Мақолалар

Таъзия билдириш одоби

Чоп этилди Dekabr 23, 2019 Таъзия билдириш одобиda fikr bildirishni o'chirish

Ушбу одоб борасида муҳтарам уламоларимиз, устозларимиз битган жуда кўп мўътабар манбалар бор. Бундай ҳолатга  ҳар бир мусулмон фарзанди учраши табиий бир ҳол бўлгани учун ҳам унга бу одобни сингдирмоқ лозим. Инсон ҳаёт экан, ўлим соя солиб туради. Ҳар бир киши ота-онаси, яқини, қадрдони, азизи ёки дўсту биродарини бир кун келиб йўқотади. Шу важдан мусибатзада хонадонга бориб таъзия билдир­моқнинг ўзига хос тартиб-қоида ва одоб-ахлоқлари мавжуд бўлиб, уларни ўрнида қўллаш лозимдир.

Мусибат етган ҳолатда

Агар бир киши биродарининг вафот этганини эшитса: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун», дейиши керак.

Аҳли мусибатга хоҳ дафндан илгари, хоҳ дафндан сўнг, таъзия изҳор қилиш мустаҳаб. Имом Му­ҳаммад (раҳматуллоҳи алайҳ) наздиларида, таъзия уч кунгача жоиз. Ундан сўнг макруҳдир.

Тобут олиб кетаётган кишиларга сукут вожибдир. Бу ҳолда зикр ва фикрга машғул бўлиш мустаҳаб. Лекин зикр жаҳрий (баланд) қилинмайди. Аёлларнинг тобут орқасидан чиқишлари макруҳдир.

Аҳли мусибат қуйидагиларни айтади ва сабр қила­ди: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун. Аллоҳумма ажирни фи мусибати ва ахлифли хойрон минҳо».

Аҳли мусибат овоз кўтариб йиғламаслиги лозим бў­лади. Ҳадиси шарифда келишича, аҳли мусибатнинг овоз чиқариб йиғлашидан маййит азоб тортади.

Маййитни кўмганидан сўнг ҳар ким ўз ишига кетади. Бир ерда йиғилишиб ўтирилмайди, чунки бу май­йит учун ёмондир.

رَوَى ابْنُ مَاجَةَ وَالْبَيْهَقِي عَنْ عَمْرِو بْنِ حِزامٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ  عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ مُؤْمِنٍ يُعَزِّي أَخَاهُ بِمُصِيبَةٍ إِلاَّ كَسَاهُ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ مِنْ حُلَلِ الْكَرَامَةِ

Ибн Можа ва Байҳақий Амр ибн Ҳизомдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади, Набий (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам): “Мўмин киши мусибат етган биро­дарига таъзия билдирса, Аллоҳ азза ва жалла уни азизлик либоси билан безайди”, дедилар.

Дафн маросимидан олдин бўладими ёки уч кунлик аза давомида, аҳли маййитларнинг барчаларига таъзия билдириш жоиз бўлади. Аммо имкон қадар эшитиши билан дарҳол таъзия изҳор қилишга шошилиш лозим. Бироқ сафарда ёки шунга ўхшаш сабаблар туфайли ке­чик­кан одам уч кундан кейин ҳам таъзия бил­дириши мумкин.

Уламолар маййитнинг ёш қизига ва аёлига таъзия билдириш фақат маҳрамларига жоиз деганлар.

Таъзия сўзларини айтиш

Имом Нававий “Азкор” номли китобида келтиради:

Таъзия билдиришнинг энг яхшиси Усома ибн Зайддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизларидан бирига унинг фарзанди вафот этгани ҳақида хабар бериш учун бир кишини юборди. Хабарчига: «Бориб айтгин, албатта, Аллоҳ ўзи бериб, яна ўзи олди, ҳар нарсанинг ўз ажали бордир”, деб уни сабрга буюргин ва у албатта савоб олади…» дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Имом Нававий ҳазратлари айтади:

Таъзия лафзида ман қилинган лафз йўқ, яъни ҳар қан­дай тасалли берадиган сўз билан таъзия билдириш мумкин.

Аммо саҳобалар таъзия билдиришда: “Аллоҳ аж­ринг­ни улуғ қилсин, сабрингни гўзал қилсин ва вафот этган­ни мағфират қилсин”, дейишни мустаҳаб сана­ганлар.

Мусибат аҳлига таом пишириш мустаҳаб

Ислом шариати азадор хонадон аҳлига таом пишириб беришни мустаҳаб ҳисоблайди. Чунки бу амалда кўп яхшиликлар, саховат, меҳру оқибат мав­жуд­лиги боис ўт­ган салафларимиз ва аждодларимиз одат тусига киргизганлар. Қолаверса, маййит соҳиб­лари мусибат туфайли толиқишган ва аза кунлари (уч кун) таъзия билдирувчилар ташрифи билан банд бў­ладилар.

رَوَى  أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَةَ عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ جَعْفَرٍ قَالَ: “ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ  عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: اصْنَعُوا لِآلِ جَعْفَرٍ طَعَامًا ،  فَإِنَّهُ قَدْ أَتَاهُمْ  أَمْرٌ يَشْغَلُهُمْ”

Абдуллоҳ ибн Жаъфар (розияллоҳу анҳу) ривоят қи­лади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жаъфар оиласига таом пиширинглар, чунки бошла­рига уларни банд қилиб қўядиган иш тушди”, дедилар (Абу Довуд ва Ибн Можа ва Термизий ривояти).

Барча мазҳаб уламолари маййит аҳлларига жаноза ва аза кунларида таъзия билдириш учун ташриф буюрганлар учун таом пиширишнинг макруҳлигига иттифоқ қилганлар.

Жарир (розияллоҳу анҳу): “Маййитни дафн қилганидан сўнг маййит аҳлига йиғилиб туришни ва таом пиширишни  ўлганга дод солиб йиғлашдан деб ҳисоблардик”, деди.

Диёримизнинг кўпгина ҳудудларида ҳали-ҳануз ушбу бидъат амал барҳам топмаяпти. Маййитнинг яқин қа­риндош-уруғлари йиғилишиб, ўзларича “азадорлик” либосларини кийиб, бир неча кун мобайнида тирик­чилигу барча зарур ишларни ташлаб, шу хонадондан кет­майдилар. Бунинг устига давра бўлишиб, аёллардан бири айтиб туриб, бошқалари уввос солиб, жўр бўлиб дод-фарёд этишлари шаккокликнинг бир кўринишидир. Айниқса, шариат қонун-қоидаларини оёқости қилиб, ҳат­то ҳали маййитга жаноза ўқилмасдан, қўй-молларни сўйиб, гўёки тўй зиёфатини тайёрлаётгани­дек, таомлар пиширишни бошлаб юборадилар. Кези келганида айтиб ўтишимиз жоиз, маййит чиққан хонадон “албатта қили­ши лозим” маъносида сингиб кетган “уч, етти, йигирма, қирқ, йил оши” каби маъ­ракалар ҳақида бирор китоб ва манбаларда хабар битилмаган. Исломга тааллуқли ҳеч бир ўринда эътироф этилмаган. Бир имом-домла шундай воқеалардан бирини ҳикоя қилди:

Бир йигит олдимга келиб: “Тақсир, фалон куни соат ўн бирда отамга йилоши бермоқчимиз, шуни ўзингиз ўтказиб берсангиз”, деди. Мен унга: “Ука, аввало “йилоши” деган маърака бидъатдир. Отангиз ёки бирор ўтганларнинг руҳини чин маънода шод этмоқчи бўлсангиз, исрофгарчиликсиз, ихчамгина, шариатимиз кўрсатмаларига мос тарзда, Аллоҳ ризолиги йўлида, савобини ўша ўтганларга ният қилиб бахшида этилади ва Яратгандан дуои илтижолар қилинади. Савоби кўпроқ яна бир йўли бор: қариндош, маҳалладошлар орасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, меҳрга муҳтож ёлғиз қариялар бўлса, ана ўшаларга ёрдам қи­линса, нур устига нур бўлади. Ният қанчалар холис бўлса, иншааллоҳ, Яратган буни инобатга олиб, даргоҳида қабул бўлади”, деб маслаҳат бердим.

Шунда йигит:

– Домла, тайёргарчилик кўриб қўйганмиз, илтимос, йўқ деманг, – деди.

– Бўлмаса, иккита шартим бор.

– Айтинг.

– Биринчиси, ажратган маблағингизнинг ярмини мен айтган ёрдамга муҳтож кишиларга тарқатасиз. Иккинчиси, “йилоши” эмас, отамнинг руҳини шод этиш учун Аллоҳ йўлида эҳсон, деб ният қилиб, бошқа кунга кўчирасиз. Ана ўша куни бориб, отангиз ва барча хонадонингиздан умидвор бўлган аждодлар руҳига Қуръон тиловати ва дуолар қилиб қайтамиз.

– Тақсир, биринчи шартингиз майли, аммо иккинчисини бажаришнинг иложи йўқ. Нега десангиз, ўтган йили айнан шу куни отам қазо қилган. Шунинг учун уйдагилар билан маслаҳатлашиб, шу қарорга кел­ганмиз.

Бу ҳозирги кунда рўй бераётган воқеалардан бири, холос. Диёримиз бўйлаб, шукрлар бўлсин, икки мингдан зиёд жоме масжидлар фаолият юритиб, уларнинг ҳар би­рида маълумотли, илмли, савияси юқори имом-хатиб ва ноиби имомларимиз хизмат кўрсатиб турибди. Ушбу имом-домлаларимиз томонидан тушун­тириб ва уқтириб борилаётган, бажарилиши лозим бўл­ган фарз, вожиб, суннат амалларга эътибор ҳам бермас­дан, бирор-бир мўътабар китобларимизда зикр этилма­ган, илмли инсонлар айтмаган бу каби бидъат амаллар турмушга сингиб кетгани кишини ташвишлантиради. Бугунимиз ва келажагимиз эгалари  бўлган азиз фар­зандларимизни шундай тарбия қилайликки, улар бу бидъатлар Расулул­лоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизларга берган таълимотларига ва Ислом дини одобларига зид эканини қалблари ила англасинлар. Ана шундагина халқимиз бу каби иллатлардан халос бўлади.

Таъзия изҳор қилувчининг одоби

Таъзия билдирувчи амал қи­лиши лозим бўлган одоб қоидалари қуйидагилардир:

– Қуръони карим тиловат қилинаётганида суку­т­га чў­миб эшитиш;

– таъзия қабул қилувчиларга мусибатга хос сўзлар билан ҳамдардлик билдириб, тасалли бериш;

– жаноза намози ўқилгунга қадар бироз муддат ту­риш ёки ўтиришни вазият тақозо этса, соҳиблар кўр­сатган жойга ўтиб, маъюс қиёфада бўлиш.

Таъзия изҳор қилувчи қуйидаги ҳаракат­лар­дан сақ­ланади:

– кулишдан, табассум қилишдан ёки ҳазил хатти-ҳа­ракатдан;

– ҳамдардлик билдиришда ноўрин сўзларни ай­тиш­дан. “Суянган тоғдан айрилибсизлар”, “Беажал кетибди бечора”, “Аттанг, ўладиган ёшда эмасди” қа­би­лидаги гап­ларни айтиш шаръан ножоиз, уни айтган киши гуноҳ­кор бўлади.

– таъзия изҳор қилувчилар аза хонадонида узоқ қолиб кетмайдилар.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Фотимага (розияллоҳу анҳо): “Эй Фотима, нима сени уйингдан чи­қарди?” дедилар. Шунда Фотима (розияллоҳу анҳо): “Бу маййитнинг аҳлига бордим, уларга раҳмат тиладим ва уларга ҳамдардлик изҳор этдим”, деди (Абу Довуд ва Насоий ривояти).

Қайтарилган нарсани кўрганида

яхшиликка буюриш

Таъзия изҳор этувчи ногаҳон азадор хонадонда  маййит суратини осиш, Қуръон ўқилиётган пайтда шовқин солиш, тамаки ёки нос чекиш, ғамгин мусиқа чалиш ва ташриф буюрганларга зиёфат ташкил этишга ўхшаш шариатда ман этилган ҳолатни кўрса, ундан маййит аҳл­ларини қайтариши керак. Бундай вазиятлар бўлса, маййит соҳибларининг қалбларига озор бермас­дан, муло­йимлик билан динимизга зид амал эканини тушунтириш ва бу бидъатларни бартараф этиш керак.

Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қила­ди. «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Киши ўзи­ни таҳқирламасин”, дедилар. “Ё Аллоҳнинг расули, киши ўзини қандай таҳқирлайди?” дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У айтиш керак бўлган нарсани кўриб, айтмайди. Шунда Аллоҳ таоло қиёмат ку­ни: “Менинг йўлимда шундай, шундай дейшингдан сени нима қайтарди?” дейди. У эса: “Одамлардан қўрқиш”, дейди. Аллоҳ таоло: “Мендан қўрқишинг ҳақли эди”, дейди”, дедилар» (Ибн Можа ривояти).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳоб­ларини итоат этишга ва ҳар муслимга насиҳат қилишга байъат қилдирдилар.

Жарир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

“Мен Пайғамбарга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) итоат қилишга ва ҳар бир мусулмонга насиҳат қилишга байъат қилдим”,  деди (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Жарир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилади.

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким гуноҳ қилаётган қавм ичида бўлиб, уни ўзгартиришга қодир бўлиб, ўзгартирмаса, Аллоҳ уларга ўлмасдан туриб, азобини етказади”, деди» (Абу Довуд ривояти).

Албатта, яхшиликка буюриш ширинсуханлик, чиройли мавъиза ва ҳикматли услубда бўлиши керак. Шунинг учун кишиларнинг номақбул, турли фитна­ларни қамраб олган ишларини тузатишда ҳам қўполлик қилмасдан, уларнинг дилларини оғритиб қўймасдан, ақлли ва тадбирли бир йўл топайлик, натижада у одамлар нотўғри йўлдан қайтарган кишидан нафрат­лан­масдан, аксинча, таъсирланиб, ўша инсонга нисбатан янада меҳри товлансин. Бол каби тотли, сув каби му­лойим ва шамшир мисол ўткир ҳикматли сўзлар бор, бундай жозибали сўзлар эшитувчини тамоман бошқа инсонга айлантиради. Айни масалада ҳам салаф­лари­мизнинг ибратли ҳаётларига назар соламиз.

Мўғуллар истилоси пайтида Боязид Бистомий ҳаз­ратлари йўлда кетаётсалар, қаршиларидан мўғул зобит­ларидан бири чиқиб қолди. Бистомий ҳазратларига: “Йў­лимдан қоч, эй ит”, деб ҳақорат қилди. Шунда Боязид Бистомий ҳазратлари йўл четига оҳиста ўтдилар-да, Ислом аҳлининг етук намояндаларига хос бўлган назо­кату фасоҳат билан: “Тўғри айтасиз, агар инсонда Ислом бўлмаса, сиз айтган итдан ҳам баттар бўларди”, дедилар. Зобит тўрт-беш қадам ташлади-да, дод солиб ўзини отдан ерга ташлаб, Боязид Бистомий ҳазратлари рўпараларига келди ва: “Бунчалар ёқимли гап, яна бир бора айтинг”, деб ёлворди. Ҳазрат кўрдилар, унинг юзларида бир муддат олдин акс этган ёвузликдан асар ҳам йўқ, ўрнида энди балқимоқчи бўлаётган нур янглиғ ҳолат пайдо бўлган эди. Боязид Бистомий ҳазратлари айтган гапларини так­рорладилар. Зобит тиз чўкиб ўтирган кўйи бир муддат ўйланиб, сўнгра кўзларига ёш келиб: “Менга динингиздан хабар беринг”, деди ва му­сулмон бўлди.

Дарҳақиқат, Боязид Бистомий ҳазратларининг юзла­рини мунаввар қилиб порлаб турган имон нурларию му­каммал имонлари ила лиммо-лим бўлган латиф қалб­ларидан отилиб чиққан, ҳикматга йўғрилган бу нафис сўзлар зобитнинг қалбига бемисл ёғду олиб кирди. Бу имон ёғдуси шуъла сочиб, куфр, залолат, зулм ва Ислом аҳлига бўлган чексиз адоватни парча-парча қилди.

Зеро, Қуръони каримда ҳам бундай таълим берилган:

«(Эй Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!..» (Наҳл, 125).

 

 

Усмонхон АЛИМОВНИНГ

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм