Кўзларида шукрона кўрдим
Жамоат транспортида борардик, баъзида кимлардир ўзи билмасдан йўл қўядиган хато такрорланди: ўриндиқлар ўртасида тик турган аёл эшикдан чиққан катта ёшли кишига:
- Бу ёққа келинг, жой беришади, – деди ва орқасига ўгирилиб ўриндиқда ўтирган йигирма ёшлардаги қизга “жой бўшат” маъносида қаради.
- Хўп, – дея қиз асдойдил қўзғала бошлади ва… у нариги ёнбошига суяб қўйган қўлтиқтаёғини тиккалатганда, атрофдагилар ноқулай вазиятдан тараддудланиб қолишди. Қизнинг бир оёғи ногирон – ўсмай қолган экан.
- Мен билмабман, – деди уни жой бўшатишга ундаган аёл. – Ўтиринг…
Лекин бу вақтда қиз йўлакка тушиб қўлтиқтаёғига суяниб олганди.
- Ўтир, қизим, бошқа ёшлар бор, – деб мўйсафид нари юрмоқчийди, қиз чин дилдан илтифот қилди:
- Йўқ, сиз шу ерга ўтиринг, мен яқинда тушаман.
Отахон дуо билан ўринга жойлашди. Автобусда яна бир, икки… беш бекатни босиб ўтдик. Қиз қаддини тик тутганча борарди. Манзилимга яқинлашганда эшик томон ўтарканман, меҳрим товланиб орқамга ўгирилдим: кулимсираб деразадан ташқарини кузатиб бораётган қизнинг кўзларида Аллоҳ ўзига насиб этган неъматлару қисматга шукрона, розилик порлаганини кўрдим.
Муҳтарама УЛУҒОВА
“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 21-сонидан