Гўзаллик

Қўл териси учун ниқоблар

Чоп этилди Dekabr 13, 2019 Қўл териси учун ниқобларda fikr bildirishni o'chirish

Ажинларга қарши ниқоб. Кечқурун ётишдан аввал битта тухум сариғини бир ош қошиқ асал ва 1 чой қошиқ сули уни билан аралаштириб, қўлингизга суртасиз. Юпқа матодан қўлқоп кийиб олиб, бемалол уйқуга ётишингиз мумкин. Эрталаб қўлларингиз майинлашиб ажинлар ёпилади.

Терини юмшатиш учун ниқоб. 1 ош қошиқ асални 2 ош қошиқ ўсимлик мойи, битта тухум сариғи ва бир неча томчи лимон суви билан аралаштиринг. Аралашмани қўлингизга суртиб, қоғоз матоли қўлқоп кийиб олинг. Бу ниқобни кечаси қўйсангиз мақсадга мувофиқ.

Қаришга қарши ниқоб. 2 та картошкани қайнатиб, сут солиб, бўтқа ҳолига келгунча эзилади. Суюқроқ ва ҳали совумаган аралашмани терига суртиб қўясиз. 2-3 соатдан сўнг илиқ сувда ювиб ташлайсиз.

Доғларга қарши ниқоб. Икки ош қошиқ сули унини 1 ош қошиқдан иссиқ сув ва кунгабоқар мойи, 1 чой қошиқ лимон суви билан аралаштиринг. Қўлга суртиб қўлқоп кийиб олинг. Эрталаб қўлингизни илиқ сув билан ювиб қуритинг.

Қўлни майинлаштириш учун ниқоб. Яримта тухум сариғини кўпиртириб, оз-оздан 1 ош қошиқ ўсимлик мойи қўшилади. Аралашма қўлга яхшилаб уқалаб сурилади. 15-20 дақиқадан кейин илиқ сув билан ювиб, қўлга крем сурилади.

Совуқда тиришган қўллар учун. Битта серсув сабзини қирғичдан чиқариб, 2 чой қошиқ крахмал қўшинг. Сўнг битта тухум сариғини аралаштириб, қўлларингизга суринг. 20 минутдан сўнг аввал илиқ, кейин совуқ сувда чайинг. Бу ниқоб қўл терисини юмшатади.

Тирсак учун ниқоб. Икки бўлак апелсин сувини сиқиб, 4 ош қошиқ ўсимлик мойига аралаштиринг. Уни тирсак терисига суриб 5-10 минут уқалаб туринг. Агар тирсак териси қуруқ бўлса, ниқоб ярим соат турсин, сўнг салфетка билан артиб ташланг.

Тери қуришиқа қарши ниқоб. Барра петрушкани гўштмайдалагичдан чиқариб сувини сиқиб олинг. 1 чой қошиқ петрушка шарбатига, ярим ош қошиқдан кўпроқ балиқ ёғи, 3 чой қошиқ ёғсиз творог аралаштиринг. Қўл терисига суриб бўлиб 15-20 минутдан сўнг ювиб ташланг.