Тавбани кўпайтиришнинг ҳикмати
Ҳабиб ибн Ҳорис (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ мен гуноҳларга яқин юрадиган кишиман”, дедим. Шунда у зот: “Эй Ҳабиб қачон гуноҳга йўл қўйсанг (дарҳол) Аллоҳ таолога тавба қил”, дедилар. Мен: “Яна гуноҳ қилиб қўйсамчи ё Расулуллоҳ?”, дедим. У зот: “Аллоҳга тавба қил”, дедилар. Мен: “Гуноҳлар кўпайиб кетсачи ё Расулуллоҳ”, дедим. У зот: “Аллоҳнинг авф-мағфирати сенинг гуноҳларингдан кўпдир, эй Ҳабиб”, дедилар».
Абу Абдуллоҳ (раҳимаҳуллоҳ) айтади: «Тавба (қабул муддати) банда учун жон олувчи фаришта (Азроил)га рўбарў келгунча бўлган тавбадир. Бунда инсон руҳи ғарғарага етган бўлади. (Инсоннинг) кўз ўнгида шоҳтомири узилиб хириллайди ва жон кўкрак қафасидан ҳалқумга кўчади. Мана шу вақтда ўлимга вакил қилинган фаришта ўлимни олиб келади. У инсонга ўлимни тоттиради, бундан олдин ўлим фариштасининг ёрдамчилари жонни тана аъзолари ва томирлардан ажратиб олади. Ўлимнинг жон олувчи фаришта билан келишининг вақти шоҳтомирнинг узилиши ва жон чиқишида кўкрак қафаси ва томоқдаги ғарғара ҳолатидир. Шу онда бандага ўлим (шарбати) тоттирилади ва унинг руҳи танадан учиб чиқади ва у билан бирга тириклик ҳам кетади. Энди тавба қилиш вақти ўтди. Аллоҳ таоло айтади: “…“Энди тавба қилдим” дейдиганларнинг… тавбалари эса қабул қилинмагай” (Нисо, 18). Аммо то ўлим фариштаси келиб жон чиққунча тавба қилишга имкон берилган. Тавба эшиги эртаю-кеч очиқдир. Гуноҳ қилган ҳар бир банда дарҳол тавба қилса, у Аллоҳга қайтади. Гуноҳнинг давоси тавба бўлиб, у бандага шифо ва гуноҳ қилишга бўлган хоҳишини сўндиради. Юқоридаги ривоятда келган Ҳабиб ибн Ҳориснинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “Гуноҳлар кўпайиб кетсачи ё Расулуллоҳ”, деганида У зот: “Аллоҳнинг (афв) кечирими (мағфирати) сенинг гуноҳларингдан кўпдир”, деганларининг мазмуни шуки, Аллоҳнинг бандага фазл-марҳамати банданинг нуқсонидан кўпдир. Банда ҳар сафар гуноҳ қилиши оқибатида Раббисидан узоқлашиб боради, натижада хато-нуқсонлари кўпайиб боради ҳамда кишининг (Аллоҳ наздидаги) қадр-қиммати пасаяди, дедилар».
Абу Абдуллоҳ (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Аллоҳнинг бандага фазлу-марҳамати, банданинг камчиликларидан кўпдир”. Чунки Аллоҳ бандасини ўз саховати ва буюклиги билан сийлайди. Банда эса, хасис ва очкўзлигидан хатога йўл қўяди. У бир хатога йўл қўйса, Аллоҳ унинг хатосини яшириш билан сийлайди, натижада банданинг айбу нуқсони кўринмайди. Агар унинг гуноҳи кўп бўлса, Аллоҳнинг (яшириш) пардаси банданинг гуноҳлариданда кўпдир. Агар банданинг айбу нуқсони кўпайса, Аллоҳнинг фазли унданда ортиқдир. Унинг бандаларига фазл-марҳамати жамолидандир. Банда эса айбу нуқсонлари билан Раббисининг ҳузурига келади. Зеро, Ўз фазли, саховати ва жамоли билан сийлаши туфайли Раббисининг ҳузури банданинг умидлар билан қайтишига энг ҳақли ўриндир. Банданинг Раббисига тавба қилиб қайтиши ҳам Унинг фазли-марҳаматидан бўлиб, қанчадан-қанча гуноҳкорларни Ўз фазлидан дариғ тутиб, тавфиқ-ҳидоят ва тавбадан маҳрум қилиб, ғазабига дучор қилган.

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг
“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 30000 сўм