МУЛОҲАЗА: Келин фарзанд эмасми?
Яқинда шаҳримиз маҳаллаларидан бирида яна бир оилавий келишмовчилик муҳокамасида қатнашдик.
22 ёшли аёлнинг икка яшар фарзанди бор, 17 ёшида келин бўлиб тушган. Лекин шу пайтгача эрининг хонадонига рўйхатга қўйилмаган. Қайнонанинг фикрича, келини оилавий ҳаётга умуман тайёр эмас. Куёвнинг эса хотин билан иши йўқ, куни билан ишлайди ва кўнглига ёққан аёл билан яшаб келмоқда. Қайнона ҳар ҳафтада келинни уйига жўнатиб юбораркан. Фарзанди отасиз ўсишини, рўзғори бузилишини асло истамаган аёл аро йўлда қолган. Ажрашса, ота уйида яшашига имкон йўқ. Унга ёрдам бериши мумкин (ва шарт) бўлган одамлар: ўзи совчи бўлиб келинликка танлаган қайнона ва икки ёшли гўдакнинг отаси – куёв. Лекин улар болали аёлни турар жой билан таъминлаш ҳақида сўз кетганда, келиннинг “ўз уйларида пропискада” эмаслигини рўкач қилиб, ҳеч кимнинг гапини эшитишни хоҳлашмайди.
Фаоллар, масъул ташкилотлар вакиллари бамаслаҳат, ҳамкорликда бу аёл ўғилчаси билан яшаётган уйида истиқомат қилишга ҳақли экани, уларни зўрлик билан ёки ҳайдаб чиқариш қонунга хилоф эканини тушунтирдик. Ҳозирча яшаб туришибди. Аммо орадаги муомала-муносабатлардан хулоса чиқариладиган бўлса, келинга кун бермай келган қайнона, уйида никоҳли хотини, боласи бўла туриб бошқа аёл билан яшаган эр инсофга келиши қийинга ўхшайди…
Тассуфки, шунга ўхшаган ноҳуш воқеалар аҳён-аҳёнда учраб турибди. Маҳалла-кўй, қариндош-уруғлар бундай ҳолатлардан хабар топади. “Ёшгина қизни синалмаган жойга узатишган экан-да…” деб ачинамиз-у… ҳеч қанча вақт ўтмай, “яхши жойдан совчи келгани учун қизини узатиб юборгани”дан куйиб қолганлар яна ўзимизнинг орамиздан чиқади. Бу йил мамлакатимизда қизларнинг қонуний никоҳ ёши ўн саккиз деб белгиланиши хайрли мақсадлар билан боғлиқ, албатта. Лекин оила, оналик, келинлик, хотинлик сир-асроридан мутлақо хабарсиз, жисмонан, муҳими, маънан балоғатга етиб-етмаган эса-да, “жойи чиқиб қолгани” учун шошма-шошарлик турмушга узатилган қизлар ҳаётнинг кутилмаган синовларидан ўтиши осон эмас.
Яна бир мулоҳаза: келин бўлиб тушганига неча йиллар ўтса-да, хонадон аъзолари рўйхатига киритилмаганлар учраб турибди. Уларнинг ўзи, ҳатто ота-оналари ҳам қудаларига: “Қизимиз энди сизларнинг фарзандингиз бўлди. Уни ўз оила аъзоларингиз қаторида рўйхатга қўйинглар”, дегани истиҳола қилишади. Натижада юқоридаги каби ҳолат юз бериб қолса, келин (болалари билан) ё эрникига, ё ота уйига сиғмай сарсон бўлади. Менимча, маҳаллалар нозири, фаоллари ҳушёрлик, ташаббускорлик билан келин тушган хонадонларда бу масалага қизиқишимиз, керак бўлса, келин эрининг уйига рўйхатдан ўтишига бош бўлишимиз керак. Зеро, инсонийлик, шариат қонунларини айланиб ўтмоқчи бўлганлар давлат қонунларига чап бериб бўлмаслигини, жавобгарлик жиддий эканини ҳис этиб, ўйлаб қадам боссалар.
Санобархон ОЛИМОВА
Қўқон шаҳар маърифатпарвар аёллар уюшмаси аъзоси
“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 21-сонидан