МИНТАҚА: Канаданинг машҳур масжидлари
Канада – Шимолий Америкадаги турли миллатлар, конфессиялар ва ирқлар ўзаро ҳурмат-эҳтиром билан ҳаёт кечираётган ажойиб давлат. Мамлакатда Ислом насронийликдан кейинги иккинчи ўринда туради.
Мамлакат пойтахти Оттавада кўплаб ливанлик, жанубий осиёлик, сомалилик мусулмонлар ҳаёт кечиради. Торонто, Оттава ва Монреал билан бирга бошқа йирик шаҳарларда ҳам мусулмонлар бор.
Канадада ҳашамдор масжидлар кўп. Калгаридаги “Байтун нур” масжиди маҳобатли гумбазларга эга энг йирик жомедир. Торонтодаги “Жоме” масжиди қадимий масжидлардан.
Онтариодаги “Тариқ” масжиди магистраллар бўйида жойлашган. Масжидда кутубхона, автотураргоҳ ишлаб турибди. Юқори даражадаги хавфсизлик тизими ибодатларни эмин-эркин адо этиш имконини бермоқда.
Сент-Жонсдаги “Нур” масжиди Сент-Жонс шаҳридаги биринчи ва ягона масжиддир.
“Торонто” масжиди шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган. Бу ерга мегаполиснинг исталган нуқтасидан етиб келиш осон.
Монреалдаги “Ас-салом” масжиди тунда беқиёс манзара касб этади. Намозхона тинч ва сокин, ибодат қилиш учун ниҳоятда қулай.
Гамильтон шаҳар масжидида турли тадбирлар, жумладан, ҳар йили баҳорги китоб кўргазмаси ташкил этилади.
“American Thinker” нашри эълон қилган материалда канадалик мусулмонлар сони ҳар ўн йилда икки баробар ортаётгани айтилган. 1854 йили Канадада бор-йўғи уч киши мусулмон эди, 2011 йилга келиб уларнинг сони 1,05 миллионга етди.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 10-сонидан