Ўзбекистон янгиликлари

Каштачилик санъати – халқимизнинг ўлмас қадрияти

Чоп этилди Dekabr 16, 2019 Каштачилик санъати – халқимизнинг ўлмас қадриятиda fikr bildirishni o'chirish

Каштачилик – Ўзбекистон амалий-безак санъати турлари орасида энг қадимийси ҳисобланади. Ўзбек кашталари ноёблиги, гўзаллиги, безак-нақшлари ва техник усулларининг кўплиги билан ажралиб туради.
Каштачилик асосан савдо-ҳунармандчилик шаҳарларида ва йирик қишлоқларда ҳамда Ўзбекистоннинг қадимий деҳқончилик маданияти марказларида (Хоразмдан ташқари) кенг тарқалиб келган. XIX асрда Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Нурота, Шаҳрисабз, Фарғона каби катта-катта каштачилик марказлари бўлган. Мазкур каштачилик мактабида либосларга тикилган кашталар алоҳида аҳамиятга эга. Шунингдек, ушбу мактабларда ўзига хос услуб ва ранглар мутаносиблиги мавжуд бўлиб, мамлакатимиз ҳудудида мавжуд каштачилик мактаблари жуда бой тарихий-ижтимоий, фалсафий-рамзий ҳамда амалий санъатнинг ранг-баранг кўриниши билан алоҳида ўрин тутади.
Пиру бадавлат момоларимиздан бизга мерос бўлиб келаётган амалий безак турларининг энг қадимий ва кенг тарқалган тури каштачиликдир. Ҳар бир қатим ипакка жон бахшида этиб, дил туйғуларини гўё бежирим гуллар жилосига улаб, кўз-кўз этаётган қиз-жувонларнинг нозик бармоқлари чиндан-да мўъжиза яратмоқда. Ҳа, халқнинг ҳаёти ва урф-одатлари билан чамбарчас боғлиқ бўлган бу санъат тури қўли гул чеварлар томонидан асрлар оша янада сайқалланиб келинмоқда.
Халқ каштачилигини ўзига хос санъат, ҳунар сифатида ўрганиш эса ҳозирги замон талабларидан биридир.
“Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот марказининг асосий мақсад ва вазифаларидан бири – Ўзбекистон номоддий маданий меросини муҳофаза қилиш, сақлаш, амалий ва тасвирий санъатни ўрганиш, таҳлил қилиш, ривожлантириш ва келгуси авлодларга етказишда кўмаклашишдан иборат.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида марказ 2019 йил май ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияга расмий хат орқали Ўзбекистон “Каштачилик санъати”ни ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мерослари репрезентатив рўйхатига киритиш тўғрисидаги таклифини берди. Бу таклиф Миллий комиссия томонидан қўллаб-қувватланди.
Мазкур масала юзасидан марказда доимий фаолият кўрсатувчи Экспертлар гуруҳи ташкил этилди. Номоддий маданий мерос бўйича етук мутахассислар, профессор олимлар, санъатшунослар, сақловчилар ва Миллий комиссия ходимлари гуруҳ таркибига киритилди. Улар ўртасида вазифалар тақсимланди. Экспертлар гуруҳининг ҳар бир ходими ўзига юклатилган вазифани бажаришга масъулият билан ёндашди.
Ишчи гуруҳнинг бир йиғилишида аъзолар томонидан номзодлик тақдимномасини кўп миллатли қилиб тайёрлаш таклифи берилди. Таклиф барчага маъқул бўлди. ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси томонидан Марказий Осиё давлатлари Миллий комиссияларига ташаббускор давлат сифатида ҳамкорликка таклиф қилиш тўғрисида мурожаат хатлари юборилди.
Ушбу мурожаат натижасида 2019 йил 12 декабрь куни Тожикистон Республикаси “Маданият ва ахборот” илмий тадқиқот институтидан бир гуруҳ номоддий маданий мерос бўйича мутахассислар Ўзбекистонга ташриф буюрди. Институт директори ўринбосари Дилшод Рахимий, масъул ходимлар Маҳмуджон Бобожонов, Зафаржон Холмуродов, Абдулфаттоҳ Аминов ва Мавзуна Раҳмутуллаевалар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикасидан ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссия масъул котиби в.б. Саидафзал Маллаханов, Ўзбекистон Маданият ва санъат институти кафедра мудири, профессор Ўразали Тошматов, номоддий маданий мерос бўйича халқаро тренер Гуларо Абдуллаева, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Бинафша Нодир, “Олтин мерос” халқаро хайрия жамоат фонди раиси Амирқул Каримов, Тошкент каштачилик мактаби вакили ҳунарманд Мадина Касимбаева ҳамда “Умрбоқий мерос” маркази директори Лутфия Мирзаевалар иштирок этди.
Тадбирда ҳар иккала Республика мутахассислари ўз юртларидаги каштачилик санъати, унинг турлари, мактаблари, ўзига хослиги ва ҳозирги кундаги ривожи ҳамда тақдимномани тайёрлашда нималарга эътибор бериш лозимлиги ҳақида фикр юритди.
Тожикистон Республикаси делегацияси кўп миллатли тақдимномани тайёрлашда ҳамкорлик қилишга ўз розилигини ва келгусида ҳам маданият ва санъат соҳасида биргаликда турли лойиҳаларда иштирок этиш истагини билдирди.
 
Лутфия МИРЗАЕВА,
“Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази директори