Аёл кишини кафанлаш
Аёл кишини кафанлаш учун энг камида учта кийим (изор, лифофа ва химор) ишлатилади. Бунда кафанлашдаги суннат бешта кийимдир: диръ[1], химор[2], изор, лифофа, хирқа[3]. Бунга далил:
Умму Атийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қизларинни юваётган аёлларга (кафанлаш учун) бешта кийим берганлар.
Аёл кишининг кафани қуйидагича ёзилади: аввал лифофа, изор (еркакларникидек), кейин хирқа ёзилади, хирқа аёлнинг кўкрак қисмидан оёғигача етадиган бўлиши керак. Бу хирқа маййит кўтариб олиб борилаётганда сонлари ёйилиб кетмаслиги учун керакдир. Аёлларни кафанга ўраш қуйидаги тартибда бажарилади. Маййитни ўрашда аввал кўйлак кийгизилади. Сочини икки тақсимлаб, кўкрак устига қўйилади, бошини рўмол билан ўралиб, рўмолнинг икки учи соч устига ташлаб қўйилади. Кейин изор, яъни иштоннинг чап тарафи, сўнгра ўнг тарафи алоҳида-алоҳида ўралади. Сўнгра унинг устидан лифофа ҳам шу тариқада ўралади. Лифофа ўралгач, сийнабанд ўралади, охирида кафаннинг бош ва оёқ қисмларининг учлари боғланиб, маййитнинг бел қисмидан ҳам белбоғ боғланади.
Маййитни кафанлагандан кейин тобутга жойлаш учун ювилган хонадан боши билан чиқарилади ва тобутга ҳам бош тарафи билан киритилади. “Салоти Масъудий” китобида айтилишича, “Мурдани тобутга боши илгари қилиб солинади, жойига элтилгач, оёғи илгари чиқарилади. Халқ орасидаги урфиятга кўра, маййит эркак булса, тобутнинг бош тарафига чопон, агар аёл бўлса, паранжи ёйиб қўйилади.
Балоғатга етмаган ўғил бола ва кичик қиз бола катталар кафанлангани каби кафанланади.
Агар чақалоқ ўлик туғилса, матога ўралади. Чақалоққа ном қуйилади ва жаноза ўқилмасдан дафн қилинади. Борди-ю, чақалоқ тирик туғилиб, ўлса, ювилади, ном қўйилади, матога ўралади, жаноза намози ўқилиб, дафн этилади.
Агар бир инсон сувга чўкиб ўлса, сувдан олингач, ювилади (ёки сувга бир солиб олинади), кафанланади ва жаноза намози ўқилиб, дафн қилинади.
Юқорида келтирилган маълумотлардан келиб чиқадики, маййит уч ўринда хушбўйлантирилади. Бу ўринлар қуйидагилардир:
- Вафот этиши биланоқ.
- Ғусл қилдиришдан аввал.
- Кафанлаётганда.
Қабрни хушбўйлантириш шариатимизда макруҳ саналади[4].
[1] Диръ – сийнабанд бўлиб, аёл кишининг кўкрак қисми ўраладиган мато.
[2] Химор – рўмол.
[3] Хирқа – унинг ёрдамида аёлнинг кўкраги ва қорни устидан боғланади.
[4] Усмон ибн Али Зайлаъий Ҳанафий. «Табйинул ҳақоиқ шарҳу канзул–дақоиқ». Миср: «Ал–матбаатул–куброл–амирия». 1313-ҳ.й, 1-жуз, 238-бет.

Пўлатхон КАТТАЕВнинг
“Исломда жаноза” китобидан