Ҳадя ва пора
Ҳанафийларнинг нуфузли олимларидан бири Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Рисола”сида қуйидагиларни ёзади.
Ришва, яъни пора луғатда “тўлов”, “мукофот” маъносини англатади. Истилоҳда ўзининг фойдасига ҳукм чиқариб бериши учун ҳоким ва унга ўхшаш мансабдорларга бериладиган нарсадир. Имом Абу Наср Бағдодий “Қудурий”нинг шарҳида ришва билан ҳадянинг фарқини шундай баён қилган: “Ришва – ёрдам олиш учун бериладиган нарса, ҳадяда эса ҳеч нима шарт қилинмайди”.
Ришванинг ҳаромлиги Китоб, суннат ва ижмоъ билан собит бўлган.
«Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз!» (Нисо сураси, 29-оят).
«Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!» (Бақара сураси, 188-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Мен ҳам бир инсонман. Менинг ҳузуримга ҳақ талашиб, даъво билан келиб турасизлар. Сўзга усталик қилиб, ноҳақлик билан ўзгалар ҳақини ўзлаштириб олсангиз, билиб қўйингки, ўша нарса дўзахнинг бир чўғидир. Хоҳлаган уни олсин, хоҳламаган олмасин”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло пора берганни, олганни ва ўртада воситачилик қилганни лаънатлади” (Имом Аҳмад ривояти).
Имом Қозихон “Фатаво”сида порани тўрт қисмга бўлади:
Биринчиси, агар қози порага қараб ҳукм чиқарадиган бўлса, у қозилик қилган бўлмайди. Бунда берувчига ҳам, олувчига ҳам пора ҳаром бўлади.
Иккинчиси, ўзининг фойдасига ҳукм чиқариш учун қозига бериладиган пора. Ҳукм ҳақ ёки ноҳақ бўлишидан қатъи назар пора ҳар икки томонга ҳаром бўлади.
Учинчиси, ҳаётини ёки молини ҳимоя қилиш учун бериладиган пора. Бундай пора фақат олувчига ҳаром бўлади, берувчига эмас. Шунингдек, молига тамаъ қилинган пайтда молининг баъзини берса ҳам ҳукм шундай.
Тўртинчиси, султоннинг ҳузурида иши эътиборга олиниши учун бериладиган пора. У берувчига ҳалол бўлиб, олувчига ҳалол бўлмайди. Бу ҳукм пора олдиндан берилган ҳолатдадир. Аммо пора иш битгандан кейин берилса, баъзилар ҳаром бўлади, деса, баъзилар ҳалол дейди. Мана шуниси тўғридир, чунки у яхшилик ва яхшиликни тақдирлашдан иборат. Худди имом ёки муаззинга ҳеч қандай шартсиз бирор нарса бериш яхши иш бўлгани каби.
Шунингдек, қозига пора ҳалол бўлмагани каби аввал бирор марта ҳадя бермаган бегона кишидан ҳукм чиқаришдан илгари ҳам ҳадя олиш ҳалол эмас. Қозининг қарз ёки ориятга бирор нарса сўраши ҳам шу ҳукмда бўлади.
“Васият” китобида “Ўзидан ёки молидан зулмни даф қилиш учун берилган нарса берувчига пора ҳисобланмайди. Ҳақ ундириб олиш учун бировга берилган мол пора бўлади” дейилган.
“Хулоса”да келтирилади: “Агар қози пора олиб кейин ҳукм чиқарса ёки ҳукм чиқаргандан сўнг ўзи ё унинг ўғли пора олса – ҳукми ўтмайди”.
Ҳадя уч турли бўлади:
Биринчиси, муҳаббат пайдо қилиш учун бериладиган ҳадя бўлиб, олувчига ҳам берувчига ҳам ҳалол.
Иккинчиси, ноҳақликка кўмаклашиш учун бериладиган ҳадя, иккала томонга ҳам ҳалол эмас.
Учинчиси, зулм, яъни ноҳақликдан қутулиш учун бериладиган ҳадя, бу фақат олувчига ҳаром бўлади. Аммо ишни ҳал қилиб берувчи томонидан ҳеч қандай шарт ёки тамаъ бўлмаган ҳолатда иш битгач ҳадяни қабул қилишида зарар йўқ”.
“Фатҳул Қодир”да айтилади: “Сўнг пора тўрт хил бўлади.
Биринчиси, берувчига ҳам олувчига ҳам ҳаром бўлади. У шундай пораки, қозилик ёки ҳукм унга қараб қилинади, натижада ўз вазифасини бажармаган бўлиб қолади.
Иккинчиси, қози ҳукм чиқариш учун оладиган пора бўлиб, бу ҳам иккала томон учун ҳаром. Бу ҳолатда қозининг чиқарган ҳукми ҳақми, ноҳақми барибир – инобатга олинмайди. Чунки ҳақиқатни юзага чиқариш – унга вожиб. Вожибни бажариш учун ҳақ олиш ҳалол эмас. Аммо ноҳақ ҳукм чиқаришни эса изоҳлашга ҳожат йўқ. Пора ҳукм чиқаришдан олдин олинадими ёки кейинми фарқи йўқ.
Учинчиси, султоннинг ҳузурида иши эътиборга олиниб, зарардан қутулиш ёки фойдани жалб қилиш учун бериладиган пора. Бу олувчига ҳаром, берувчига эмас.
Тўртинчиси, жони ёки молидан хавфни даф қилиш учун бериладиган пора бўлиб, берувчига ҳалол, олувчига ҳаром. Чунки мусулмондан зарарни даф қилиш вожибдир. Вожибни қилиш учун мол олиш эса жоиз эмас”.
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ