Меҳнат инсонни фитнадан асрайди
Ҳалол касб қилган киши ҳам, дунё неъматларининг ҳалолига етишиб хотиржам ҳаёт кечиради ҳамда охират неъматларини қўлга киритади. Негаки, у меҳнат қилиб ўз эҳтиёжларини таъмин этади ва бошқаларга оғирлиги тушмайди.
Шунингдек, оиласи ва яқинларининг нафақасини таъмин этиб, уларнинг бошқалар олдида мулзам бўлиб турмасликларини сақлайди ҳамда муҳтожлик ортидан келадиган фитналарга қўшилиб қолишдан асрайди. Зотан, киши ўз оиласига ҳалол ризқ топиб келгани учун унга садақа савоби ёзилади. Аллоҳ таоло ояти каримада инфоққа ҳақли кишиларни санар экан, ота-она ва яқин қариндошлардан бошлаганининг ҳикмати ҳам шунда:
يَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنفِقُونَ قُلْ مَا أَنفَقْتُم مِّنْ خَيْرٍ فَلِلْوَالِدَيْنِ وَالأَقْرَبِينَ وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا تَفْعَلُواْ مِنْ خَيْرٍ فَإِنَّ اللّهَ بِهِ عَلِيمٌ
“Сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен: «Нафақа қилган яхшилигингиздан ота-оналарга, яқин кишиларга, етимларга, мискинларга ва ватангадоларга бўлсин. Қандай яхшилик қилган бўлсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир», деб айт” (Бақара сурасининг 215-ояти).
Ушбу ояти каримадан аён бўладики, ҳалол ишлаб оиласи ва яқинларининг нафақасини таъмин этса, унга садақа савоби ёзилар экан. Агар у оиласидан орттириб бошқа мискинларга ҳам ёрдам этса, Исломга хизмат йўлида хайру ҳасаналар қилган савоби ёзилади. Яъни, инсоннинг меҳнат қилиши Аллоҳнинг ризоси учун бўлса, ҳар бир ҳаракатига, ташлаган қадамига ажру савоблар ёзилиб туради. Фақат у дунё ишларига берилиб кетиб, ибодатларини тарк этмаса, албатта.
Ёш, навқирон, айни кучга тўлган йигитнинг кўп ишлашининг фойдали жиҳатларидан яна бири – меҳнат инсонни машғул қилиб, бемаъни хаёллардан ва юмушлардан озод этади. Инсон беш вақт намозини вақтида ўқиса, қўли ишда, тили ва қалби зикрда бўлса, унинг ҳамма вақти хайрли ишларга сарфланган бўлади. Инсон имкони қадар ҳеч бекор қолмасликка ҳаракат қилмоғи даркор. Йўқса, боболаримиз айтганидек, “Бекор ўтирганга шайтон бир иш топиб беради”.
Кўплаб ахлоқсизликларнинг манбаи бекорчилик ва ғайратсизликдир. Фойдали иш билан машғул бўлган киши кўнгил ҳузурига етишади. Ишлаб ҳориган кишининг таоми ҳам, уйқуси ҳам ширин бўлади.
Шу тариқа, у Аллоҳга шукр қилувчи банда бўлади. Бироқ бекорчиликдан зериккан кимса жони сиқилганидан қутулиш учун ўзига ва бошқаларга янада кўпроқ зарар етказадиган нохуш ишларга аралашиб қолади. Энг камида интернет ва телевизор қаршисида ўтириб, вақтини, демакки, умрини беҳуда сарфлайди. Зеро, бугунги кунда интернетга боғланиб қолгани оқибатида оиласи аъзоларига юк бўлаётган, уларни уятга қўяётганлар дунёнинг ҳамма жойида учрамоқда. Улар ҳамманинг кўзига ёмон кўринади.
Меҳнат қилган кишини эса ҳамма ҳурмат қилади ва у айни чоқда ибодатларини ҳам бажаради. Кишининг ҳеч нарсага эҳтиёжи бўлмаган тақдирда ҳам нафсини танбалликдан қутқариш учун бирорта фойдали иш билан машғул бўлиши мақбул дейдилар. ўтган замонларда шаҳзодаларга ҳам бир ҳунарни пухта ўргатиш одат бўлган. Павйғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз, умматларига нафснинг ёмонликларидан қутулиш учун Аллоҳ таолодан ёрдам сўрашни қуйидагича ўргатганлар:
“Аллоҳим, ожизликдан, танбалликдан, қўрқоқликдан, ўта заифлашиб қоладиган даражадаги кексаликдан, хасисликдан. қабр азобидан, ҳаёт ва ўлим фитнасидан Сенга сиғинаман” (Имом Бухорий ривояти).
Меҳнат – кишининг фойдали ишларга ярайдиган инсон эканини исботлайди ва меҳнаткаш инсон бошига ногаҳон келган кўнгилсизликларни меҳнат билан енгиб ўтади, халқ тили билан айтганда, ишга овунади.
Бекорчи эса соғ бошига савдони ўзи сотиб олиб юради. Шунинг учун ҳам руҳиятшунослар бошига бир иш тушган кишини бирор иш билан банд қилиб қўйишни тавсия қилмоқдалар.
Энг муҳими, Аллоҳ таоло Ўзига таваккал қилиб, меҳнатга боши билан шўнғиган бандаларини севади.
Музаффархон АЪЗАМ,
“Пул емас ота” жоме масжиди имом-хатиби