Мақолалар

Тараққиёт кушандаси

Чоп этилди Dekabr 3, 2019 Тараққиёт кушандасиda fikr bildirishni o'chirish

Муқаддас Ислом дини инсонларни эзгу ишларга, одамларга яхшилик қилишга тарғиб этган. Расулуллоҳ салоллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида: “Инсонларнинг ичида Аллоҳ таолога энг севимлиси инсонларга кўпроқ нафи тегадиганидир” деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Бугунги кунда экстремистлар мўмин-мусулмонлар яшаётган юртларда бузғунчилик ишларини амалга оширишда давом этишмоқда. Улар ўзларининг бузғунчи ғояларини ижтимоий тармоқлар орқали ёйиб, ёшларни ўз тузоқларига илинтиришга зўр бериб интилишмоқда.

Террорчи оқимлар бир қатор мамлакатларда, жумладан, Ливия, Сурия, Афғонистон, Сомали, Яман каби давлатларда тинч аҳолига мисли кўрилмаган талофатлар етказишди. Уларнинг бузғунчиликларидан шаҳарлар, қишлоқлар, завод-фабрикалар ва турар жойлар вайрон бўлди.

Бу гуноҳларнинг жавобини ким беради? Исломда вайронкорлик ва бузғунчилик қораланган. Жумладан, Қуръони каримда бундай баён қилинган: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас», – дедилар” (Қасас сураси, 77-оят).

Ислом тарихида Пайғамбаримиз ва у зотнинг саҳобалари нафақат мусулмонларга, балки бошқа дин вакилларига ҳам шафқат кўрсатишда бутун инсониятга намуна бўлдилар. Буни бошқа дин вакиллари ҳам эътироф этишган.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Шом фатҳига жўнаётган қўшинига бундай насиҳат қилган эди: “Болаларни, аёлларни, кексаларни ўлдирманг. Хурмо дарахтларига ўт қўйманг ва буталарни кесманг. Туялар ва бошқа ҳайвонлар подасига зарар келтирманг… Сиз ўзга ишлар, охират дунёсига хизмат қилиш билан машғул одамларни учратасиз. Шунда уларни ўз ҳолига қўйинг…»

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзга дин вакилларига нисбатан адолатпарварлиги билан Ислом дунёсидан ташқарида ҳам маълум ва машҳур эди. Ҳазрат Умарнинг Қуддус ва Лудда насронийлари билан имзолаган хавфсизлик шартномасига мувофиқ шаҳардаги черковлар бузиб ташланмаслиги, мусулмонлар насронийларнинг ибодатхоналарини эгаллаб олмаслиги ва уларда ибодат қилмаслиги кафолатланган эди. Бу зот Байтул-Мақдисга фотиҳ сифатида кирганларида “Қуддус ал-Кубро” черковида туришганида аср намозининг вақти кириб қолади. Кейинчалик мусулмонлар буни далил қилиб черковни масжид қилиб олишмасин, дея бу ерда намоз ўқишдан бош тортгандилар. Шаҳар фатҳ этилганидан кейин кўп ўтмай, Несториан патриархи Иешуйаб Иккинчи дўстига ёзган мактубида бундай сўзларни битган эди: “Худо Ўзининг иродасини ато этган… бу араблар бизга ҳеч қандай зарар етказишмади. Ҳақиқатдан улар динимизга, руҳонийларимизга, черков ва узлатгоҳлармизга ҳурмат билан қарашди” (Ҳорун Яҳё, “Ислом террорни лаънатлайди”).

Ислом дини тинчлик-осойишталикка тарғиб қилади, бузғунчиликни эса қоралайди. Шу боис дин ниқобидаги кимсаларнинг ижтимоий тармоқлар орқали ёшларимиз онгини заҳарлашга қаратилган алдовларидан огоҳ бўлайлик.

Даврон АБДУҚОДИРОВ

“Имом Фахриддин Розий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 21-сонидан