Пайғамбар алайҳиссаломдан дуо олган зот
Сайёр ибн Рабиа ривоят қилади: Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) айтади: «Бир куни онам билан бирга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурига бордик. Онам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га: “Ходимингизнинг ҳаққига дуо қилинг”, деганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Аллоҳ, бунинг молу дунёсини кўп қилиб, умрини узоқ қилгин ва гуноҳларини мағфират айлагин”, дедилар».
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу): “Анас ибн Моликдан бошқа Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намозларига ўхшаш намоз ўқийдиган бирор-бир кишини кўрмадим”, деган.
Сумома ибн Абдуллоҳ: “Анас ибн Молик намозда қиёмни узоқ қилар эди, ҳатто оёқларидан қон чиқиб кетарди”, деган.
Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) Анасни Баҳрайнга юбориш ҳақида Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан маслаҳат сўраганида, Умар Анаснинг тақвоси ва узоқ вақт Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга яшаганини эътиборга олиб: “У оқил йигитлардан эди”, деб мақтаган.
Анас (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга Бадр ғазотидан ташқари барча ғазотларда иштирок этди. Бадр ғазотида ёши кичик бўлгани сабабли қатнаша олмаган.
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ҳадис ривоят қилишда ҳаммаси бўлиб 2286 та ҳадис ривоят қилиб, Абу Ҳурайра ва Ибн Умар (розияллоҳу анҳумо)дан кейинги ўринларни эгаллади. Анас ибн Моликдан Ибн Сирин, Собит Баноний, Қатода, Ҳасан Басрий, Зуҳрий ва бошқалар ҳадис ривоят қилган. Анас (розияллоҳу анҳу) ҳаётининг охирида Басрага кўчиб ўтган ва ўша ерда ҳижратнинг 93-йили вафот этган. Уни Муҳаммад ибн Сирин ювиб, Қатода ибн Мудрик жанозасини ўқиди. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)да Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан қолган ҳассача бўлиб, васиятларига биноан вафотларидан кейин ҳассача у киши билан бирга кўмилди.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 34000 сўм