Жиҳодчиларнинг ғаразли иддаолари
“Жиҳод” луғатда бор куч ва имкониятни сарфлаш маъносини англатади. Бу аслида фақат ҳарбий кураш маъносида ишлатиладиган сўз эмас. Балки уни илм олиш, бирор-бир муайян мақсадга эришиш йўлида бор куч ва ғайратини сарфлашга ҳам қўллаш мумкин. Аммо кейинчалик ватанни душманлар тажовузидан ҳимоя қилиш ва ҳоказолар ҳам куч ва имконият сафарбар қилинадиган ишлардан бўлганлиги учун у ватан озодлиги, эътиқод эркинлиги йўлида курашиш маъносида ҳам қўлланила бошлаган. Шу билан бирга, “жиҳод” тушунчаси нафснинг ҳавойи истак-хоҳишларига қарши курашиш “жиҳодун-нафс”, шайтонга қарши курашиш “жиҳодуш-шайтон” ҳам ишлатилади. Шундай экан “жиҳод” сўзига фақат ҳарбий маъно бериш тўғри эмас.
Маълумки, босқинчилик, тинч аҳолига қарши ҳужум уюштириш ва ҳоказолар Исломда қаттиқ ман қилинган. Бир бегуноҳ кишини ўлдириш гўёки барча одамларни ўлдириш билан баробар қилинган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “…кимки, бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган бир одамни ўлдирса, демак, у гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса ёки ўлимдан қутқарса), демак, у гўё барча одамларга ҳаёт берибди” (Моида сураси, 32-оят). “Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Аллоҳ ундай кимсага ғазаб қилган, лаънатлаган ва унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Аммо бугунги кунда “жиҳод” қилаётганликларини даъво қилаётган кимсалар юқоридаги ояти карималарга заррача парво қилмаган ҳолда кўплаб бегуноҳ одамларнинг жонига зомин бўлмоқдалар. Улар амалга ошираётган биродаркушликлар, қўпорувчилик ҳаракатлари, бозор, масжид, метролар каби одамлар билан доимо гавжум бўладиган жойларда бир онда ўнлаб, балки юзлаб бегуноҳ кишини ҳаётдан олиб кетадиган мудҳиш террорчилик амалиётлари Ислом таълимотларига тамоман зид ва бегонадир. Ундай ишларни умуман жиҳод деб бўлмайди. Балки булар улкан гуноҳ ва бузғунчиликдан бошқа нарса эмас.
“Ал-Қоида”, “ат-Такфир вал ҳижра”, “ал-Жиҳод” каби кўплаб гуруҳлар турли жойларда ҳокимиятни қўлга киритиш учун уруш эълон қилишган. Улар динга хизмат қилиш, нафсни тарбия қилиш, ҳалол меҳнат қилиш, оиласига тўғри тарбия бериш, уларни маърифатли қилиш, одамларни эзгу ишларга тарғиб этиб, ножўя ишлардан қайтариш ўрнига дин кўрсатмаларига зид бўлган бузғунчилик йўлини тутишган.
Улар ҳокимиятга очиқчасига қуролли қаршилик кўрсатишга имкон тополмагач, инсонлар жонига суиқасд қилиш ёки ҳукумат идораларига ҳужум уюштириш каби қабих ва хоинона усуллардан фойдаланишади. Бу усуллар кўплаб бегуноҳ инсонлар, ёш болалар, аёллар ва қарияларнинг ҳаётдан кўз юмишига олиб келади.
Ҳатто уруш вақтида ҳам тинч аҳолини ўлдириш ислом шариати томонидан таъқиқланганлиги маълум. Энди қанчадан-қанча мусулмонларни ҳаётига зомин бўлаётган хатти-ҳаракатларни жиҳод деб номлаётганларга нима дейиш мумкин? Ваҳоланки, ҳадиси-шарифда “Бир бегуноҳ мусулмоннинг ўлдирилиши Аллоҳ ҳузурида дунёдаги ҳаётнинг йўқ бўлиб кетишидан оғирроқ”, – дейилган.
Мусулмоннинг қони ва моли ҳаромлиги (яъни тажовуз қилиш мумкинмаслиги), жони дахлсизлиги кўплаб ҳадисларда баён қилинган. Набий алайҳиссалом видолашув ҳажида қилган машҳур хутбаларида бундай деганлар: “Зеро, сизларнинг қонларингиз, мол-мулкларингиз ва обрўларингиз бир-бирингизга худди ушбу кунингиз ҳурмати, ушбу ойингиз ҳурмати ва ушбу шаҳрингиз ҳурмати каби ҳурматли, ҳаромдир” (Саҳиҳи Муслим: 4384).
Нафақат мусулмон, балки бошқа диндаги кишиларни ҳам ноҳақ ўлдириш Исломда катта гуноҳ ва оғир жиноят ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Кимки, бир муоҳадни (мусулмонлар билан ўрталарида аҳд бўлган ғайридин кишини) ноҳақ ўлдирса, у Жаннатнинг ҳидини ҳам тополмайди. Ҳолбуки, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб туради” (Имом Бухорий ривояти).
Суриялик машҳур олим Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий жиҳод ҳақида китоб ёзиб, бугунги кунда жиҳод чақириғи билан чиқаётганларнинг гаплари ҳам, ишлари ҳам ҳақиқий жиҳоддан йироқ, деган. У киши зўравонликни «жиҳод» деб даъво қиладиганларга қарши таълиф қилган «Ал-Жиҳод фил Ислом» номли китобида бундай ёзади:
«Мен бу асрда баъзи бир доиралар наздида “янги ислом” туғилаётганини сезмоқдаман. У Аллоҳнинг ҳузуридан ваҳий бўлиб тушмаган. Лекин баъзи одамларнинг фикрлари ва мижозларидан келиб чиққан. Унинг ҳукмлари шаръий далиллар ҳукми ила бирлашмайди ва уларнинг ҳужжатига бўйсунмайди. У фақат баъзи шахс ва жамоаларнинг таассубидан ёки ҳавойи нафснинг ҳукмронлигидан келиб чиқади. Бугунги кунда ислом олами гувоҳ бўлиб турган нарса ўша “янги ислом” “элчи”ларининг тинимсиз ҳаракатларидан келиб чиққан нарсалардир. Биз уни аввал билмаган эдик. Улар ўзларининг “исломи”ни Аллоҳдан ваҳий бўлиб келган исломнинг ўрнига қўймоқчилар. Биз билган ислом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини, қатъий шаръий далилларни, собит фиқҳий қоидаларни, мусулмонларнинг барча авлодлари илмларининг кенглигига ва фаҳмларининг дақиқлигига гувоҳлик берган салаф уламолари жумҳурининг ижтиҳодларини лозим тутишдан иборатдир».
Козимхон АСРОРОВ
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўқитувчиси
“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 22-сонидан