Телефондан фойдаланиш одоблари
Кундалик ҳаётимизда, инсонлар билан бўладиган мулоқотларда биздан нималар талаб этилса, телефондан фойдаланишда ҳам шу тартиб-қоидаларга риоя қилишимиз керак. Жумладан:
– суҳбатдош қаршисида заруратсиз телефон билан овора бўлмаслик;
– шариат ҳукмларига, миллий қадриятларимизга ва давлат қонунларига зид нарсаларни юклаб олмаслик, эшитмаслик ва кўрмаслик;
– бировнинг гаплашганини эшитмаслик ва пойламаслик;
– бировнинг телефонга эгасининг рухсатисиз тегмаслик;
– рухсат берса, фақат рухсат берилган бўлимлари ёки функцияларидангина фойдаланиш;
– бировнинг рухсатисиз телефонидаги хабарлар, ёзишмалар, суратлар ёки видеоларига назар ташламаслик. “Ким бировнинг мактубига изнсиз назар солса, дўзах оташига назар солган билан баробардир”(Имом Абу Довуд ривояти).
– қўнғироқ қилишда кун ва кечанинг соатларини инобатга олиш, бемаҳалда ва ноўрин қўнғироқ қилмаслик;
– қўнғироққа жавоб берилмаган ҳолларда жуда зарур бўлмаса, қайта қилмаслик;
– қайта қилиш зарурати туғилса, қўнғироқлар орасида бироз муҳлат бериб (масалан, 4 ракат суннат намоз ўқиш вақтича), 3 мартагача такрорлаш;
– бизга қўнғироқ қилинган пайтда, ёнимиздагилардан изн, рухсат сўраб телефонга жавоб бериш;
– қўнғироқ қилган киши гўшакни кўтарган кишига: “Ким бу?” демасдан, аввал салом бериб, ўзини таништириб, керакли одамни сўраш;
– “Ассалому алайкум!”, “Лаббай!”, “Эшитаман!”, “Қулоғим сизда?” каби одоб-ахлоқ ва қадриятларимизга хос ибораларни ишлатиш;
– суҳбат тугагач, суҳбатдош билан хайрлашиб, яхши тилаклар билдириб, сўнг телефонни ўчириш;
– ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлардан олдин телефонини ўчирмаслик;
– суҳбатдошнинг рухсатисиз бошқаларга эшитиладиган даражада заруратсиз телефонни овозини баланд қилмаслик;
– суҳбатдошнинг шахсий маълумот (расм, видео ва овозли гап-сўзлари, смс ва ҳоказо)ларини рухсатисиз бошқаларга бермаслик, юбормаслик; Телефондан фойдаланиш одоблари
– телефон орқали кўриб гаплашиш учун аввал суҳбатдошнинг олдидан ўтиб, унинг розилигини олиш, ҳузурида кимлар борлигидан огоҳлантириб қўйиш;
– жамоат жой (касалхона, мажлис, масжид, маърака-маросим, таъзия, ишхона, поезд, автобус ва ҳоказо)ларда телефон овозини ўчириб қўйиш;
– касалхона, автобус ва бошқа жамоат жойларида телефонда гаплашишга тўғри келса, четроққа чиқиб, паст овозда сўзлашиш;
– ота-онаси, раҳбари, устози, ёши, лавозими юқори бўлганлар ҳузурида қўнғироқ бўлиб қолса, уларнинг рухсати билан жавоб бериш;
– сўзлашув меъёрини унутмаслик. Сабабсиз кўп гаплашмаслик ва унга одатланмаслик керак. Суҳбатдош ҳолатини инобатга олиш, унинг узрини тўғри қабул қилиш. Чунки у касал ёки бемалол сўзлашиш имкони йўқ масжид, қабристон каби ёхуд суҳбатни бузиш ноқулай жойларда бўлиши мумкин;
– суҳбатдош одам телефонни ўчирмаган бўлса, қизиқиб эшитиб турмасдан, дарҳол телефонни ўчириш;
– жамоат жойларида, оммавий йиғинларда, тўй-зиёфатларда бошқаларни суратга олмаслик. Бу обрў тўкилиши, оилалар бузилиши ва бошқа кўпгина хунук ҳолатлар ва фитналарга сабаб бўлиши ҳеч гап эмас;
– телефондан турли фитна ва товламачилик мақсадида фойдаланмаслик;
– рақамни аниқ терганига ишонч ҳосил қилиш. Акс ҳолда, ноқулай аҳволга тушиб қолиши мумкин;
– сўзлашув ва ёзишувларда маҳрамлик масалаларига риоя қилиш. Номаҳрамлар билан эса фақат зарурат юзасидан мулоқот қилиниши керак. Бунга амал қилмаслик ёмон гумонларга, нохуш ҳолатларга, ҳатто фожиаларга сабаб бўлиши мумкин.
Иброҳимжон ИНОМОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 15-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws