Хом гапга пишиқ жавоб: Нозик қўлга эмас, қонли кўнгилга қаранг
Тамғочхон сиёсати тўғрисида ёзилишича, бир йигитни ўғриликда айблаб унинг ҳузурига келтирдилар. Йигит сўз билан таърифлаб бўлмас даражада соҳиби ҳусн эди.
Подшоҳ Тамғоч буюрди:
– Шаҳар чорсусига элитиб, қўлини кесинглар.
Давлат аъёнлари буни эшитиб фиғон кўтардилар ва салтанат яқинлари саллаларини бошларидан олиб фарёд қилдилар:
– Эй подшоҳ, бу йигитнинг гуноҳидан ўтгин, унинг гуноҳини бу камина мулозимларга бахшида қилгин!
Подшоҳ:
– Менинг бу ҳукмга дахлим йўқ. Аллоҳ таоло ўғрининг қўлини кесишни буюрган, – деди.
Улар яна:
– Эй подшоҳ, унинг қўлини кесмоқ хайфдир, бизнинг у қўлга раҳмимиз келади, – дедилар.
Подшоҳ:
– Ўғрининг нозик қўлига қараманглар, мол эгасининг қонли кўнглига қаранглар, унга нисбатан бу ғам сизларга кам кўринади, – деди.