Дуо қилинг, онажон…
Тўрт фарзандим бор. Уларга ёшлигидан эрта тонгда оила аъзоларига салом бериш, “Яхши дам олдингизми, яхши тушлар кўрдингизми?” деб сўрашни, мактабга кетаётганларида дуо олишни ўргатганман. Ўқишга кузатаётиб: “Сизни Аллоҳга топширдим, илмингизни зиёда этсин”, дейишни канда қилмайман. Бир юмушни бажаришса: “Барака топинг. Тупроқ олсангиз, олтин бўлсин”, дейман. Бу ҳолатдан фарзандларим қувонишади, ўзимнинг ҳам кўнглим равшан тортади.
Катта ўғлим сал аразчироқ. Қишлоқ шароити ўзингизга маълум, юмуш кўп. Айниқса, қўй-қўзи, сигир-бузоғи бор уйларда тонг отмасдан ишлар бошланади: сигирларни соғиб, тагини тозалайман, ем-хашак бераман. Болалар ҳам қарашиб туришади. Бир куни эрталаб негадир ҳаяллашди. Ишларимни тугатганимда ичкаридан уларнинг қораси кўринди. Асабийлашдим. Катта ўғлимга дакки бердим. Одати бўйича аразлади. Мактабга кетишаётганида укаси: “Дуо қилинг, онажон”, деди. Лекин каттаси менга яқин келмай, шу атрофда айланаверди. Индамай ишларим билан банд бўлавердим. Ахийри ёнимга келиб секингина: “Онажон, дуо қилинг”, деб илтижоли тикилди. Кўнглим бўшаб кетди. Уни дуо қилдим ва одам атрофдагилар олдида масъулиятни ҳис этиб туриши кераклигини эслатдим.
Орадан анча ойлар ўтди. Ўртанча ўғлим эрталаб ишга йўл олганимда: “Мени дуо қилиб кетинг”, деб кўчагача бирга чиқарди. Бир куни у яна дарвозадан кузатиб чиқди, дуо сўради. Шошаётгандим, “Вақтимни оляпсан”, дея уришиб бердим. Ерга қараганча орқасига ўгирилди. Ярим йўлга етганимда зарур нарсам эсимдан чиққанини билиб қолдим, ортга қайтдим. Барибир ишга кечикдим. Дуо олишгина эмас, дуо бериш ҳам фазилат экан. Ўшандан кейин бирор жойга бормоқчи бўлсам, аввал фарзандларимни дуо қилиб, уларни Аллоҳга топшириб, кейин йўлга чиқаман. Болалар эса дуоларим сабаб ишлари ўнгидан келганини айтиб, аъло баҳолари билан қувонтиришади. Яратганга шукроналар қиламан: “Умрингиздан барака топинг. Аллоҳ жумла мўмин қаторида қўллаб-қувватласин, мартабангизни баланд қилсин!” каби тилаклардан энг олдин ўзимнинг кўнглим кўтарилади.
Соҳиба БОБОМАТОВА
Наманган вилояти, Косонсой тумани
“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 3-сонидан