Янгиликлар

Ўзбекистондан Россиянинг 10 та шаҳрига янги автобус қатнови йўлга қўйилади

Чоп этилди Noyabr 29, 2019 Ўзбекистондан Россиянинг 10 та шаҳрига янги автобус қатнови йўлга қўйиладиda fikr bildirishni o'chirish

Шу йилнинг декабрь ойидан бошлаб Ўзбекистондан Россиянинг Москва, Самара, Петербург, УФА каби 10 та шаҳрига мунтазам автобус қатнови йўлга қўйилади.

ЎзАнинг хабар беришича, автотранспорт хизматини ривожлантириш борасида Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан йирик лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, Uzavtotrans Service МЧЖ корхонасига банк томонидан 20 миллион доллар кредит маблағи ажратилган бўлиб, ушбу маблағ ҳисобидан корхонага Хитойнинг Zhengzhou Yutong Bus Co Ltd компаниясидан 168 дона замонавий автобус ва эҳтиёт қисмлар олиб келинган.

Фото: ЎзА

Uzavtotrans Service МЧЖ корхонаси томонидан шу йилнинг келаси ойи — декабрдан бошлаб Россиянинг 10 шаҳрига мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.

«Айни пайтда 19 та маҳаллий ва 10 халқаро, жами 29 та йўналиш бўйича йўловчиларга хизмат кўрсатяпмиз. Келаси ойдан бошлаб халқаро йўналишлар яна 10 тага ортади. Йўналишларга замонавий 168 та автобус қўйилган бўлиб, йўловчилар учун барча қулайлик мужассам», — деган Uzavtotrans Service МЧЖ бош директори А.Ҳамролиев.

Фото: ЎзА

Қайд этилишича, бу борада корхона томонидан хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, йўналишга чиқаётган ҳар бир автобус техник, ҳайдовчилар эса тиббий кўрикдан ўтказилади, автобусларнинг санитар ҳолати мунтазам назорат қилинади. Қатнов жараёни эса GPS тизими орқали онлайн тарзда назорат қилиб борилади.

Шунингдек, «Тошкент» автовокзалида ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Жумладан, мажмуа шу йилнинг май ойида фойдаланишга топширилиб, у ерда бир вақтнинг ўзида 2 мингдан зиёд йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилган.

Фото: ЎзА

Автошоҳбекатда диспетчерлик хизмати, чиптахона, кутиш зали ва VIP залда йўловчилар учун барча шароитлар яратилган. Меҳмонхона, она ва бола ҳамда тиббиёт хоналари, савдо дўконлари, кафе-бар, миллий таомлар ошхонаси кеча-ю кундуз йўловчиларга хизмат қилмоқда.

Аввалроқ Тошкентдан Қозоғистоннинг Хоргос ва Петропавлск шаҳарларига автобус қатнови йўлга қўйилган эди.