Қўшнининг ҳақларига риоя этиш
Динимизда меҳр-оқибат, қўни-қўшничилик каби жамият равнақи ва осойишталигини таъминловчи масалаларга алоҳида эътибор берилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Жаброил (алайҳиссалом) менга қўни-қўшничилик ҳақида жуда кўп васият қилди, мен ҳатто қўшнилар яқинда меросхўр бўлиб қолармиканлар, деган ўйга бордим”.
Қўшниларга худди мерос оладиган яқин қариндошлар каби яхши муносабатда бўлиш кераклиги ҳақида ушбу ҳадис келтирилади. Бу бежиз эмас, албатта, чунки оқибатли қўшнилар дунёда инсоннинг бахтли умр кечиришига сабаб бўлади. Халқимизнинг “Ҳовли олма, қўшни ол” деган мақоли айни шу ҳақиқат ифодасидир.
Аллоҳ таоло инсонлар дунёда фаровон, тинч ва осуда ҳаёт кечириши, ўзаро ҳамжиҳат яшаши ва икки дунё саодатига эришиши учун лозим бўладиган омилларни мукаммал тарзда баён қилиб берган. Қўшничилик тушунчаси халқимиз онгида мустаҳкам ўрнашиб, бу борада бутун дунёга намуна ва ибрат бўла оладиган даражага келган. Қўни-қўшниларнинг ўзаро иноқлиги, бир тану бир жонлиги, дўстона муносабатлари, лозим бўлганида ишларнинг маслаҳат билан қилиниши маҳалла деган тушунчани шакллантиради. Маҳаллада тўй-аза бўлганида қўшнилар чиқиб ёрдамлашиши, меҳмонлар кутиб-кузатиши, байрам кунлари бир-бирининг уйига таом чиқариши гўзал урф-одатимизга айланган. Аслида, қўшнилар билан чиройли ва самимий муносабатда бўлиш, беморлигида ҳолидан хабар олиш, ҳақларига риоя қилиш, тўй-ҳашамларида хурсандчилигига шерик бўлиш ва мусибат етганида ёнида туриш ҳар бир мўминнинг вазифасидир.
Баъзи уламолар наздида, киши уйининг ҳар томонидан қирқтагача хонадон унга қўшни ҳисобланади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қўшни ҳақи бунақасига ҳам, унақасига ҳам, шунақасига ҳам: ўнгу сўл, орқа-олдидан қирқта ҳовлидир”, дедилар. Ҳазрат Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу): “Сенинг чақириғингни эшитган ҳар бир киши қўшнидир”, деган. Яна уламолар бир масжидда намоз ўқийдиган ҳар бир киши қўшни экани ҳақида айтишган.
Инсон ҳаётининг яхши-ёмон, шодлигу хафалик кунларида қўшнилар ёрдамига, уларнинг мададига муҳтож бўлади. Ҳатто кишининг бахту омади ҳам яхши қўшниларга боғлиқдир. Шундай экан, қўшнининг ҳақи ҳам мана шунга лойиқ бўлиши лозим. Ислом дини қўшнига эътибор, қўшни ҳақини таъминлаш масаласида инсоният тарихида энг юксак чўққига кўтарилган.
Қўшнилар уч турли бўлади: мусулмон бўлмаган қўшни, мусулмон қўшни ва мусулмон қариндош қўшни. Мусулмон бўлмаган қўшнининг ҳамсоясида қўшнилик ҳақи бор. Мусулмон қўшни қўшнилик ҳақидан ташқари диндошлик ҳақига эга. Мусулмон қариндош қўшнининг эса қўшнилик, диндошлик ҳақи билан бирга яна қариндошлик ҳақи ҳам бор.
Ойша (розияллоҳу анҳо) онамиздан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай буюрдилар: “Кимга мулойимликдан насиба берилган бўлса, демак, унга дунё ва охират яхшилигидан насиба берилибди. Силаи раҳм, ҳусни хулқ, яхши қўшнилик юртни обод қилади, умрни узайтиради”.
Қўшнига азият етказмаслик, қўшнидан келадиган ғам-ташвишга сабр қилиш лозим. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларига азият берадиган ғайридин қўшниларига ҳам чиройли муносабатда бўлганлар.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир куни: “Аллоҳга қасам, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасам, мўмин бўлмайди! Аллоҳга қасам, мўмин бўлмайди!” дедилар. Шунда саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, ким (мўмин бўлмайди)?” деб сўрашди. У зот: “Қўшниси унинг ёмонлигидан омонда бўлмайдиган киши”, деб жавоб бердилар.
Абдуллоҳ ибн Муборак (розияллоҳу анҳу)нинг бир яҳудий қўшниси бўлиб, ҳовлисини сотмоққа тутинди. Ундан қанчага сотишини сўрашганида, икки минг динорга сотишини айтди. Одамлар, бунинг нархи минг динордан ортиқ эмас, дейишганида, уй эгаси: “Минг динор ҳовли учун, яна минги Абдуллоҳ ибн Муборакка қўшнилик учун”, деди. Бу гапдан Абдуллоҳ ибн Муборак хабар топиб, муҳтожликдан уйини сотаётганини билгач, унга минг динор бериб: “Ҳовлини сотма”, дедилар.
Қўшни ҳолидан доимо хабардор бўлиб туриш керак. Жаноб Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қўшниси ёнида оч туриб, ўзи қорни тўқ бўладиган одам ҳақиқий мўмин эмасдир”, деганлар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Ким бола-чақаси ва молидан қўрқиб, дарвозасини қўшнисидан ёпиб олса, ундай қўшни мўмин эмас. Унинг ёмонлигидан қўшниси саломат бўлмаган киши ҳам мўмин эмасдир. Қўшни ҳақи нима эканини биласанми? Сендан ёрдам сўраса, ёрдам кўрсатишинг; қарз сўраса, қарз беришинг; муҳтож бўлиб қолса, хабар олишинг; касал бўлса, бориб кўришинг; яхшилик етса, табриклашинг; мусибат етса, таъзия изҳор этишинг; вафот қилса, жанозасига боришинг; ундан ҳавони тўсиб қўяр даражада баланд иморат қилмаслигинг, агар ўзи изн берса, зарари йўқ; пишираётган таоминг ҳиди билан унга озор етказмаслигинг, агар унга ҳам сузиб берсанг, майли; қачон бирор мева сотиб олсанг, унга ҳам шу мевадан ҳадя қил, агар буни қилмасанг, олиб келганингни кўрсатма, болаларинг ҳам қўшнининг болалари ғашини келтириш учун кўчага олиб чиқмасин. Қўшни ҳақи нима эканини биласизларми? Жоним Унинг измида бўлган Зотга қасам, қўшни ҳақини фақат Аллоҳ раҳм қилган оз кишиларгина ўрнига қўя олади”.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 30000 сўм