“Мени кечир, Аллоҳим!..”
Олимжон оиланинг кенжаси, ота-онасидан кейин ака ва келинойига суяниб қолган. Улар ҳам уни яхши кўришар, келин Карима фарзандсизлиги сабабми, қайнукасини ўз ўғлидай кўрарди.
Олим келинойиси қистови билан учрашувга чиқди. У Муслимани бир кўришдаёқ ёқтирди.
Гўдак кулгуси етишмаган оила аҳли янги келиннинг бўйида бўлганини эшитиб, жуда хурсанд бўлишди. Фақат Кариманинг кўнглини тушунарсиз ғашлик эгаллади. Афсуски, у “синглим” деган овсинига ёмонлик қилиш йўлларини ўйлар, ундан қутулишни истарди. Бир куни Олимжон олиб келган бир қоп унни жойлаш учун ой-куни яқин Муслимани чақирди. Янги келин: “Опажон, укангиз ўзим оламан, деди. Биз кўтармайлик”, деса ҳам, қайсарлик қилиб туриб олди.
Кечга бориб Кариманинг аҳволи оғирлашди. Шифокор текширар экан: “Оғир иш қилмадингизми?” деди. У кечаги воқеани айтди. Шифокор унга танбеҳ берар экан, оғир ишларни соғлом аёл ҳам қилмаслиги, аёллар кўтарадиган юкнинг миқдори борлигини тушунтириб: “Сиз эса ҳомиладор экансиз, бола тушиб қолибди”, деди. Карима: “Мени кечир Аллоҳим”, деб тинмай йиғларди.
“…Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир” (Моида сураси 32-оят).
Овсинига қилган ёмонлиги ўзига оғир жазо бўлиб қайтди. Узоқ йиллар фарзанд дардида юрган Карима ҳомиласидан айрилди. Халқимизда “Бировга чоҳ қазисанг, ўзинг тушасан”, деган нақл бежизга айтилмаган.
Нурилло ҳожи ЯҲЁ ўғли,
Ўзбекистон миллий телерадио компанияси фахрийси
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws