Ўзбекистон янгиликлари

BBC: Ўзбек миллий таомлари фойдали

Чоп этилди Noyabr 21, 2019 BBC: Ўзбек миллий таомлари фойдалиda fikr bildirishni o'chirish

Шу йил апрель ойида The Lancet журнали овқат туфайли ҳаётдан кўз юмиш бўйича глобал миқёсда ўтказилган тадқиқотлар натижасини эълон қилган эди. Унга кўра, 2017 йилда ҳар бешта ўлимнинг биттаси нотўғри овқатланиш оқибатида келиб чиққани, Ўзбекистон бу борада “етакчилар” қаторидан жой олгани қайд этилган эди.

Аммо дунё масс-медиа оламидаги энг нуфузли манбалардан бири бўлган BBCʼнинг мамлакатимиз билан боғлиқ ушбу маълумот бўйича қараши мутлақо бошқача экан.

Ушбу ОАВ соғлиқни сақлаш соҳасидаги экспертларнинг фикрларига асосланиб,  ўзбек миллий таомлари жуда кўп фойдали жиҳатларга эга эканлигини эътироф этган.

“Буюк Ипак йўлида жойлашган Ўзбекистон бошқа давлатлар билан маҳсулотлар ва ғоялар айирбошлаган диёри бўлган. Бу ўз навбатида мамлакат ривожи учун имконият яратган: ажойиб нақшлар, ҳунармандчилик маҳсулотлари, санъат намуналари ва айниқса, таомлар бунинг исботидир”, – дейилади мақолада.

“Агар айрим овқатлар сергўшт бўлса, бошқалари ун, гуруч, сабзавотлар ва зираворлардан таркиб топган. Ўзбек ошпазлари ушбу ингидриентлардан чучварадан тортиб кабобгача бўлган бир-биридан бетакрор таомлар тайёрлашади”, – дея таъкидланади унда.

Материалда ҳар бир ҳудуд бўйича ўзбек таомлари рецептлари алоҳида келтириб ўтилган. Уларнинг ичида сомса, лағмон, норин, шўрва, кабоб, патир ва албатта, палов энг машҳурлари сифатида қайд этилган.

“VIII асрда бу ерда ислом дини ёйила бошлади ва шаҳарларда масжид ҳамда мадрасалар сони кўпайди. Бухоро бу борада муҳим аҳамият касб этиб, ғоя алмашиш учун бутун мусулмон оламидан мутафаккирлар йиғиладиган таълим маркази ҳисобланган. Айнан мана шундай муҳитда ўзбек ошхонаси ҳам ривожлана бошлади. Буюк Ипак йўли бўйлаб савдогарларнинг ҳаракати ғаройиб натижалар тақдим этди. Бугун ўзбек миллий ошхонасида турк, қозоқ, уйғур, мўғил ва бошқа маданиятлар таъсирини кўриш мумкин”, – дея тўхталиб ўтилган мақолада.

Шу ўринда Ўзбекистонда энг машҳур таом сифатида палов эътироф этилиб, у барча байрам ва алоҳида кунларда дастурхонга тортилиши айтиб ўтилган.

Гастроэнтеролог Лола Абдураҳмонованинг фикрича, муаммо миллий таомларда эмас, балки ўзбек халқининг турмуш тарзидадир. Мутахассиснинг айтишича, кун бўйи меҳнат қиладиган одамлар учун ўзбек таомлари жуда фойдали, фақат уларни меъёрида истеъмол қилиш керак.

“Соғлиқ билан боғлиқ муаммолар учта ҳолатда келиб чиқади: овқатни меъёридан ортиқ тановвул қилиш, кам ҳаракат турмуш тарзи ва менюда ранг-барангликнинг йўқлиги”, – дейди у.