Аёллар

Ҳусни хулқ ва латифлик муслима аёлларлар фазилатидир.

Чоп этилди Noyabr 6, 2019 Ҳусни хулқ ва латифлик муслима аёлларлар фазилатидир.da fikr bildirishni o'chirish

Ислом дини пайдо бўлибдики нозик ва латифа аёлларга меҳрибонлик ва ғамхўрлик қилади. Уларнинг қулайликлари, бахт саодатлари ва иқболлари томон йўл кўрсатади. Аёлларнинг оиладаги, фарзанд тарбиясидаги салмоқли ўринларини ҳисобга олиб, муслималарга гўзал ўрнаклар кўрсатиб, илму- маърифат, таълим тарбия қилиб, юксак даражаларга эришишларига сабаб бўлмоқда.
 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам аёлларнинг исломий тарбиясига алоҳида эътибор берар эдилар. Доимо муслима аёлларни илм-маърифатга чорлар эдилар. Аёллар учун алоҳида илмий мажлислар ўтказар эдилар. Уларнинг ўзларига хос ваъз-насиҳатлар қилар эдилар. Ана шундоқ муносабатларнинг бирида У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмина-муслима аёлларга хитоб қилиб: 
«Эй аёллар жамоаси, садақа қилинглар, истиғфорни кўпроқ айтинглар. Албатта, мен сизнинг дўзах аҳлининг кўпи эканингизни кўрдим», дедилар».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг дўзахда кўп бўлиши ҳақида хабар бериш билан бирга, бу мусибатдан қутулиб қолиш йўлларидан бири садақа бериб, кўпроқ истиғфор айтиш эканини ҳам баён қилмоқдалар.
Ушбу вазиятдан хабар топган Саодат асри  муслима аёллари илмий мажлис одобига риоя қилган ҳолда, уларнинг вакиласи хабарда келган мусибатдан қутулиш, дўзахга тушишдан сақланиш йўлини билиш ниятида, аёлларнинг дўзахга кўп тушишлари нима сабабдан эканини сўради:
«Улардан бир гапга уста аёл: 
«Эй Аллоҳнинг Расули, бизга не бўлдики, дўзах аҳлининг кўпи эканмиз?» деди». 
У зот салоллоҳу алайҳи васаллам: 
«Лаънатни кўпайтирасиз, эрга куфр келтирасиз», дедилар. 
Яъни, қарғишни кўпайтирганингиз учун, эрларингизга нисбатан ёмон муомалада бўлганингиз учун шу аҳволга тушасиз, дедилар. Бунда, албатта, аёллар учун қарғишдан четланиш ва эрнинг розилигини олишга уринишга тарғиб бор.
Ушбу ҳадиси шарифда келган маънолар татбиқига бугунги олам жуда муҳтож. Инсониятнинг латиф қисми бўлмиш аёллар олами йўл қўяётган нолатифлик туфайли келиб чиқаётган муаммоларнинг сон-саноғи йўқ. Қарғиш, лаънатлаш, сўкиш оқибатида оила аъзолари, қўни-қўшни ва жамиятда қанчадан-қанча муаммолар пайдо бўлади. Аёлларнинг ўз эрларига итоат этмаганлари оқибатида келиб чиқаётган ноқулайликларни эса ҳамма кўриб билиб турибди. 
Ислом дини ушбу икки муаммони аёлларнинг дўзахга кўп тушишига сабаб қилиб кўрсатди. Бу ишни иложи борича қилмасликка тарғиб қилди. Шу билан бирга, нима бўлса ҳам аёллик табиатидан келиб чиқиб, гоҳида хатога йўл қўйилганида уни тўғрилаш йўлини ҳам баён қилди. Аёлларга садақа қилиш ва истиғфорни кўпроқ айтишни йўлга қўйишни тавсия қилди. Бу кўрсатмаларга амал қилиш аввало, аёлларнинг ўзларига, қолаверса, эрларига, оилаларига, қариндош-уруғларига, жамиятларига ва бутун инсониятга фойда келтиради. 
 Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўминни лаънатлаш худди уни қатл этган кабидир». дедилар».
Лаънатнинг луғавий маъноси Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишдир. Демак, ким бировга лаънат айтса, унинг Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқ бўлишини тилаган бўлади. Мўминлик эса, Аллоҳ таолодан бандага берилган энг улуғ неъматдир, раҳматдир. Шунга биноан, ким мўмин инсонни лаънатлаган бўлса, унинг Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқ бўлишини, иймонидан ажрашини тилаган бўлади. Бу эса, мўминни қатл этгандан бадтардир.
Али розияллоҳу анҳуга:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга сир қилиб айтган нарсанинг хабарини бизга айт», дейилди. Бас, у:
«У зот одамлардан беркитиб менга бирор нарсани сир қилиб айтмаганлар. Лекин у зотнинг:
«Аллоҳдан ўзгага сўйиш сўйганни Аллоҳ лаънатласин. Бидъатчига жой берганни Аллоҳ лаънатласин. Ота-онасини лаънатлаганни Аллоҳ лаънатласин. Ер белгисини ўзгартирганни Аллоҳ лаънатласин», деганларини эшитдим», деди».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифларида тўрт тоифа кишиларга Аллоҳ таолонинг лаънати бўлиши таъкидланмоқда, жумладан: 
«Ота-онасини лаънатлаганни Аллоҳ лаънатласин».
Ҳар бир мусулмон фарзанд ўз ота-онасига доимо раҳмат, яхши дуолар олиб бериши керак. Ҳеч вақт фарзанд туфайли ота-она шаънига ёмон гап айтиладиган, уларни лаънатланадиган бўлмаслиги лозим. Сени туққан онангга лаънат, сени боққан отангга лаънат каби гапларга сабаб бўлган фарзанд ота-онасини лаънатлаган фарзанд бўлади. Ундоқ фарзандни эса, Аллоҳ таоло лаънатлайди.
Мўминларнинг сифати гўзал хулқ эканини зикр килиб, дейдилар: “Иймони энг комил мумин хулқи гўзалидир” деганлар Пайғамбаримиз Муҳаммад Солаллоҳу алайҳи вассаллам.
Имом Ғаззолий ҳазратлари “Риёзатун нафс” асарларида мўъмин инсонни гўзал хулқ атворли бўлишга чақириб ушбу ҳадиси шарифни келтирганлар: 
Расули акрам дедилар: «Ким яхши амалидан хурсанд бўлиб, ёмон амалидан хафа бўлса, у мўминдир» (Имом Ахмад ва Табароний ривояти).
Пайғамбар алайхиссалом айтдилар: «Биродарига озор етказадиган назар билан ишора қилиш мўмин кишига ҳалол эмас» (Ибн Муборак ривояти).
Бу сифатларнинг хаммасига бўлмаса хам баъзисига эга бўлиш хам гўзал хулқ белгиларидандир. Кимдир хаёси кўп, озори кам, гапи кам, амали кўп, вазмин сабрли, шукрли, қаноатли, ҳалим, дилкаш, уятчан, меҳрибон бўлади. Лаънатламайди, сўкмайди, чақимчилик, Fийбат қилмайди. Шошқалоқ, кекдор, бахил, хасадгуй эмас. Доимо юзлари очик, жилмайиб туради, диди нозик. Аллоҳ йўлида яхши куради, Аллоҳ ёмон курганни ёмон куради. Аллоҳ учун рози булади, Аллоҳ учун Fазабланади. Булар гузал хулкдир.
Худди шу олим яна бир китобларида қуйидаги сўзларни келтирадилар: “Салафлардан бири дейди: “Лаънат юзнинг қаролиги эмас. Лаънат молдаги нуқсон ҳам эмас. Балки, ҳақиқий лаънат бир гуноҳдан шунга ўхшаш ёки ундан ҳам ёмонроқ бошқа бир гуноҳга ўтишдир”.
Нақадар тўғри айтилган гап! Ҳақиқатан ҳам лаънат раҳмат даргоҳидан қувилиш, тавфиқ ризқидан маҳрум бўлишдир. Бу эса, энг катта маҳрумлик. Тасаввур қил: содир этилган битта гуноҳ инсонни иккинчи гуноҳга чорлайди. Шу тариқа гуноҳлар кўпайиб боради. Қарабсанки, банда гуноҳлари туфайли фойдали ризқдан гуноҳлардан тўхташга сабаб бўлувчи олим ва солиҳлар мажлисидан маҳрум бўлади. Солиҳ кишиларнинг нафратига сазовор бўлгани учун Аллоҳ ҳам ундан нафратланади.
Ҳикоя қилинади: “Орифлардан бири балчиқ йўлда эҳтиёт бўлиб, тўнининг этагини йиғиштириб кетаётган эди. Қўққисдан оёғи тойиб йиқилди. Кейин ўрнидан турди ва тўғри балчиқнинг ўртасидан юриб кетди, сўнг йиғлаб, “Менинг бу ҳолатим доимо гуноҳлардан сақланиб, кутилмаганда бир ё иккита гуноҳни содир этиб, кейин гуноҳлар денгизига шўнғиган банданинғ аҳволига ўхшайди”, – деди. Бу воқеа гуноҳнинг жазоси бошқа гуноҳга тортилиш билан ҳам ҳосил бўлишига ишорадир. Шунииг учун Фузайл айтади: “Замоннинг эврилишидан, дўстларнинг бевафолигидан қилаётган шикоятинг гуноҳларингнинг сенга қолдирган меросидир”.
Ўтганлардан бири айтган экан: “Эшагимнинг қайсарлигини гуноҳимга жазо деб биламан”.
Яна бири деган: “Уйимдаги сичқонлар гуноҳимга жазодир”.
Зотан, Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг амалларини зоеъ қилмас” (Тавба сураси, 120).
“Шубҳасиз, Аллоҳ бировга заррача зулм қилмас. Агар заррача яхшилик бўлса, уни бир неча баробар қилур ва ўз ҳузуридан улуғ ажр ато қилур” (Нисо сураси, 40).
Эътибор бер: битта яхшиликка бир неча баробар савоб. Қалб ғафлатда бўлса ҳам, тил истиғфорни одат этса, шу одат туфайли ғийбат, лаънат, беҳуда сўз каби гуноҳлардан сақланиш мумкин. Бу дунёда озгина амал қилиб, бир неча баробар савоб олишнинг маъноси мана шудир. Охиратда амалнинг бир неча баробар қилиниши эса шундай:
Баъзилар ҳусни хулқ аломатларини жамлашган. Айтишларича, ҳусни хулқлилик ҳаёси кўп, азияти оз, эзгулиги кўп, тили ростгўй, сўзи оз, амали кўп, тойилиши оз ва кераксиз гапи йўқ, яхшилик қилувчи, борди-келди қилувчи, виқорли, сабрли, шукр қилувчи, рози бўлувчи, ҳалим, мулойим, покиза, шафқатли бўлмоғидир. Лаънатловчи, сўкувчи, чақимчи, ғийбатчи, шошқалоқ, гиначи, бахил ва ҳасадгўй бўлмаслик, очиқ юзли, хушмуомала, Аллоҳ йўлида яхши кўрадиган ва Аллоҳ йўлида ёмон кўрадиган бўлиш ҳусни хулқдир. 
Шундан кўриниб турибдики латофатли, иймон эътиқодли, оила ва фарзандлари таълим тарбияси  учун жавобгар аёлларимиз авваламбор  ўзлари гўзал хулқли, иффатли, ношукрлик ва тил ғафлатидан йироқ бўлишлари шарт экан.  Тилларини истиғфор айтишга, ҳар бир қийинчилик ва синовларда шукр қилиб, гўзал хулқ, чиройли одоб ва сабрларини намоён қилиб, оила ташвишию фарзандларига,  атрофларидаги ҳамма-ҳаммага латофатли, гўзал хулқ соҳибаси эканликларини намоён қилиб юришларига тилакдош бўлиб қоламиз.
 
“Жўйбори  Калон” ўрта махсус 
ислом билим юрти мударрисаси  Г. Бафаев
naqshband.uz