Муҳаббатнинг аломатлари
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатнинг кўриниши ўткинчи ҳис-туйғулардан холи бўлиши, самимий бўлиши ва мўминнинг қалбидан шу қадар чуқур жой олиши лозимки, токи у муҳаббат уни ҳеч қачон тарк этмасин. Айнан мана шу севги инсон қалбига ҳаёт бахш этади, уни эзгу амаллар қилишга ундайди, разолат ва гуноҳлардан тўхтатиб туради. Бу муҳаббатнинг ўзига хос аломатлари бўлиб, улар орқали самимий киши билан ёлғон даъволар қилувчи каззоб кишини ажратиб олиш мумкин.
Ушбу аломатларнинг бир нечасини зикр қиламиз:
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюрган нарсага эргашиш ва қайтарган нарсадан қайтиш орқали у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган тўлиқ итоатни изҳор этиш.
Самимий ва холис киши сирасига шундай инсонни киритиш мумкин, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бажаришни амр этган бирон ишни билиши биланоқ, дарров уни бажаришга шошилган, ўша буйруқ, гарчи у одатланган бирон одатга ёки нафсу хоҳишига зид бўлса ҳам, уни бажаришдан заррача бўйин товламаган инсондир. Бу инсон бундай ҳолда олдин хотинга, фарзандларга, ота–онага ёки урф бўлган одатларга, кейин эса пайғамбарга итоат этиш керак, деб ҳисобламайди. Чунки у юқорида саналган барча нарсалардан олдин Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўпроқ севади ва албатта, севувчи севимли кишисига итоатли бўлади. Қалби яхши кўрган кишиси, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат билан тўлиб–тошган. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам амалга оширишни амр этган ишлардан бўйин товламайди. Фақат ўз кўнгил хоҳишларигагина қараб яшайдиган инсон, кўриниб турибдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра кўпроқ ўзини яхши кўрадиган инсондир.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 34000 сўм