Ўзбекистон янгиликлари

“Аллоҳ умр берса Ҳажга ҳам келаман”

Чоп этилди Yanvar 7, 2019 No Comments

(Умра ибодатини адо этаётган 102 ёшли онахон билан суҳбат)

2019 йилнинг Январь ойида Сурхондарё вилоятидан Умра зиёратига келган Олимова Мамлакат она аслида 102 ёшда, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларда эса унинг туғилган йили 1918 йил этиб кўрсатилган. Зиёратда момосига ҳамроҳлик қилаётган набираларининг айтишича, ўша даврларда  ҳужжатлаштириш ишларидаги камчиликлар сабаб икки йилга хатолик билан қайд этилган.

Мамлакат она бундан ўн йил муқаддам 92 ёшида илк бор муборак Умра ибодатини адо этаётган вақтида яна ўн йилдан сўнг Аллоҳ таолонинг азиз меҳмони бўлишини ўйлаганмикин… Парвардигорнинг инъоми, мўжизасини қарангки, бундай ёшда ҳатто ўз уйида зўр базўр ҳаракатланиши мумкин бўлган бир ҳолатда бир бандасини тайёрага, ундан кейин автобусларга ўтказиб минглаб чақирим нарига,  Ўз Байтига чорлаб турибди!  Бу ҳар бандага ҳам насиб этавермайдиган улуғ саодат! Зиёрат давомида ўзларининг мустаҳкам иймонлари, ибодатга бўлган ғайратлари, дадил сўзлари билан ҳаммани ҳайратга солаётган мўтабар момо билан суҳбат қуриб, дуоларини олишга интилдик.

Ассалому алайкум ҳожи она! Табаррук ёшда адо этаётган ибодатларингизни Аллоҳ таоло хусни мақбул айлаб, жаннатларга ҳужжат қилсин. Ҳаётингизда нима билан машғул бўлгансиз, қандай жойларда фаолият юритгансиз?

– Ваалайкум ассалом. Раҳмат. Ёшлик давримда колхозда меҳнат қилганман. Қийин пайтларда ҳам ибодатдан қолмадик, намозимизни адо этдик, кишиларга яхшилик қилдик, Худога шукур. Турмуш ўртоғим Аллоҳ раҳмат қилсин, мактаб қурган, ўша мактабга унинг номи берилган.

Онажон умрни албатта Аллоҳ беради. Бироқ тақдирда битилган умрнинг қисқариши ёки узайишига гоҳида банданинг ўзи ҳам сабабчи бўлади. Айтингчи, бу муборак ёшга етишишнинг сири нимада? Ҳаётинигизда кўпроқ нималарга амал қилдингиз?

– Меҳнат қилдим, хайру эҳсон, ҳаммага яхшилик улашишга ҳаракат қилдим. Ибодатдан узулмадим.

Онажон шу ёшда Аллоҳни байтига иккинчи бор келиб турибсиз. Бу ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган саодат. Айни пайтда қалбингиздан қандай ўйлар ўтяпти?

– Мен ҳақиқий дунёни, оламни шу жойда топдим. Расулуллоҳ (солаллоҳу алайҳи васаллам) ни равзалари, Кабани яна кўрдим. Ибодат қилдим. Бу жой дунё мусулмонларини жамлайди, бирдам қилади, ҳамма бир-бирига табассум билан муомалада бўлади. Аллоҳ умр берса Ҳажга ҳам келаман.

Бугунги давр ёшларига нималарни тавсия қиласиз, қандай насиҳат қиласиз?

-Доим ҳаракатда бўлишсин, ибодатдан узулишмасин. Кўпроқ ўқишсин. Диний ва дунёвий билимларни яхши ўрганишсин.Аллоҳ ҳаммаларини шу жойларга чақирсин!

Ҳамроҳларининг айтишича, онахон вафот этган турмуш ўртоқлари, ота-оналари учун ҳам тавоф қилибдилар (албатта арава ёрдамида). Буни қаранг, фарзанд, қолаверса, солиҳа аёл 100 ёшдан ошганда ҳам ўз бурчини адо этмоқда… Субҳаналлоҳ!

Ҳа, ҳаёт ибратларга тўла. Фақат ундан хулосани қандай чиқара оламиз бу ўзимизга боғлиқ… Аллоҳ таоло барчамизга ана шундай узоқ ва саодатли умрни насиб этсин.

 

Зоиржон Содиқов сухбатлашди

Макка шаҳри.

Манба: Muslim.uz

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan