Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини зиёрат қилиш – маҳбуб амал
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини зиёрат қилиш Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган улуғ амаллардандир. Бунга аввалдан то бизнинг замонамизгача ҳар бир аср мусулмонлари иттифоқ бўлиб келишган. Фақатгина Ибн Таймия (Аллоҳ уни кечирсин) бу масалада хилоф қилган. У: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини зиёрат қилиш шариатда йўқ” дейди. Бу хусусда мусулмон уммати эса ўзининг ижмосига бир қанча далилларни келтиради.
Биринчи далил: барча қабрларни зиёрат қилиш шариатда бор бўлиб, мустаҳаб саналади. Биз юқорида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар кечада Бақиъ қабристонига бориб, унинг аҳлига салом бергани, уларнинг ҳаққига дуо-истиғфор айтгани ҳақида зикр қилиб ўтдик. Бунинг тафсилоти ҳақида кўплаб саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари ҳам умумий қабрлар қаторига киради. Шунга кўра, бошқа қабрларнинг ҳукмлар унга ҳам жорий қилинади.
Иккинчи далил: саҳоба ва тобеинлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини зиёрат қилиш ҳамда ҳар гал равзалари ёнидан ўтганда у зотга салом беришга ижмо қилганлари собит бўлган. Бу нарса улуғ имомлар, жумҳур уламолардан ривоят қилинган бўлиб, улар орасида Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ ҳам бор.
Учинчи далил: саҳобалардан кўплари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини зиёрат қилгани ҳақида хабарлар мавжуд. Улардан Билол розияллоҳу анҳуни Ибн Асокир яхши санад билан, Ибн Умар розияллоҳу анҳумони Молик ибн Анас Муваттода, Абу Айюб розияллоҳу анҳуни Аҳмад ривоят қилиб келтирган. Улардан бирортаси бу ишни инкор ёки танқид қилгани ҳақида гап-сўз йўқ.
Тўртинчи далил: Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ саҳиҳ санад билан келтирган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга кузата туриб: “Эй Муъоз, балки сен бу йилдан кейин мени учратмассан. Эҳтимол, сен менинг масжидим ва қабрим ёнидан ўтарсан” деганлар. Араб тилидаги “лаъалла” калимаси умид қилинадиган барча ҳолатлар учун келади. Агар унинг хабарига “ан” ҳарфи кириб келса, таклиф ва истакни ифодалайди. Шунда жумла тушунарли ибора билан Муъоз розияллоҳу анҳуга Мадинага қайтганида у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом йўллаш учун қабрлари ва масжидларига келиши ҳақида тавсия берилганини англатади.
Ибн Тамиянинг мазкур масалада хилоф қилиши қуйидаги ҳадисларга бориб тақалади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч масжид – Масжидул Ҳаром, менинг масжидим ва Масжидул Ақсодан бошқасига сафар қилиш йўқ” дедилар.
У зот яна: “Аллоҳ таоло Пайғамбарларининг қабрларини масжид қилиб олган яҳудийларни лаънатлади” дедилар.
Бошқа ҳадисларида: “Қабримни ийд (байрамгоҳ) қилиб олманглар” дея марҳамат қилинади.
Биринчи ҳадисда тушириб юборилган мустасно минҳуни ўрнига қайтарганда “Уч масжиддан бошқа масжидларга сафар қилиш йўқ” дегани жумла ҳосил бўлади. Маъноси эса фақат мана шу уч масжиддан бошқа барча масжидлар фазилатда тенг, деганидир. Уларнинг бошқалардан фазилати зиёрат, эътикоф ёки шу каби ишларда намоён бўлмайди. Фақиҳлар мана шу ҳадисга таяниб: Агар бир киши юқоридаги уч масджиддан бошқа бирорта масжид номини айтиб, унда эътикоф ўтиришни назр қилса, унга айнан ўша масжидда ўтириш вожиб эмас. Хоҳлаган масжидида эътикоф ўтириб, назрини адо қилиши мумкин, дейишади.
Хулоса қилиб айтганда, ҳадис маъноси қуйидагича бўлади: Уни кўзлаб узоқ масофадан йўлга чиқиладиган энг афзал масжид мана шу учовидир.
Иккинчи ҳадисга келсак, унинг зиёрат мавзусига умуман алоқаси йўқ. Унда анбиёларнинг қабрлари ва унинг атрофини масжид – намозгоҳ қилиб олишдан қайтарилган. Агар қабрларни зиёрат қилиш уларни масжид қилиб олишга киради дейилса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бақиъ қабристонини зиёрат қилмаган бўлардилар. Зеро, у зот доимо Бақиъни зиёрат қилардилар.
Учинчи ҳадис маъносини уламолар “Худди ийддагидек қабримни зиёрат қилиш учун муайян вақтни белгилаб олманглар” деб изоҳлайди. Бунга яна байрамларда бўладиган бақир-чақир, ўйин-кулги, ясан-тусан кабиларни қўшиш мумкин. Аммо бу ердаги қайтариқ у зотнинг қабрларини зиёрат қилиш маъносидан буткул йироқ…
Юқоридаги илмий баҳсдан нафақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини, балки бошқа қабрларни ҳам зиёрат қилиш шариатга зид эмаслиги равшан бўлди. Албатта, бунда инсонлар учун бир қатор фойдалар ҳам бўлиб, уларнинг энг асосийси охиратни эслатиб туради.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини зиёрат қилиш – Аллоҳ таолога маҳбуб амал. Шу сабаб ислом уммати мана ўн беш асрдирки, бу нарсага оғишмай амал қилиб келмоқда. Ҳаж ва умра сафари дастуридан Мадинаи мунаввара зиёрати ҳам жой олиши ана шу маънони кўзда тутади.
Аллоҳ таоло барчамизга Ўзининг байтини, ҳабибининг масжиди ва равзаларини зиёрат қилиш бахтини насиб этсин!
Доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг
“Фиқҳус-сийра” асари асосида
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади