Ҳурматли инсонлар қаторидасиз
Кўп йиллардан бери “Ҳидоят” журнали, “Ислом нури” газетасига обуна бўламан. Энди уларнинг қаторига “Мўминалар” журнали ҳам қўшилди. Ҳар ой бу нашрларни интизор кутаман. Ҳамма саҳифасини қизиқиш, диққат билан ўқиб чиқаман. Айниқса, қалбларни тўлқинлантирадиган мақолалар мазмун-моҳиятини фарзандларим, набираларимга англатишга; ундаги кўрсатмаларга ҳаётда қандай амал қилиш зарурлигини имконим етганича, ўқиган китобларим, уламолардан эшитганларимга асосланиб тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Мақолалари, суҳбатлари, ибратли ҳикоялари билан динимиз арконларини одамларга етказишга, халқ маънавияти, маърифатини юксалтиришга ҳисса қўшаётган журналистлар, уламолар, диний соҳа вакилларига ҳурматим баланд, уларга ҳавасим келади. Ўзим ҳам бундай хайрли ишга ҳисса қўшгим келади…” – дея Пардабой ота машҳур бир китобдан бир парчани илова этибди.
* * *
Мамнуният билан таъкидлаш лозим: Пардабой ота, сиз Аллоҳ таолонинг ҳақ динига бўлган муҳаббатингиз, муқаддас Ислом дини йўл-йўриқларини зурриётларингиз ва яқинларингиз қалбига сингдириш учун ихлос, ишонч билан қилаётган саъй-ҳаракатларингиз шарофатидан, иншоаллоҳ, ўзингиз ҳурмат ва ҳавас қилган инсонлар қаторидасиз. Уйғоқ-соғлом қалб, эзгу ниятлар, жонкуярлик билан сиз улашаётган маънавий зиёнинг ажру мукофотини Парвардигори олам икки дунёда зиёда қилсин.
“Мовароуннаҳр” нашриёти таҳририяти