Шариф шаҳар шарофати
(Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла ЭЛОВ билан суҳбат)
– Ассалому алайкум, муҳтарам домла! Хабарингиз бор, 2007 йили Тошкент шаҳри Ислом маданияти пойтахти бўлган эди. Орадан 13 йил ўтиб юртимиздаги яна бир шариф шаҳар – Бухоро ҳам шу номга лойиқ кўрилмоқда. Аввало, юртимиз мўмин-мусулмонларига фахр бағишлаган шу воқеа ҳақида тўхталсангиз.
– Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ. Ислом ҳамкорлик ташкилотининг “Фан, таълим ва маданият” (ISESCO) тузилмаси ҳар йили бири араб мамлакатларидан, бошқаси Осиё ва учинчиси Африкадаги мусулмон давлатлардаги учта шаҳарга “Ислом маданияти пойтахти” унвонини беради.
Ташкилотга аъзо мамлакатларнинг маданият вазирлари IX Ислом конференциясида 2020 йилда Бухоро, Қоҳира (Миср) ва Бамако (Мали) шаҳарлари Ислом маданияти пойтахти сифатида тасдиқланди.
– Дунёда Ислом тамаддунига бешик бўлган диёрлар кўп. Мисол учун, Шом, Ироқ ва ҳоказо. Шунча шаҳарлар турганда, нега айнан Бухоро улуғ номга муносиб кўрилди?
– Аслида Бухорои шариф бир неча асрлар давомида Ислом маданияти пойтахти бўлиб келган, десак янглишмаймиз. Унинг “Қуббатул Ислом”, яъни “Ислом гумбази” деб номлангани ҳам бежиз эмас. Ташкилот томонидан шаҳарнинг Ислом маданияти пойтахти деб эътироф этилиши асрлар давомида ушбу шаҳар ва унда етишиб чиққан олимларнинг Ислом цивилизациясига ҳисса қўшганининг тасдиғи ҳисобланади.
Милоднинг IХ асри бошларидаёқ Бухоро “Қуббатул Ислом” – “Ислом динининг гумбази” дейилган. Наршахий гувоҳлик беришича, машҳур фақиҳ Абу Ҳафс Кабир Бухорий (767–832) туфайли шаҳар шу номга сазовор бўлган. Бухоронинг шонли тарихида шайх Сайфиддин Боҳарзий (1190–1261) фаолияти туфайли шаҳарнинг шуҳрати Ислом оламида янада юксалди. Шу сабабли орадан тўрт аср ўтгач, ХIII асрдан бошлаб унга янги сифат – “шариф” сўзи қўшилиб, у Бухорои Шариф, яъни шарофатли Бухоро номи билан юритиладиган бўлди.
– Бухоро фақат масжидлари билан эмас, балки мадрасалари билан ҳам машҳур. Бу шаҳарнинг Ислом маданияти пойтахти номини олишда таълим соҳасининг ҳам алоҳида ўрни бор. Шундай эмасми?
– Муқаддас динимизда илмга алоҳида эътибор қаратилиб, олимларнинг мавқеи жуда юксак экани таъкидланади. Қуръони каримда “илм” сўзи 814 марта зикр этилган. Жумладан, бир ўринда бундай марҳамат қилинади: «Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар» (Зумар сураси, 9-оят).
Ҳадисларда ҳам илмга ташвиқ этилиб, “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, дейилган (Имом Ибн Можа ривояти). .
Бухорога XIX асрда сафар қилган Е. Мейендорф эса Бухоронинг Ислом оламида тутган ўрнини қуйидагича таърифлайди: «Кўплаб мадрасалари, алломалари ҳамда муборак қадамжолари туфайли мусулмонларнинг зиёратгоҳига айланган. Эҳтимол шунинг учун у “шариф” номига сазовор бўлгандир».
Шариф шаҳар шарофати
XX асрнинг бошларида Бухорода мадрасалар сонини ўша даврда яшаган Абдурауф Фитрат ва Садриддин Айний 200 та, Садр Зиё 204 та, Муҳаммад Али Балжувоний эса 400 га яқин деб ёзади. Туркистон генерал-губернаторлиги ҳисоботи ҳужжатларида 1914 йилда Бухоро амирлигида 350 та мадраса фаолият юритгани қайд этилган. Хуллас, маълумотлар умумлаштирилса, Бухоро амирлигида 400 га яқин мадраса мавжуд бўлгани аёнлашади. Бухоро мадрасаларида таҳсил олган таниқли уламолар бугун нафақат Марказий Осиё, айни пайтда МДҲ давлатларидаги нуфузли ташкилотларга раҳбарлик қилаётгани барчага аён.
– Халқимиз ҳар доим тўйга тўёна билан борган. Таъбир жоиз кўрилса, 2020 йилда Бухоро – Ислом маданияти пойтахти сифатида уюштириладиган тадбирларга қандай тайёргарлик кўриляпти?
– Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 1 июлдаги “Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишига биноан бугун Бухоро улкан бунёдкорлик майдонига айланди, десак муболаға бўлмайди.
Давлатимиз раҳбари шу йил 16 февраль куни Бухоро вилоятига ташрифлари чоғида уламою фузалолар, азиз авлиёлар мангу қўним топган масканларни янада обод этиб, бу жойларда зиёратчилар учун зарур шароитлар яратиш борасида мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Айни пайтда етти пир – Абдулхолиқ Ғиждувоний, Муҳаммад Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол ва Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуалари янада обод қилиняпти. Уларнинг мақбаралари қайта таъмирланиб, атрофи кўкаламзорлаштириляпти, вилоятнинг иқлим шароитига мос манзарали дарахтлар, ноёб гуллар ўстирилмоқда.
Сайёҳлар учун мазкур ҳудудларда меҳмонхоналар, чойхоналар, савдо мажмуалари, автотураргоҳлар барпо этиляпти. Зиёратгоҳларни ўзаро боғлайдиган йўллар реконструкция қилиниб, замонавий инфратузилма шакллантирилаётир. Муҳташам маданий объектлар қурилиб, транспорт-логистика, муҳандислик-коммуникация тармоқлари яхшиланмоқда.
– Бевосита вакиллик қандай ишларни амалга оширяпти?
– Келаси йили Бухоро йирик илмий анжуманлар марказига айланади. Дунёнинг таниқли уламолари ташриф буюради. Шунинг учун вилоятимиздаги қатор жоме масжидларни қайта қуриш, реконструкция қилиш ва ободонлаштириш ишлари жадал давом эттириляпти. Хусусан, Ромитан туманидаги “Хўжа Али Ромитаний” ва “Хўжа Муҳаммад Бобоий Самосий” жоме масжидлари тўлиқ реконструкция қилинмоқда. Бошқа жомелар ҳам замонавий қиёфа касб этмоқда. Бундай эзгу ишларга саховатпеша ҳомийлар, тадбиркорлар катта ҳисса қўшмоқдалар.
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.
Толибжон НИЗОМОВ суҳбатлашди.
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил,11-сонидан