Таъзияхонами ёки ғийбатхона?
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Беҳуда нарсаларни тарк этиш киши Исломининг гўзаллигидандир” (Имом Термизий ривояти).
Ёшлигимизда қишлоғимиздаги таъзия бўлган хонадонга борганлар кўзида ёш билан маййитнинг яқинларини бағрига босишарди. Марҳумнинг яхши сифатлари, хайрли-савобли ишлари ёдга олиниб, дуолар қилинарди.
Бугун одамларга нима бўлган, деб ўйлайсан. Меҳр-оқибатга дарз кетдими, мотамхоналар ғийбатхонага айланиб бораётганга ўхшайди.
Аввало, шуни айтиш керакки, жаноза намозига борганлар, миллий қадриятларимизни унутмаслиги лозим. Гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, айрим инсофсизлар аза маросимига “шайтон суви”дан ичиб кириб келишмоқда. Бу марҳумга, унинг хонадони аъзоларига, халқимиз урф-одатларига ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас.
Яна баъзи бировлар таъзия бўлган хонадонга ихлос, меҳр, одамийлик назари билан эмас, шунчаки “кўриниш” учун келишади. Хонадон аҳлига номига “ҳамдардлик” билдиришгач, қатор терилган стулларга ўтириб олиб бозордаги нарх-наводан, қайбир бойвачча ўтказган тўйда дастурхонга нималар қўйилганидан, кимнинг ўғлию келинидан, қўйди-чиқдилардан гап очишади, ғийбатни авж олдиришади. Оқсоқоллардан бири: “Бу ер тўйхона ёки миш-мишхона эмас, таъзияхона. Ҳеч бўлмаса, марҳумни ҳурмат қилинглар”, деганидан кейин орага озгина жимлик чўкади-ю… бироздан кейин яна пичир-пичир, шивир-шивир бошланиб, ғийбат-суҳбатлар авжланади.
Тавба, дея ёқа ушлайсан. Одамийлик, қадр-қиммат, фаҳм-фаросатдан шунча узоқлашиб кетдикми? Бу иллатлар маънавий қашшоқлик, илмсизлик, шариатимиздан бехабарлик оқибати, деб ўйлайман. Айримлар таъзияга бориб савоб ўрнига гуноҳ орттириб кетишмаяптими, деб дилим оғрийди.
Бобоқул УСМОНОВ
Бухоро вилояти Шофиркон тумани, фахрий журналист
Азиз журналхон, сиз ҳам ўзингиз яшаб турган ҳудудда бундай ҳолатларга дуч келасизми? Айни борада ибратли тажрибаларингиз, маслаҳатларингиз бўлса, бизга ёзиб юборишингизни сўраймиз.
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 11-сонидан