Мақолалар

Ўзбек тилим — гоҳ сени эшитиб музлайди дилим ёхуд “-нинг”ни менсимаган сатрлар

Чоп этилди Oktabr 18, 2019 Ўзбек тилим — гоҳ сени эшитиб музлайди дилим ёхуд “-нинг”ни менсимаган сатрларda fikr bildirishni o'chirish

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини битирганман. Йигирма йилдан ортиқ вақт давомида газета-журнал, ёки китоб варақласам, кўзим биринчи навбатда имло хатолари излашга ўрганиб қолган. Охирги вақтларда телевизор ёки радиода қўшиқ эшитсам, уларнинг матнига эътибор қаратадиган бўлиб қолибман.

Қуйида бу борада олиб борган кузатувларимдан мисоллар келтираман.

***

2018 йил 1 ноябрь куни соат 8:30ларда “Ўзбекистон” радиоканалида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳриддин Холиқовнинг бир қўшиғини бошқа санъаткор айтиб чиқди. Муҳриддин Холиқов ижросидаги қўшиқ матнида “…ҳуру ғилмонлар…” сўзлари бор эди. Бошқаларни билмадиму мен бирор оригинал қўшиқни бошқа биров айтса, қабул қилолмайман. Муҳриддин Холиқовнинг ушбу қўшиғи ҳам “биров” ижросида айтилаётганини ғашим келиб тинглаётган эдим, “…ҳуру ғилмонлар…” сўзлари бор жойларини “…ҳуру ғирмонлар…” деб айтганини эшитганимда, еяётган ошимдан тош чиққандай бўлди гўё.

***

2019 йил 11 январь куни соат 8:30ларда, 15 январь куни соат 8:20ларда “Ўзбекистон” радиоканалида эфирга берилган қўшиқда: “Хаста эдим, соғланиб қолдим” – деган сўзларни эшитиб қолдим. Қўшиқдаги бошқа сўзлар: “боғланиб қолдим”, “чоғланиб қолдим” бўлиб, уларга қофия сифатида зўрма-зўраки ҳолатда “соғланиб қолдим” – дея қўшибди қайсидир “шоир”.

***

15 январь. “Ўзбекистон” радиоканалида соат 8:00ларда эфирга кетган Омон Матжон шеъри билан айтиладиган Ортиқ Отажонов, Ғуломжон Ёқубов ижросидаги “Умр ўтар” қўшиғини бир эркак ва аёл дуэт сифатида айтибди. Бироқ улар матнни китобдан эмас, Ортиқ Отажонов ёки Ғуломжон Ёқубов ижросидаги қўшиқдан чала ёдлаган шекилли, баъзи жойларини нотўғри айтган. Шеърда аслида:

Баҳорда боғ на гўзал,

Қор тушса тоғ на гўзал,

Бу ёшлик чоғ на гўзал,

Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан

Сўзсиз қарашларинг, ҳолим сўрашларинг” – деб ёзилган.

Мен исм-шарифини билмайдиган эркак ва аёл айтган дуэтда:

Баҳорда боғлар гўзал,

Қор тушса тоғлар гўзал,

Бу ёшлик чоғлар гўзал,

Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан

Сўзсиз қарашларинг, ҳолим сўрашларинг”.

***

21 ёки 22 январь кунлари эди чамамда, “Ўзбекистон” радиоканалида эрталабки соат 8 дан кейин эфирга берилган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдурашид Йўлдошевнинг бир қўшиғида:

Ёлғонларинг сени ростингдан ширин” – деган сўзлар ишлатилди.

***

22 январь куни “Ўзбекистон” радиоканалида кундузги соат 8 дан кейин, 25 январь куни “Маҳалла” радиоканалида соат 7:36 да эфирга берилган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Собир Мўминовнинг қўшиғида: “Дуосин ол меҳрибон онажонингни” – дея келишик қўшимчаси нотўғри қўлланилди.

***

24 январь куни “Ўзбекистон” радиоканалида эрталабки соат 8 дан кейин эфирга берилган Ботир Қодиров ижросидаги қўшиқда: “Энг аввал отангни қадрини билгин…” – дейди шоир ва санъаткор.

***

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков мамлакатимизда яшаётган миллионлаб болажонларнинг саодати ҳақида куйлаган бир қўшиғида “Бахтин кўринг Ўзбекистон боласини…” дея хониш қилади. Бошқа бир қўшиғида эса “Хизматингда бўлмасам сени… Болам дема, ватаним, мени”, дея куйлайди у. Дилсўз деган хонанда билан айтган дуэтида Дилсўз: “Меҳрибон акам мени…” – деб меҳрини изҳор этади.

***

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон бир қўшиғида: “Нархи қанча меҳрни, айтинг…”, дея жон куйдирса, хонанда Дилшод Раҳмонов бир аёл билан айтган дуэтида: “Нозни ҳам ози яхши…” – дея дардини айтади.

***

Бундан 5-6 йил олдин Аҳад Қаюмнинг “Дизайн-Пресс” МЧЖ нашриётида чоп этилган китобларини ўқиганимда, белгилаб қўйганларимни тил байрами арафасида сизларга ҳам ҳавола этмоқчиман.

“Алданган қиз” китобидан мисоллар:

Дилингни дилингга тенги борлигин…”(4-бет);

Сени биттагина шу ёлғонинг деб…”(21-бет);

Бу одатини фақат ўзининг фойдасига ҳал бўлаётганига шубҳа қилмасди…”(96-бет).

“Мени йиғлатма, ҳаёт!” китобидан:

Бахтимни қайчилар ёмонлар мени,

Атрофим ўраган ёлғонлар мени…”(10-бет);

Ҳаромни ҳам меъёри бор деб,

Инсофлиси бор деб шайтонни…”(17-бет);

Руҳларини шод этайлик Навоийларни…”(41-бет).

“Севгидан кечмайдилар” китобидан:

Ошиқларим кўп мени…”(19-бет);

Дард ҳар бир илдизин қуритди дилни…”(21-бет);

Мен умр деганда, бу дунёдан ўтгандан кейинги уйғониш қимматини қанчалик даражадалигини ўлчаб баҳо қўйган бўлардим…”(97-бет);

Гоҳида сени ёқтирмаган одамларнинг, сен ҳақингда яхши фикр билдиришлари, бу бошқа ҳамкасбингни айбу нуқсони кўплигидан келиб чиқади”(98-бет).

“Қизми бу, кийикми бу?!” китобидан:

Яқинроқ кел, суйганим мени…”(23-бет);

Ул малакни суйгани…”(30-бет);

Соғинчни кўпиям ёмон…”(44-бет);

Ошиқ жонни даъвосини…”(48-бет);

Бундай хатолар инсонни ўзини еб битиради…”(95-бет).

***

Ўзбек тилининг қўшиқлару шеърларда бу даражада камситилиши, “-нинг” келишик қўшимчасининг “-ни” тарзида нотўғри қўлланишига эътиборсизлик қилиниши, айниқса, бу ҳолатга маданият ва санъат соҳаси вакиллари томонидан йўл қўйилиши — жуда қийинчилик билан битадиган ярага ўхшайди, чамамда. Муҳими, бу “ярани тузатиш”га энг юқори даражада эътибор қаратилди. Эсон бўлсак, кўраверамиз бу ёғини.

Шерали КАРВОНЛИ,

Халқ таълими аълочиси

 

71
ЎзА