Маййитни кафанлаш
Маййитни таҳорат ва ғусл қилдириб бўлингач, дарҳол кафанлашга киришилади. Маййитни кафанлашга кетадиган харажат унинг молидан қилган васияти, қарзларини адо этиш ва меросхўрларга бўлишдан олдин ишлатилади. Агар маййитдан бирор бойлик қолмаган бўлса ёки унинг қолдирган моли кафанлашга етмаса, ким унинг нафақасини кўтарган бўлса, шу кишига маййитни кафанлаш харажатлари ҳам юклатилади. Аёл киши мол қолдирмаган бўлса, эрига юклатилади. Агар маййитнинг ҳеч кими бўлмаса, харажатлари одамлар томонидан қилинади. Ҳеч вақоси йўқ, лекин хотини бой кишининг ҳам кафанлаш ҳаражатлари ижмога кўра, ҳудди шундай.
Эркак кишининг кафани ипакдан бўлиши мумкин эмас. Аёл кишининг кафани ипакдан бўлса, зиёни йўқ. Кафан оқ рангда бўлиши мандубдир.
عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الْبِسُوا مِنْ ثِيَابِكُمُ الْبِيَاضَ، فَإِنَّهَا مِنْ خَيْرِ ثِيَابِكُمْ، وَكَفِّنُوا فِيهَا مَوْتَاكُمْ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ. وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Оқ (рангли) кийимларингиздан кийинглар, чунки у кийимларингизнинг энг яхшисидир. Ўликларингизни оқ (рангли) кафанга кафанланглар. Имом Термизий ривояти. У зот: «Бу ҳадис ҳасан саҳиҳ ҳадисдир», деганлар[1].
عَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ الْأَنْصًارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ: أَحَبُّ الثِّيَابِ إِلَي اللهِ تَعَالَي الْبِيْضُ، فَلْيَلْبَسْهَا أَحْيَاؤُكُمْ وَكَفَّنُوا فِيهَا مَوْتَاكُمْ. أَخْرَجَهُ التِّرْمِذِيُّ والنَّسَائِيُّ
Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: «Кийимларнинг Аллоҳ таолога энг севиклиси оқ ранглисидир. Тирикларингиз уни (оқ ранглисини) кийсинлар. Ўликарингизни унда (оқ ранглисида) кафанланглар» Имом Термизий ва Насоий ривоят қилганлар[2].
Кафанлашда ҳаддан ошилмайди. Ҳар бир нарсада мўътадиллик афзал бўлганидек, кафанлашда ҳам мўътадил йўл тутилади.
Эркаклар учун кафан суннати учта:
- Лифофа (маййит ўраладиган мато)
- Изор (иштон)
- Кўйлак (қамис)
Лифофа мурданинг боши ва оёғидан бир қарич узун бўлади. Изор (иштон) бошдан – оёғигача ўраб туради. Кўйлак икки қават ҳамда, елкасидан оёқ бетигача бўлади. Кўйлакнинг ўртаси бошни киргизиш учун очиқ бўлади. Кафаннинг эни маййитнинг жасадига қараб ўлчанади.
Эркак киши учун кифоя кафан: у иккита: изор, лифофа. Бунга далил: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳажда вафот этган киши ҳақида: «Уни сидр (қўшилган) сув билан ювинглар ва икки кийим билан кафанланглар», деганлар. Шунингдек, инсонга ҳаётлик чоғида ҳам иккита кийим кифоя қилган.
Зарурий кафан: у нимаики топилса, шунга ўралади. Ҳазрати Ҳамза розияллоҳу анҳу шаҳид бўлганларида у киши битта кийим билан кафанланган. Мусъаб ибн Умайрга ҳам кафанлашга устиларидаги намира (қадимда арабларда жундан тўқилган кийим)дан бошқа нарса бўлмаган. У билан бошлари ёпилса, оёқлари очилиб қолган, оёқлари ёпилса, бошлари очилиб қолган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларини ёпиб, оёқларига изхир[3] тўшаб қўйишга буюрганлар[4].
Кафанлаш тартиби қуйидагича: аввал лифофа (у бошдан оёққача ўрашга етарли бўлиши керак) тўшалади, унинг устидан изор ёзилади, сўнгра маййитга қамис кийдирилиб, изор устига ётқизилади. Изорга чап тарафдан ўралади. Сўнгра ўнг тарафдан ҳам ўралади. Ундан сўнг лифофада ҳам шундай йўл тутилади.
Кафанлаш жараёнида маййитнинг боши, соқоли ва қолган баданига ҳанут (топилмаса мушк-анбар) суртилади. Кафан ёйилиб кетмаслиги учун боғич билан бошининг тепа қисми, бел қисми ва оёғининг пастидан боғлаб қўйилади[5].
[1] Усмон ибн Али Зайлаъий Ҳанафий. «Табйинул ҳақоиқ шарҳу канзул–дақоиқ». Миср: «Ал–матбаатул–куброл–амирия». 1313-ҳ.й, 1-жуз. 237-бет.
[2] Алоуддин Косоний. «Бадоиус–саноий фи тартибиш–шароиъ». Байрут: «Дорул–кутубил–илмийя». 2003, 2-жуз, 326-бет.
[3] Изхир – хушбўй қамиш
[4] Усмон ибн Али Зайлаъий Ҳанафий. «Табйинул ҳақоиқ шарҳу канзул–дақоиқ». Миср: «Ал–матбаатул–куброл–амирия». 1313-ҳ.й. 1-жуз. 238-бет.
[5] Бурҳониддин Марғиноний. «Ал–ҳидоя». Покистон: «Идоратул–қуръон вал–улумул–исломия». 2-жуз. 142-бет.

Пўлатхон КАТТАЕВнинг
“Исломда жаноза” китобидан