Кентуккилик мусулмонлар Капитолийда намоз ўқийди
Американинг Кентукки штати мусулмонлар жамоаси тарихда биринчи марта бутун кунни штат марказидаги Капитолий биносида ўтказадиган бўлди.
2020 йилнинг 22 январида штат пойтахти Франкфорт шаҳридаги Капитолийда мусулмонлар куни ўтказилади. Штатнинг турли бурчакларидан келган мусулмонлар Капитолийда депутатлар билан учрашади, шунингдек бинонинг гумбазли қисмида жамоат бўлиб намоз ўқийди, дея хабар бермоқда WKU радиоси.
Америка-Исломий алоқалар кенгаши (CAIR) Кентукки филиали раҳбари Воҳида Муҳаммаднинг сўзларига кўра, ушбу тадбирнинг асосий мақсадларидан бири ислом дини ҳақидаги нотўғри стереотиплар ва уйдирмаларга қарши курашишдир. Тадбир иштирокчилари баъзи қонун лойиҳаларини, жумладан, зўравонликка қарши курашиш тўғрисидаги қонунларни такомиллаштириш бўйича фикрларини айтишни режалаштирган. Тадбирда губернатор Анди Бешеар қатнашиши кутилмоқда.
Капитолийда мусулмонлар кунини ўтказиш мамлакатнинг бир қатор штатларида, хусусан, Айова, Оклахома, Калифорния ва Вашингтонда яхши анъанага айланиб улгурган.