Хом гапга пишиқ жавоб: Пасткашликнинг оқибати саховатдан маҳрумликдир
Ҳикоя қилишларича, ғоятда саховатли бир подшоҳ бор эди. Бир куни яқинларининг биридан:
– Эй фалончи, бир кишига юз минг дирҳам эҳсон қилишни ният қилдим, нима дейсан шунга? – деди.
У:
– Бу қадар кўп пулни бир кишига бериб бўлмайди, шунинг учун уни юз кишига беринг, – деди.
Подшоҳ:
– Агар ярмини бир кишига берсам-чи? – деди.
У яна:
– Жуда кўп, – деди.
Подшоҳ:
– Учдан бирини берсам бўлар? – деди.
У:
– Ҳануз кўпдир, – деди.
– Тўртдан бирига нима дейсан?
– Барибир кўп.
Алқисса, у пасткаш ўндан бирига қарор қилди ва деди:
– Агар-чи кўп бўлса ҳам аммо бир кишига ҳадя қилсангиз бўлади, – деди.
Подшоҳ:
– Эй бедавлат, мен бу маблағни сенга бераман деб ният қилган эдим, ҳам ўзингни ундан маҳрум этдинг, ҳам мени саховатдан ман қилдинг, – деди.