ЗАРУРИЙ ФИҚҲИЙ МАСАЛАЛАР. Сафарга чиққан кишининг намози
Баъзи шаръий ҳукмлар ўзгаришига сабаб бўладиган масофанинг энг ози йилнинг энг қисқа кунларида дам олиш (овқатланиш, қазои ҳожат ва намоз ўқиш) билан ўртача юришда босиб ўтиладиган уч кунлик йўлдир. “Ўртача юриш”дан мурод қуруқликда туянинг ва пиёданинг юришидир; тоғда эса унда (уч кунда) туянинг ва пиёданинг етиб борадиган масофаси эътиборга олинади. Денгизда эса ўртача шамол эсганда уч кунда кема етиб борадиган масофа ҳисобга олинади.
Намозни қаср ўқиш
Мазкур ўртача юришда уч кунда босиб ўтиладиган масофага сафарга чиқишни ният қилган киши ўзи яшаётган жойнинг уйларидан ё яшаш жойининг унга туташ фаносидан ўтса, тўрт ракатли фарз намозларни икки ракат қилиб ўқиши лозим. Агар яшаш жойи билан фаноси ўртасида экинзорлар бўлса ё фано яшаш жойидан тўрт юз қадам узоқда бўлса, намозни қаср қилиш учун ундан ўтиш шарт эмас.
Шаҳар, қишлоқ аҳолиси учун зарур бўлган ерлар – қабристон ва от югуриш майдонлари кабилар шаҳар ва қишлоқ фаноси ҳисобланади.
Сафарнинг шартлари
Бу уч нарса бўлганда: сафарга чиқмоқчи бўлган мустақил ҳукм қила оладиган ва балоғатга етган бўлса ҳамда бориладиган масофа уч кунлик йўлдан кам бўлмаса, сафар нияти дуруст бўлади. Шунинг учун сафарни ният қилган киши яшаш жойидаги уйлардан ўтмаган, ўтган бўлса-да, ёш ё эрига эргашган аёл, ё хожасига эргашган қул, ёки бошлиғига эргашган аскар бўлса, ёхуд уч кунлик масофадан яқин жойга бориш ният қилинган бўлса, тўрт ракатли фарз намози қаср қилинмайди. Зеро, сафар ва иқомат борасида эргашганларнинг эмас, аслнинг (эр, хожа, бошлиқ) нияти ҳисоб бўлади.
Мусофирнинг қаср намозини ўқиш ҳукми
Бизнинг мазҳабимизда мусофир сафарда намозни қаср ўқиши азиматдир (яъни, қаср ўқиш лозим). Мусофир тўрт ракатли фарз намозларини тўлиқ ўқиса, агар олдинги қаъдада ўтирган бўлса, намози дурустдир, лекин макруҳ бўлади. Агар олдинги қаъдада ўтирмаган бўлса, намози дуруст бўлмайди. Бу (охирги) ҳолда фақат учинчи ракатга турганида иқоматни ният қилса, намози дуруст бўлади.
Қаср муддати ва иқомат нияти
Мусофир ўз диёрига қайтгунича ёки уч кунлик масофадаги шаҳар (қишлоқ)да ўн беш кун туришни ният қилмагунича тўрт ракатли фарз намозларини қаср ўқийди.
Агар уч кунлик масофадаги шаҳар ё қишлоқда ўн беш кундан оз муддат туришни ният қилса ёки ният қилмай, эрта-индин кетаман, деб йиллар давомида ўша жойда қолса ҳам, тўрт ракатли фарз намозларини қаср ўқийди.
Икки шаҳарда, улардан бирида тунашни аниқламай, иқоматни ният қилиш ҳамда чўл ва адирларда иқоматни ният қилиш дуруст эмас.
Шунингдек, душман ерларида бўлган ва ўз ерларимизда боғийларни қуршовга олган аскарларнинг ҳам иқоматни ният қилишлари жоиз эмас.
Лекин чодирларда яшовчи кўчманчиларнинг чўл ва адирларда иқоматни ният қилиши дурустдир.
Мусофирнинг муқимга ва муқимнинг мусофирга иқтидо қилиши
Мусофир вақти кирган намозни, уни ўқиётган муқимга иқтидо қилса бўлади ва бу ҳолда у тўрт ракатли фарз намозини тўлиқ ўқийди. Аммо намоз вақти ўтган бўлса, уни ўқиётган муқимга мусофирнинг иқтидо қилиб ўқиши дуруст эмас. Аксинча, шу икки ҳолатда ҳам мусофирга муқим иқтидо қилиши дуруст.
Мусофир муқимларга имом бўлса, салом бергач, “намозингизни тамомланг, мен мусофирман”, дейиши мустаҳабдир. Лекин намозни бошламасдан олдин ана шундай дейиши вожиб. Мусофирга иқтидо қилган муқимлар мусофир имом намозни тамом қилганидан (салом бергандан) сўнг туриб, қолган икки ракатни қироат қилмай (қиёмда, бир тасбеҳ миқдорича туриб) ўқишади.
Вақтида ўқилмаган намозларнинг қазоси
Мусофир вақтида ўқимаган тўрт ракатли намозни муқим бўлганида қаср (икки ракат) ўқийди. Муқим вақтида ўқимаган тўрт ракатли намозни сафарда ўқиса тугал, тўрт ракат ўқийди.
Доимий яшаш жойини иккинчи доимий яшаш жойи бекор қилади. Яъни, янги доимий яшаш жойидан олдин доим яшаган жойига борган киши, орадаги масофа уч кунлик йўл бўлса, тўрт ракатли фарз намозларини қаср ўқийди. Иқомат жойини янги иқомат жойи, сафар ва доимий яшаш жойига қайтиш бекор қилади. Бу ерда: доимий яшаш жойидан мурод киши туғилган ё уйланиб яшаётган ёки ҳамиша яшашни қасд қилган жойдир. Иқомат жойидан мурод киши ўн беш кун ё ундан кўп туришни ният қилган шаҳар ё қишлоқдир.
Муҳаммадшариф ЖУМАН тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 10-сонидан