Табриклаш одоби
Фарзанд одобини камолга етказадиган тарбиявий ишлардан яна бири керакли ўринларда самимий табриклашга одатлантиришдир. Шунда бола билан жамият ўртасида ўзаро дўстлик, қадрдонлик, меҳру муҳаббат зиёда бўлади. Табриклашнинг турли шакллари бор. Аввало, мураббийлар фарзанднинг руҳиятини кўтариш мақсадида кичкина ютуғи билан ҳам табриклаб, муносиб баҳолаши керак. Байрамлар ва шунга ўхшаш саодатли кунларида табриклаш айни муддаодир. Бундай эътибор, самимий тилаклар уларнинг хотираларида муҳрланиб қолади. Зеро, айтган гапига аввал ўзи амал қилиб ибрат кўрсатиш тарбиянинг таъсирчан, самарали усулидир. Бу борадаги бир ибратли воқеа билан танишамиз.
Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳузурларига бир киши ўз фарзандини олиб келиб: «Ҳазрат, шу ўғлимга бир насиҳат қилсангиз, кун бўйи асал егани еган. Тугаб қолса, “Олиб келинг” деб жанжал қилиб, ҳоли жонимга қўймайди. Онаси иккаламиз қанча панду насиҳат қилмайлик, ҳеч кор этмаяпти”, дея шикоят қилди. Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) бир оз ўйланиб туриб: “Фарзандингизни бир ойдан кейин олиб келинг”, деди. Ҳалиги киши бир ойдан кейин яна Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳузурларига келди. Шунда Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) унинг ўғлини ёнларига ўтқизиб, бошини силадилар-да: “Ўғлим, эсли-ҳушли бола экансан, асалнинг кўпи ҳам зарар, шунинг учун ота-онангга қулоқ солиб, рухсат беришган вақтдагина егин, хўпми?” деди. Бола эса: “Хўп бўлади”, деб жавоб берди. Шунда боланинг отаси:
– Тақсир, бир нарса сўрасам? – деди.
– Марҳамат.
– Шу бир оғиз насиҳатингизни ўтган ой келганимизда айтсангиз бўлмасмиди? Бир ой куттирмоқдан муддао нима?
– Сизлар келган куни эрталаб асал еган эдим. Асалнинг қуввати ва таъсирини ҳали яхши билмай туриб, “Асал ема”, деб насиҳат қилишдан тийилдим, чунки сўзимнинг таъсири бўлмай қолиши мумкин эди. Шу боис сизларни қайтариб юборгач, бир ой давомида ўзимни асал емоқдан тийдим. Иншааллоҳ, фарзандингизга бу насиҳат энди фойда беради», – дея жавоб бердилар.
Бу сабоқ ва ўрнак катта амалий бир дастурдир.
Мусулмон киши ҳаёти давомида ҳар қандай солиҳ амал бажарса, унинг самарасини бу дунёда ҳам олади. Албатта, Аллоҳ ҳузурида улуғ савобларга мушарраф бўлади.
Кишиларни табриклаш ва уларнинг қалбига хурсандчилик етказиш Ислом динимиз назарида энг катта қурбат, яъни Аллоҳга яқин қилувчи ва фарз амаллардан кейин турадиган, Аллоҳга севимли бўлган амаллардандир. Бундай амаллар гуноҳлар кечирилишига сабаб бўлади ва жаннатга йўл очади. Ушбу улуғ неъматлар, савоблар ҳақида башорат берилган муборак ҳадиси шарифларни ўқиб ўрганар экансан, беихтиёр бутун вужудинг ила эзгулик қилиб, кишилар қалбини қувончга тўлдиргинг келади.
Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Ким биродарига уни хурсанд қилиш учун яхши кўрган нарсасини берса, Аллоҳ таоло қиёмат куни уни мамнун қилади”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
رَوَى الطَّبَرَانِي فِي (الْكَبِيرِ) عَنِ الْحَسَنِ بْنِ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ من مُوجِبَاتِ الْمَغْفِرَةِ إِدْخَالُ السُّرُورِ عَلَى أَخِيكَ المُسْلِمِ
Имом Табароний Ҳасан ибн Алидан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон биродарингга хурсандчилик улашиш гуноҳлар кечирилишини вожиб қиладиган амаллардандир”, дедилар.
رَوَى الطَّبَرَانِي فِي (الْأَوْسَطِ وَالْكَبِيرِ) عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أنَّ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ أَحَبَّ الْأَعْمَالِ إِلَى اللهِ تَعَالَى بَعْدَ الْفَرَائِضِ إِدْخَالُ السُّرُورِ عَلَى الْمُسْلِمِ
Имом Табароний Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзлардан сўнг Аллоҳ таолога маҳбуб амаллар мусулмонга хурсандчилик улашишдир”, дедилар.
Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: “Ким мусулмонларнинг (аҳли байтига) қалбларини хурсандчилик ила тўлдирса, Аллоҳ унга жаннатдан ўзга мукофот беришга рози бўлмайди”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Табриклашда хурсандчилик ва эътибор қилиш
Каъб ибн Молик (розияллоҳу анҳу) қиссасида келтирилади: Каъб ибн Молик: «Баланд овозда “Эй Каъб ибн Молик, табриклайман”, деяётган овозларни эшитдим. Одамлар мени табрикладилар. Мен Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўришни истаб чиқдим. Одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб келиб, мени тавбамнинг қабул бўлгани билан табриклардилар. “Аллоҳ тавбангни қабул қилгани билан табриклаймиз”, дейишди. Шунда масжидга кирдим, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) атрофларида одамлар ўтиришарди. Талҳа ибн Убайдуллоҳ туриб келди ва мени қучоқлаб табриклади» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Каъб ибн Молик айтади: «Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) салом бердим, ул зотнинг юзлари хурсандчиликдан порлади ва менга: “Онанг сени дунёга келтирган кунидан ҳозиргача бўлган кунларнинг энг яхши куни – тавбанг қабул бўлган кун билан табриклайман”, дедилар».
Суннати Набавий бизни гўзал табрик ва чиройли дуо сўзларидан фойдаланишга буюради. Мусулмон киши уни пухта ўрганиши ва муносиб вақтда айтиши лозим.
Фарзандли бўлган кишини табриклаш
Янги фарзандли бўлган кишига қуйидаги дуони айтиш мустаҳабдир: “Бурик лака бил мавҳуб ва балаға ашуддаҳу”.
Табрик қабул қилувчи эса: “Баракаллоҳу лака ва барака аълайка ва розақокаллоҳу мислаҳу”, дейди.
Сафардан қайтган кишини қутлаш
Сафардан қайтган кишига салафлар ривоят қилган ушбу қутлов сўзи айтилади: “Алҳамду лиллаҳиллази саламака ва жамаъа ашшамла бика ва акрамака”.
Ҳаждан келган кишини қутлаш
Ҳаждан келган кишига: “Қобилаллоҳу ҳажжак ва ғофара занбак ва ахлафа нафақатак”, дейиш мустаҳаб.
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Бир йигит Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб: “Ҳаж қилмоқчиман”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у билан юриб: “Эй йигит, Аллоҳ тақвони сенга зийнат қилсин ва сени яхшиликка юзлантирсин, ғам-андуҳни кетказсин”, дедилар. Йигит ҳаждан келганида, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй йигит, “Қобилаллоҳу ҳажжак ва ғафара занбак ва ахлафа нафақатак” (маъноси: Аллоҳ ҳаж ибодатингни қабул қилсин ва гуноҳингни авф қилсин ва нафақангни қайтиб берсин), дедилар» (Ибн Сунний ривояти).
Никоҳни қутлаш
Никоҳдан сўнг келин-куёвнинг ҳар бирига қуйидаги дуони айтиш мустаҳаб: “Баракаллоҳу лака ва барака алайка ва жамъа байнакума фи хойрин”.
Яъни: “Аллоҳ баракотлар берсин ва уни сенга баракотли қилсин ва ораларингизни яхшиликда бирлаштирсин”.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар бирон киши уйланса, унга: “Баракаллоҳу лака ва барака алайка ва жамаъа байнакума фи хойрин”, деб айтардилар» (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
رَوَى أَحْمَدُ وَالنَّسَائِي عَنْ عُقَيلِ بْنِ أَبِي طَالِبٍ أَنَّهُ تَزَوَّجَ إِمْرَأةً من بَنى جَشْمٍ فَدَخَلَ القَوم عَلَيْهِ فَقَالُوا: بِالرِّفَاءِ وَالْبَنِينَ، فَقَالَ: لاَ تَفْعَلُوا ذَلِكَ ، فإِنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَهَى عَنْ ذَلِكَ قَالُوا: فَمَا نَقُولُ يَا أَبَا زَيْدٍ؟ قَالَ: قُولُوا: بَارَكَ اللهُ لَكُمْ وَبَارَكَ عَلَيْكُمْ. (إِنَّا كَذَلِكَ كنا نُؤْمَرُ.)
Имом Аҳмад ва Насоий Уқайл ибн Абу Толибдан ривоят қилади: «Уқайл ибн Абу Толиб Жашм қабиласидан бир аёлга уйланди. Одамлар унинг олдига кириб “Бахт ва ўғиллар тилаймиз”, дедилар. Шунда: “Бундай деманглар, чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундан қайтарганлар”. “Эй Абу Зайд, унда нима деймиз?” дедилар. “Баракаллоҳу лакум ва барака алайкум, денглар. Бизга шу буюрилган эди”, деди».
Али ибн Абу Толиб Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) қизлари Фотимага (розияллоҳу анҳо) уйланишдек бахтга мушарраф бўлиш олдидан, тўй тадориги билан сарфу харажатлар учун совутини сотмоқчи бўлиб бозорга борди. У жойда ҳазрат Усмонни учратиб қолди. Ҳазрат Али уйланиш ва маҳр учун совутини сотишга келганини айтди. Ҳазрат Усмон унга тўрт юз саксон дирҳам бериб совутни сотиб олди. Кейин эса яна совутни ҳазрат Алининг қўлига тутқазиб: “Эй Али, Аллоҳ йўлида хизмат қилишинг учун ушбу совутни мендан тўй совғаси сифатида қабул қил”, деб уни ҳадя қилди.
Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) ана шундай ўткир фасоҳатли инсон эдилар. Бу қадар олийҳимматлик ила Алига (розияллоҳу анҳу) бир вақтнинг ўзида керакли маблағни бердилар, яна тўй ҳадяси сифатида Алининг (розияллоҳу анҳу) ўзига жуда ҳам керак бўлган, бироқ зарурият юзасидангина сотган қимматбаҳо совутларини қайтариб бердилар. Ҳазрат Усмон (розияллоҳу анҳу) шу қадар юксак фаҳму фаросат билан тадбир қўллади, натижада Али (розияллоҳу анҳу) катта қувонч билан ортларига қайтдилар. Ҳазрат Усмон: “Мен сенга қарз бериб тураман, совутни сотма” ёки “Совут жангда керак бўлади, мана бу пул сенга тўёна” деганида ҳам бўларди, аммо бундай вазиятда Али (розияллоҳу анҳу) гарчи хафа бўлмаса-да, бундан хурсанд бўлмаслиги аниқ эди. Бу ибрат олишимиз лозим бўлган олий сифатлардан биридир. Демак, никоҳ тўйи бўлаётган кишини нафақат оғзаки табриклаш, балки унга совға тақдим қилиш ҳам яхшидир.
Байрам билан табриклаш
Ҳайит намозидан сўнг: “Тақоббалаллоҳу минна ва минка” (маъноси: Аллоҳ биздан ва сиздан ибодатларимизни қабул қилсин), дейиш мустаҳабдир.
Ҳайит куни Холид Ибн Маъдон Васила ибн Ақъа билан учрашиб қолди. Шунда Холид: “Тақоббалаллоҳу минна ва минка”, деди. Бу Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтиб юрган дуодир.
Икки ҳайит байрамида кишилар бир-бирларини қутлашлари ва бир-бирларига хурсандчилик улашишлари лозимлиги кўп нодир манбаларда ёзилган.
Яхшилик қилган кишини қутлаш
Яхшилик қилган кишига “Баракаллоҳу лака фи аҳлик ва малика ва жазакаллоҳу хойрон” (маъноси: Аллоҳ сени, аҳлингни ва молингни марҳаматига сазовор қилсин ҳамда сенга яхши мукофотлар берсин), дейиш мустаҳабдир.
Абдуллоҳ ибн Абу Робиъа (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мендан қарз сўрадилар. Бир муддатдан кейин уни қайтардилар ва: “Боракаллоҳу лака фи аҳлика ва малика”, дедилар» (Имом Насоий ва Ибн Можа ривоятлари).
رَوَى التِّرْمِذِيُّ عَنْ أُسَامَةَ بْنِ زَيْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وسَلَّمَ قَالَ: مَنْ صُنِعَ إِلَيْهِ مَعْرُوفٌ فَقَالَ لِفَاعِلِهِ: جَزَاكَ اللهُ خَيْرًا فَقَدْ بَلَغَ فِي الثَّنَاءِ
Имом Термизий Усома ибн Зайддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Кимга яхшилик қилинса, қилувчига “Жазакаллоҳу хойрон” (Аллоҳ яхши мукофот берсин) дейилса, батаҳқиқ, мақтовда етук қилибди», дедилар.
Табрикловчи ва табрикланувчи масур дуоларни айтишни одат қилиши афзалдир.
Табриклаш чоғи совға бериш мустаҳабдир
Янги фарзанд туғилган хонадон аҳлига ва сафардан қайтган кишига, шунингдек, висол кечасига кирувчига совға бериш мустаҳабдир.
Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: “Эй мўминларнинг аёллари, ўзаро совға улашинглар, ҳатто қўйнинг бир оёғини бўлса ҳам. Чунки у дўстликни пайдо қилади ва гиналарни кетказади”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
رَوَى الْبُخَارِىُّ فِي (الْأدَبِ الْمُفْرَدِ) عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ مَرْفُوعًا: تَهَادَوْا فإِنَّ الْهَدِيَّةَ تُذْهِبُ وَحْرَ الصَّدْرِ (وحر الصدر: غِشُّهُ وَحِقْدُهُ)
Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” асарида Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Ўзаро совға улашинглар, чунки у қалбдаги нафратни кетказади”, дедилар.
Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: “Ўзаро ҳадя улашинглар, ўзаро муҳаббатли бўласизлар”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Бу ҳадисларда кишилар ўртасидаги ўзаро совға улашишнинг фазилатлари таъкидланган. Айниқса, муайян бир хурсандчилик айёмларида, байрам ёки бирор-бир ёдда қоладиган кунларда совғалар улашиш турмушга янада файз ва кўтаринки руҳ бахш этади.
Ҳадя улашишлар кишиларни, хусусан, қариндош-уруғларни бир-бирларига янада жипслаштириб, ўзаро ҳурмату эҳтиром, меҳру муҳаббатлари зиёда бўлишида катта аҳамият касб этиши муқаррардир. Шу билан бирга, орага тушиб қолган хижиллик, гина, адоват барҳам топишига ёрдам беради.

Усмонхон АЛИМОВнинг
“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 24000 сўм