Халил Иброҳим Сорий ўғли Ғиждувоний ҳақида
Халил Иброҳим Сорий ўғли Салоҳиддин ибн Муборак Бухорийнинг «Анис ут-толибин ва уддат ус-соликин» («Толибларнинг дўсти ва соликларнинг яроғи») номли асарини чоп эттирган олим.
Салоҳиддин ибн Муборак Баҳоуддин Нақшбанднинг муридларидан бири бўлиб, у 723/1322 йилда туғилиб, 793/1390 йилда вафот этган. У 785/1383 йили Алоуддин Аттор воситасида Баҳоуддин Нақшбанд билан танишади. Бу пайтда муаллифнинг ёши 63да, Нақшбандники эса 67да бўлган. Салоҳиддин ибн Муборакнинг Баҳоуддин Нақшбанд ҳамда унинг яқинлари ҳақида ёзган асари нақшбандия тариқати ҳақидаги ишончли манбалардан бири ҳисобланади.
Халил Иброҳим Сорий ўғли «Анис ут-толибин»нинг 823/1420 йилда кўчирилган қадимий нусхасини топиб, бошқа нусхаларга солиштирган ҳолда нашрга тайёрлаган ва уни Теҳрондаги Кайҳон нашриётида 1371/ 1951 йилда нашр эттирган. «Анис ут-толибин» асари нақшбандия тариқатининг тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб, у ҳозиргача олимлар томонидан чуқур тадқиқ этилмаган ва ўзбек тилига ўгирилмаган. Бу китоб Туркияда таржима қилиниб, нашр эттирилган[1].
Халил Иброҳим Сорий ўғли мазкур асарнинг нашрига салмоқли илмий мақола илова қилган. Бошқа бир қатор тариқатларнинг раҳнамолари ва хусусиятларидан сўз юритган. Хожагонлар тариқатига алоҳида эътибор бериб, бу тариқат
вакилларининг одоб-арконларини бирма-бир санаб ўтган. Жумладан, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳақида ҳам маълумот берилган.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний Мовароуннаҳрнинг машҳур шайхларидан эди. У хожагонлар силсиласининг ҳақиқий асосчиси ва бунёдкори бўлиб, нақшбандия тариқатидаги 11 та усулнинг саккизтасини асослаб берган. Шунинг учун уни «Хожагонлар табақасининг capдафтари ва бу азизлар сарсилсиласининг сарҳалқаси» деб атайдилар.
Унинг отаси Абдулжамил замона ҳодисалари туфайли ўз яқинлари билан Мовароуннаҳрга ҳижрат қилиб, Ғиждувонда истиқомат қилганлар. Ғиждувоний шу ерда таваллуд топган. У 22 ёшга етганда Бухорода Юсуф Ҳамадонийдан тариқатни ўрганган. Хожа Юсуф Ҳамадоний Хуросонга кетгач, Абдулхолиқ риёзат, хилват ва меҳнатга киришади. У вафот этгунча,
яъни 575 (1179) йилгача халқни Ҳақ йўлга даъват этади. Вафот этгач, жасадини Ғиждувонда дафн этадилар.
Баҳоуддин Нақшбанд ўзини Абдулхолиқ Ғиждувоний руҳонияти орқали тарбияланган деб ҳисоблайди. Шунинг учун нақшбандия тариқати Абдулхолиқ Ғиждувоний таълимоти асосига қурилган. Абдулхолиқ ўз тариқатини қуйидаги саккизта ибора устига қурган: “Ҳуш дар дам”, “Назар бар қадам”, “Хилват дар анжуман”, “Сафар дар ватан”, “Ёдкард”, “Бозгашт”, “Нигоҳдошт”, “Ёддошт”. Баҳоуддин Нақшбанд бу саккизта иборага ўзининг учта иборасини қўшди: “Вуқуфи қалбий”, “Вуқуфи ададий”, “Вуқуфи замоний”.
Абдулхолиқ ўз халафлари бўлмиш нақшбандийлар каби ўртача йўл тутувчи сўфийлардан эди. У суннат ва шариатга доимий амал қилувчи эди. Жаҳрия зикрига мункир эди. Хуфия зикрни зикр деб биларди. «Рашаҳот» муаллифининг
ёзишича, Хизр унга «пири сабақ» (сабоқ пири) бўлса, Хожа Юсуф «суҳбат ва хирқа нири» эди.
[1] Салоҳиддин Муборак Бухорий. Шоҳи Нақшбанд. Кўнгиллар наққоши. “Анис ут-толибин ва уддат ус-соликин”. Истанбул. 2003. Асар муқаддимасида келтирилишича, Баҳоуддин Нақшбанд ҳаётлик чоғида муаллифга бу каби асарни ёзишга рухсат бермайди. Фақат у зотнинг вафотидан кейин Баҳоуддин Нақшбанд томонидан маънавий ижозат берилгач, Салоҳиддин Муборак Бухорий
ушбу асарини ёзади.

Абдулхолиқ ҒИЖДУВОНИЙнинг
“Мақомати Юсуф Ҳамадоний” (Рисолаи соҳибия) “Васиятнома” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 10500 сўм