Мақолалар

Намоздаги фарқли ҳаракатлар

Чоп этилди Noyabr 29, 2019 Намоздаги фарқли ҳаракатларda fikr bildirishni o'chirish

Ўрта Осиё халқлари минг йиллардан бери ҳанафий мазҳабга амал қилиб келади. Аҳли сунна вал-жамоа саналган тўрт фиқҳий мазҳаб ичидан ҳанафий мазҳабига амал қилиш бизнинг диёрда вожиб даражасига етган. Шуни кўп уламолар таъкидлайдилар. Чунки бу минтақада бошқа мазҳаб олимлари ҳам, китоблари ҳам топилмайди.

Масжидларимизда баъзи ўрта ёш намозхонлар такбири таҳрима, қўл боғлаш, оминни жаҳрий айтиш, имом орқасидан қироат қилиб туриш сингари масалаларида ихтилоф чиқармоқда. Натижада намозхонлар ўртасида бир-бирини айблаш, гуноҳкорга чиқариш ва ёмон кўриш каби катта гуноҳ ишлар содир бўлмоқда. Бундан ҳушёр бўлишимиз лозим. Чунки катта фитналар кичик ихтилофлардан бошланади.

Бундай кишилардан: “Нега ихтилоф чиқаряпсиз?”, – деб сўралса, “Биз Қуръон ва ҳадисга амал қиламиз” ёки “Шу масалада Шофиъий мазҳабнинг йўлини тутганмиз”, – дейишади.

Таъкидлаймизки, фиқҳий мазҳабга амал қилиш – Қуръон ва суннатга амал қилишдир! У мазҳабдан бир масалани, бошқа мазҳабдан бошқа масалани олишни уламоларимиз “талфиқ” дейдилар ва бунинг ҳукми ҳаромдир. Бундай ишни қилиш эса катта гуноҳдир.

Бу ихтилофларнинг ечими сифатида турли фитналарни енгиб, минг йиллардан келаётган Аҳли сунна вал-жамоа эътиқоди ва ҳанафий мазҳабига амал қилиш, деб биламиз. Ана шунда бутун куч-ғайратимиз фойдали ишларга сарф бўлади.

Ихтилоф ва фирқаларга бўлиниб, уруш-жанжал ва низолар келтириб чиқариш ҳаромдир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: “Ихтилоф қилманглар, яна қалбларинг ҳар хил бўлиб қолмасин!” (Имом Муслим ривояти).

Фирқаларга бўлиниш ва ихтилофларга сабаблардан бири – илмсизлик, динни яхши тушунмасликдир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон динини кимлиги номаълум кимсаларнинг узуқ-юлуқ маърузалари ёки интернетда ин қуриб олган қўштирноқ ичидаги “мулла”лардан эмас, балки мўътабар олимлар, устозлар ёзиб кетган китоблардан ўқиб-ўрганиши керак. Ўқиганда ҳам, бир бошидан, тартиб билан, соддадан мураккабга қараб ўқиш, тушунмаганларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан эътироф қилинган, элимиз таниган ва халқ ҳурматини қозонган илм аҳлидан сўраб билиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни ихтилофлардан асрасин! Ўзаро аҳл-иноқ бўлиб яшашни муяссар айласин!

Манбалар асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими ходими

Ҳикматуллоҳ ТОШТЕМИРОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 21-сонидан