Мақолалар

Уларнинг олдиларидан ўтаётиб, бошларига тупроқ сочиб кетдилар, улар эса у зотни кўришмади

Чоп этилди Iyul 16, 2019 Уларнинг олдиларидан ўтаётиб, бошларига тупроқ сочиб кетдилар, улар эса у зотни кўришмадиda fikr bildirishni o'chirish

Ҳижрат қилинадиган кечада Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг ётоқларида ётишни Али розияллоҳу анҳуга тайинладилар.

Қурайшлик бир гуруҳ кишилар эшик бўсағасида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдириш учун эшикдан чиқишларини кутиб, пойлоқчилик қилиб турарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб, ердан бир сиқим тупроқ олиб уларнинг бошларига сепдилар. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмас ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги оятларни тиловат қилардилар:

«Яна уларнинг олдиларидан бир тўсиқ (парда), ортларидан бир тўсиқ (парда) қилиб, уларни ўраб қўйдик. Бас, улар “кўра” олмаслар» (Ёсин сураси, 9-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг уйларига бордилар ва у ердан икковлари кечаси чиқиб кетишди.

Қурайш кофирларини ҳали ҳам эшик олдида турганини кўрган киши улардан: “Нимани кутиб ўтирибсизлар?” деб сўради. “Муҳаммадни”, дейишди. У: “Аллоҳга қасам, сизларнинг бошларингизга тупроқ сепиб, олдиларингиздан ўтиб кетди-ку”, деди. Улар: “Аллоҳга қасам, биз уни кўрганимиз йўқ”, деб бошларидаги тупроқни қоқиб ташлашди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдиришга чоғланган, эшик олдидаги кофирлар қуйидаги кишилар эди: Абу Жаҳл, Ҳакам ибн Осс, Уқба ибн Абу Муъайт, Назр ибн Ҳорис, Умайя ибн Халаф, Замъа ибн Асвад, Туъайма ибн Адий, Абу Лаҳаб, Убай ибн Халаф ва Ҳажжожнинг икки ўғли Набиҳ ва Мунаббиҳ  (Ҳасан ҳадис. Имом Ибн Саъд, Имом Ибн Ҳишом ва Имом Аҳмад ривояти).

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Нашриётдан харид нархи 23000 сўм