Сўраган эдингиз…
CАВОЛ: Намоз ўқиётганда намозхоннинг нигоҳи қаерда бўлиши керак?
ЖАВОБ: Ҳанафий мазҳабимиздаги мўътабар манбалардан бири “Туҳфатул мулук” китобида бундай дейилган: “Намозхон қиёмда сажда қиладиган жойига, рукуда оёқлари устига, саждада бурнининг юмшоқ қисмига, ўтирганида бағрига, ўнг тарафга салом берганида ўнг елкасига, чап тарафга салом берганида чап елкасига қараши мустаҳаб бўлади”.
CАВОЛ: Ҳурматли устозлар, бидъат ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз. Чунки билиб-билмай турли бидъат амаллар қилиб қўйишдан жуда қўрқаман. Барчамиздан Аллоҳ Ўзи рози бўлсин.
ЖАВОБ: Аллома Иззиддин ибн Абдуссалом бидъатга бундай таъриф берганлар: “Бидъат – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида бўлмаган амални савоб деб қилишдир” (“Қавоидул аҳком” китоби).
Динда янги пайдо қилинадиган амаллар бидъат ҳисоблади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Сизлар менинг ва тўғри йўлда юрувчи, ҳидоят топган хулафоларимнинг йўлини тутиб, уни озиқ тишларингиз билан тишлагандек, маҳкам ушланглар. Динга янгиликлар киритишдан сақланинглар, албатта, ҳар қандай бидъат – залолатдир” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).
Динга янгилик киритиш, гўёки, Аллоҳ ва унинг Расули билмаган нарсани “мен топдим”, деб даъво қилишдир. Ислом – Аллоҳ томонидан юборилган мукаммал ва баркамол диндир. Биз мусулмонларнинг вазифамиз – динимизни тўғри ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ қилиш ва турли бидъат-хурофотларга эргашмасликдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким бизнинг динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари)
CАВОЛ: “Салам” савдоси ҳақида эшитдим. Шу ҳақда маълумот беринг.
ЖАВОБ: Қуйида зикр этилган шартлар билан олдин қўл бериб, маълум муддатдан сўнг молни олиш салам савдоси дейилади.
Ислом уммати салам савдосининг жоизлигига ижмо қилган.
Салам савдоси дуруст бўлиши учун бу шартларга риоя қилиниши керак:
- Савдо пайтида маҳсулотнинг жинсини (масалан, буғдой),
- Навини (масалан, “лалми” ёки “оби”),
- Сифатини (масалан, яхши, ўртача ёки ёмон),
- Миқдорини (кило, метр, дона ёки ҳажми),
- Бериш вақтини (саламнинг энг кам муддати 1 ой),
- Тўланадиган пулнинг тури ва миқдорини аниқ айтиш ва (сотмоқчи бўлган одам пулни савдо қилган вақтда олиши керак),
- Маҳсулотни ташиш харажатли бўлса, маҳсулотни қаерга етказиб бериш жойини аниқ айтиш, шунингдек, сотиш ва олишга келишилган мол келишилган кундан бериладиган кунгача бозорларда мавжуд бўлиши лозим (“Фатҳу бабил иная” ва “Ал-Мухтор” китоблари).
Салам савдосида белгиланган вақт келгач, маҳсулотнинг нархи келишилган нархдан арзон ёки қиммат бўлиши эътиборга олинмайди. Балки маҳсулот салам битимида кўрсатилган нархда етказиб берилади.
CАВОЛ: Оламдан ўтган аёлни қабрга ким қўйиши керак? Баъзилар эри қўйса бўлади, дейди. Баъзилар гўрковларга қўйдиради. Шунга аниқлик киритиб берсангиз.
ЖАВОБ: Ҳанафий мазҳабимизнинг мўътабар манбаларидан бири “Фатавои ҳиндийя” китобида бундай дейилган: “Аёлни қабрга маҳрам қариндоши қўйиши авлодир. Агар маҳрам қариндоши бўлмаса, маҳрам бўлмаган қариндош қабрга қўйиши бегоналар қўйишидан авло ҳисобланади.
Аёл кишининг маҳрам қариндошлари булардир: ўғли ва ўғил набиралари, отаси ва боболари, ака-укаси ва уларнинг ўғиллари ҳамда опа-сингилларининг ўғиллари, амакиси ва тоғаларидир. Амакиси ва тоғаларининг, амма ва холаларининг ўғиллари маҳрам бўлмаган қариндишлари бўлади.
Аёл кишининг маҳрам ва маҳрам бўлмаган эркак қариндошлари дафн жараёнида ҳозир бўлганда, уни гўрковлар қабрга қўйиши мумкин эмас.
Аёл кишини қабрга қўйишда шариатимиз кўрсатмаларига амал қилишимиз лозим. Валлоҳу аълам.
Манбалар асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими ходими
Ғуломиддин ХОЛБОЕВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 22-сонидан