّ اجْعَلْهُ لَنَا فَرَطًا وَاجْعَلْهُ لَنَا أَجْرًا وَذُخْرًا وَاجْعَلْهُ لَنَا شَافِعًا وَمُشَفَّعًا

яъни: “Эй Аллоҳ, Уни охиратда бизни кутиб оладиган хушхабарчи қил, уни бизга савоб ва захира қил, уни бизга шафоат қилувчи ва шафоати қабул бўлувчи қилгин”.

Кейин тўртинчи такбир айтилади ва салом берилади.
Жаноза намозига кеч қолган одам ният қилиб имомнинг такбир айтиши билан намозга қўшилади. Имом салом берганидан кейин нечта такбирга кеч қолган бўлса, такбирларнинг ўзини айтиб қўяди. Бошқа нарсаларни ўқимайди.

Жаноза ўқиш учун албатта таҳорат бўлиши шартдир. Таҳорат қилиб келгунча намозга улгурмайдиган бўлса, жаноза эгасидан бошқалар таяммум қилиб, намоз ўқишлари мумкин бўлади. Жаноза намози асносида имом такбир айтса, иқтидо қилганлар бошини осмон сари кўтармайди, кўтариш бадъат ҳисобланади.

Туғилган чақалоқ овоз чиқариб ёки қимирлаб, сўнгра ўлган бўлса, унга исм қўйилади, ювилиб кафанланади ва жаноза ўқиб кўмилади. Ўлик ҳолда туғилган чақалоққа исм қўйилмайди, жаноза ўқилмайди, ювиб, бир латтага ўраб кўмилади. Чақалоқнинг тирик туғилгани тўғрисида туққан она ёки туғдирган доянинг гувоҳлиги қабул қилинади (Манбалар: “Фатовои Ҳиндийя” ва “Бадоиус-саноиъ” китоблари). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
фатво ҳайъати. @diniysavollar