Сафар одоблари
БИРИНЧИ ФАСЛ
Сафар уч қисм (фарз, фазилат ва мубоҳ)га бўлинади. Фарз сафари ҳаж қилиш, илм олиш, ота-она чақирса, дарҳол бориш, зулмни бартараф этиш кабилардан иборат.
Фазилат сафарининг турлари жуда кўп.
Рўзғор тебратиш учун тижорат ниятида ёки томоша ва кўнгил ёзиш учун сафар қилиш мубоҳдир.
ИККИНЧИ ФАСЛ
Сафарнинг фойдалари кўп. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу сафарнинг беш фойдасини баён қилган.
Биринчиси, ғам-андуҳни кетказади; иккинчиси, тирикчилик сармояси ҳосил бўлади; учинчиси, илм ҳосил бўлади; тўртинчиси, одоб-ахлоқ мукаммаллашади; бешинчиси, улуғлар суҳбатида бўлинади.
УЧИНЧИ ФАСЛ
Мусофирнинг ўн беш одоби бор.
Биринчи одоб. Мусофир яхши ният қилиши керак.
Иккинчи одоб. Ота-она ва яқинларидан рухсат сўраш керак. Сафарга суннатга мувофиқ кунларда чиққан афзал. Пайшанба куни сафарга отланган маъқул. Шанба ёки чоршанба куни ҳам сафарга чиқиш суннатга мувофиқдир. Бирор кишидан қарз бўлса, сафар арафасида қарзлардан қутулган яхши. Йўлга чиқаётиб ота-она, қариндошлар, таниш-билишлар билан хайрлашиш керак.
Учинчи одоб. Кечаси кўпроқ йўл юрган яхши. Чунончи, салқинда йўл унади. Чарчаганда бир соат ором олиш керак. Йўлдан четроқда, зарарли ҳашаротлар кам жойда тўхтаган афзал.
Тўртинчи одоб. Агар йўлдан адашиб қолинса ва бирор аниқ белги топилмаса, ўнг томонга юрган афзал.
Бешинчи одоб. Ҳаргиз танҳо сафар қилмаслик зарур. Ҳамроҳлари ҳам камида уч киши бўлиши керак.
Олтинчи одоб. Агар кўпчилик биргаликда сафарга чиқса, бирор жойда ором олмоқчи бўлса, ҳамроҳлар бир-бирларига яқин жойларни танлаши лозим. Бир жойда жамланиш яхшидир.
Еттинчи одоб. Бир гуруҳ одамлар сафарга чиқишса, ораларидан тақводор ва илмли одамни ўзларига бошлиқ қилиб сайлашлари керак. Бундай киши бўлмаса, ҳимматлироқ кишини танлаш зарур. Унга итоат этиш ва бўйсуниш лозим. Бошлиқ ҳам ўтириб олиб буйруқ беравермай, барча қатори ҳаракат қилиши даркор.
Саккизинчи одоб. Йўлда заиф ва нотавон кишилар учраб қолса, уларга кўмак бериш керак.
Тўққизинчи одоб. Киракаш уловига меъёридан ортиқ юк ортмаслиги керак. (Бугун ҳам замонавий автоуловларга меъёридан ортиқ юк ортмаслик тавсия этилади.)
Ўнинчи одоб. Ҳайвонлар (туя, от, эшак, хачир)га ҳам меъёридан ортиқ юк юкламаслик керак. Жониворларни очлик, ташналикдан асраш лозим. Бирор жойга қўноқлаганда, дастлаб уловдаги юкни тушириш керак.
Ўн биринчи одоб. Сафарга эҳтиёждан ортиқ нарсани олмаслик керак.
Ўн иккинчи одоб. Агар мусофир бирор шаҳарда ўлат тарқалган бўлса, у шаҳарга бормаслиги керак. Агар мусофир бирор шаҳарда эканида ўлат тарқаса, у бу шаҳардан чиқиб кетмаслиги керак.
Ўн учинчи одоб. Мусофир узоқ сафардан қайтаётиб тўсатдан яқинлари олдига бормаслиги керак. Дастлаб бирор кишини жўнатиб, ўзи ҳақида хабар бериши лозим. Туш ва аср пайти сафардан уйга қайтиб келиш мустаҳабдир. Кечаси келиш макруҳдир.
Ўн тўртинчи одоб. Аҳли аёли, фарзандлари, қариндошларига совғалар олиб келиш керак.
Ўн бешинчи одоб. Муқим яқинлар ва ошнолар мусофирни кутиб олиш учун унга пешвоз чиқишлари мустаҳабдир.
ТЎРТИНЧИ ФАСЛ
Мусофирнинг муқим олдида тўрт одоби бор.
Биринчи одоб. Мусофир муқимнинг олдига кирса, одоб ва ҳурмат билан салом беради ҳамда қуйироқда ўтиради. Агар муқим уни тўрга таклиф қилса, тортинмасдан айтилган жойга ўтириш керак.
Иккинчи одоб. Муқимга таклиф ва эътироз билдирмайди. Агар шариатга хилоф иш бўлса, эътироз билдирса бўлади. Муқимни хизматга буюрмайди. Ўзи учун зарур нарсаларда уни безовта қилмайди. Дунёвий ишларини битириб олиш мақсадида мусофир муқимни сарой ёки бошқа ташкилотларга зўрлаб олиб бормаслиги зарур.
Учинчи одоб. Агар муқим мусофирга бирор иш буюрса, уни бажариши лозим.
Тўртинчи одоб. Муқимга мусофир ҳаддин зиёд хушомад қилмайди. Сафардаги кўнгилсиз воқеа-ҳодисаларни айтмайди.
Муқимнинг мусофир олдида олти одоби бор.
Биринчи одоб. Мусофирни иззат-икром қилади.
Иккинчи одоб. Мусофирнинг таъбига кўра иш тутади. Агар у суҳбат хоҳласа, гурунглашади. Хилватни хоҳласа, ёлғиз қолдиради.
Учинчи одоб. Агар мусофир ҳаммомга тушишни истаса, олиб боради. Кийими кир бўлса, ювдиради.
Тўртинчи одоб. Уч кундан сўнг мусофирдан тарихий масканларни зиёрат қилиш ёки шаҳарни томоша қилиш бўйича истагини сўрайди. Нимани хоҳласа, шуни бажо келтиради. .
Бешинчи одоб. Агар мусофир эзгу мақсадларини изҳор қилса, уларни рўёбга чиқаришда кўмаклашади.
Олтинчи одоб. Мусофир, ҳақиқатан, толиби илм бўлса, ёлғончи бўлмаса, муқим унинг суҳбатига ижозат беради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Иброҳимжон ИНОМОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 11-сонидан