Ёнимиздаги яхши одам
Очилбек отадан эрта етим қолди. Рўзғор ташвиши бошига тушди. Ҳарна оиламга ёрдам бўлар деган мақсадда кичик ёшиданоқ колхозда турли юмушларни бажариб юрди. Шу тарзда йиллар ўтди. Уйланди, оилали бўлди…
Колхоз уни тракторчиликка ўқишга жўнатди. Қайтиб келгач, шу соҳада узоқ йиллар меҳнат қилди. Ишчанлиги, камтарлиги, меҳрибонлиги билан жамоа орасида обрў-эътибор қозонди. Колхоз ҳудудидаги ягона болалар боғчасида хўжалик мудири бўлганида ҳам тракторидан ажралмагани ҳақида ҳалигача одамлар гапириб юришади.
Болажон бўлган Очилбек ва Барчиной ўн фарзандли бўлишди. Очилбекнинг акаси оғир касалликдан вафот этгач, ундан қолган икки ўғилни ҳам бағирларига олишди. Ўз фарзандлари қаторида ўқитишди, уйли-жойли қилишди.
Очилбек ким дейсизми? Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги “Яхтанлик” маҳалласидан. Аниқроғи, бизнинг Бешкент кўчамизда туғилиб, ҳар ишда маҳалладошларига намуна бўлган ажойиб қалб эгаси. Бугун тумандошларимиз у кишини нафақат яхши одам, балки тиниб-тинчимас, куюнчак, саховатпеша инсон сифатида ҳам яхши танишади. Хусусан, маҳалламиздаги “Ахтам ота” зиёратгоҳи ва қишлоқ қабристони обод бўлишида, “Имоми Аъзам” жоме масжиди таҳоратхонаси қурилишида, “Саройлик” маҳалласидаги “Назокат” мактабгача таълим муассасаси биноси реконструкция қилинишида катта ҳиссаси бор.
Очил бобо шу билан тўхтаб қолмаган. Маҳаллада қандай хайрли иш бўлса, ёшим улуғ демай, энг биринчи майдонга тушади. Бош-қошлик қилса ярашадиган жойда томошабин бўлиб турмай, бошқалар қатори тер тўкиб ишлашдан чекинмайди.
Мен буларни Очил бобо Раҳмоновни шунчаки мақташ учун эмас (буни у киши маъқул кўрмайди), кўп борада барчамиз ўрнак олсак арзийдиган ёнимиздаги яхши одам ҳақида сизга айтгим келгани учун ёздим.
Синдор ЭРГАШЕВ
пенсионер
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 9-сонидан