Будайл ибн Варқо розияллоҳу анҳу
Будайл ибн Варқо Хузоий. Набий алайҳиссалом уни ва ўғли Нофеъ ибн Будайлни Исломга чақириб, нома юбордилар. Нофеъ отасидан олдин Ислом билан шарафланди.
Будайлнинг ўғли Нофеъ кейинчалик Биъру Моуна жангида мусулмонлар сафида иштирок этиб, шаҳид бўлди. Абдуллоҳ исмли ўғли эса Сиффин жангида Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу билан иштирок этган (“Табақотул Кабир”).
Араб қабилалари ўртасида арзимас сабаблар билан уруш аланга оларди. Бану Бакр ва Хузоа уруғлари орасидаги уруш бундай бошланди: «Хазрамийлардан Молик ибн Аббод жоҳилиятда Асвад ибн Разн Бакрий билан иттифоқдош эди. Асвад ибн Разн бир гал тижорат учун сафарга чиқди. Хузоа қабиласидан ўтаётганда ўша ерликлар уни ўлдириб, молини талон-торож қилишди. Бу ишдан хабар топган Бани Бакр қавми хузоалик кишига тажовуз қилиб, уни ўлдиришди. Кейин Бани Хузоа аҳли Бани Асвад ибн Разн болалари билан адоватлашди ва уларни Арафотда ер тишлатишди. Ўлдирилганларнинг бари Бани Бакрнинг шарафли кишилари эди.
Бани Бакр билан Хузоа ўртасидаги ўзаро жанг Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломни комил шариат билан юборгунича давом этди. Рисолат келганида Бани Бакр қабиласи Қурайш томон, Хузоа эса, гарчи ота-боболарининг динида бўлишса-да, душманларига қасдма-қасд, Набий алайҳиссалом томон бўлишди.
* * *
Ҳудайбия сулҳида Будайл ибн Варқо Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурларига келиб: “Эй Муҳаммад, мен Каъб ибн Луай ва Омир ибн Луайни ташлаб келдим. Улар сизни Байтул Ҳаромга киргизмай, йўлингизни тўсишмоқчи”, деб айтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирон кишини ўлдириш учун келмадик. Биз эҳромдамиз. Қурайш истаса, муддатни чўзиб берамиз (яъни, улар билан ўртамизда бир муддат уруш бўлмаслигига келишиб олдик). Қурайш ҳам мен билан одамлар орасига дахл қилмайди. Мабодо, бўйсунишмаса, жоним измида бўлган Зотга қасамки, ўлгунимга қадар улар билан мана шу иш устида курашаман”, дедилар.
Шундан кейин Будайл Қурайш саййидларининг олдига борди. Набий алайҳиссалом айтган гапларни етказди.
Бу орада Бани Бакр Ҳудайбия сулҳини бузишни ўйлаб қолди. Бани Асвадни ўлдиргани учун Хузоадан ўч олишни дилига тугди. Ўша кунларда Бани Бакрдан бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни масхаралаб ҳажвий шеър айтди. Хузоалик одам шеър айтганнинг ёнига келиб, бошини ёрди. Икки қабила ўртасида яна адоват бошланди. Қурайш Бани Бакр билан бирлашиб, хузоаликлардан кўп инсонларни ўлдиришди.
Бани Бакр ва Қурайш Ҳудайбия сулҳини бузишганидан кейин Будайл ибн Варқо бир неча хузоалик билан Мадинага – Набий алайҳиссалом ҳузурларига келди. У зот келганларни очиқ юз билан қарши олдилар. Хузоаликлар у зот алайҳиссалом билан маслаҳатлашиб, сўнг Маккага қайтиб кетишди.
Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўшин билан Макка томон юрдилар. Маррузаҳронда Будайл ва ўғли Абдуллоҳни учратдилар. Аббос розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломга: “Кўриб турганингиз Будайл ибн Варқо”, деди. Набий алайҳиссалом унинг сочларини кўриб: “Ёшинг нечада?” деб сўрадилар. Будайл: “Тўқсон еттида”, деб жавоб қилди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Аллоҳ жамолингни ва қора сочларингни зиёда қилсин”, деб дуо қилдилар (“Ал-Исоба фий тамйизис саҳоба”).
* * *
Абу Умар айтади: “Будайл ибн Варқо ўғли Абдуллоҳ билан Макка фатҳи, Ҳунайн ғазотида иштирок этди. Набий алайҳиссалом Будайлга Тоифдан келгунларига қадар Ҳунайнда асир олинган болалар, ўлжа тушган мол ва чорваларни Жиъронада қўриқлаб туришни буюрдилар. У зот Тоиф қамалидан қайтганларида Будайл топшириқларини бажариб турганига гувоҳ бўлдилар. Кейин ўлжаларни тақсимлаб бердилар.
Будайл ва ўғли Абдуллоҳ Набий алайҳиссалом билан Табук ғазотига боришди. Сўнг у зот алайҳиссалом билан Видолашув ҳажида ҳам бирга бўлишди. Будайл ибн Варқо Авроқ исмли туяга миниб Минодаги ҳожилар ёнига келди ва улар атрофида айланаркан: “Набий алайҳиссалом сизни мана шу кунлар, яъни ташриқ кунларида рўза тутишдан қайтармоқдалар. Чунки бу еб-ичиш ва байрам кунларидир”, дер эди.
* * *
Будайл ибн Варқонинг ажали яқинлашгач, ўғли Абдуллоҳга нома топширди ва: “Эй ўғлим, бу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мактублари, буни авайлаб-асранг. Шу хат сизда экан, яхшиликда бўласиз”, деди.
Мактубда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг хати билан бундай ёзилган эди:
“Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Будайл ибн Варқо ва Бани Амр улуғларига. Мен Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳга ҳамд айтаман. Аммо баъд: “Сизларни хавотирга қўймадим ва ёрдамсиз ҳам қолдирмадим. Тиҳома аҳлининг мен учун энг ҳурматлиси сизларсиз. Қариндошлик жиҳатидан ҳам менга энг яқини сизлар, яхшилар билан сизга эргашганлардир. Сизлардан ҳижрат қилганлардан ўзим учун (ансорлардан олган аҳдимдек) аҳд олганман. Модомики, қодир эканман, сизларни ёрдамсиз қолдирмайман ва сиз билан келишувни бузмайман”.
Будайл ибн Варқо розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссалом замонларида оламдан ўтди.
Манбалар асосида Жиззах вилояти бош имом-хатиби
Меҳмонали ЖАББОРОВ тайёрлади.
«Ҳидоят» журналининг 2019 йил, 11-сонидан