Зайнаб хоним – британияликлар ичида биринчи бўлиб ҳажга борган муслима
Виктория даврида юқори синф вакиллари мусулмон юртларига тез-тез сафар қилганлари боис Исломга қизиқиб қолганлар.
Зайнаб Кобболд – (Эвелин Мюррей хоним) ҳам ўша даврда Исломга кирган довруқли, олижаноб хоним эди.
1867 йилда дунё юзини кўрган Эвелин Мюррей – Чарлз Адолфус Мюррейнинг тўнғич қизи эди.

У 1891 йил 23 апрел куни Жон Кобболд билан Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида Муқаддас Авлиёлар черковида никоҳдан ўтди. 1891 йилнинг май ойидаги бир зиёфатдан сўнг ёш Кобболдлар оиласи Ҳолиуэллс уйига кўчиб ўтишди. Шу уйда улар учта фарзандли бўлишди: Винифред Эвелин (1892-1965), Иван Кобболд (1897-1944), Памела Кобболд (1900-1932). Бироқ Эвелин Мюррей 1922 йилда эри билан ажрашди ва Лондондаги Гленкарронда яшай бошлади.
Кобболд хоним болалигининг кўп вақтини Жазоир ва Қоҳирада, муслима энагалар тарбиясида ўтказган. У ўзини ёшлигиданоқ муслима деб ҳисобларди. Гарчи у, Рим Папаси билан учрашгунига қадар ўз эътиқодини тан олмаган. Шундай қилиб, у Яқин Шарқда муслима энагалар қўлида араб тилини ўрганган, аслида муслима бўлмаса ҳам ўзини муслима деб ҳисоблаган.
У Италияга бир дўсти билан борганида Рим Папаси билан учрашади. Папа дафъатан ундан: “Сен католикмисан?” деб сўрайди. У бир оз тараддудланиб қолади ва: “Йўқ, мен муслимаман”, деб жавоб беради. Чунки у олдин бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрмаган бўлса-да, ўзини муслима ҳисобларди. Кейин у ўзини ҳақиқий муслима деган қатъий хулосага келиб, ушбу динга чинакамига эътиқод қилишга қарор қилди.
Эвелин Мюррей 1933 йил 65 ёшида Маккани зиёрат қилди. Тарихда илк марта Маккани зиёрат қилган ва Буюк Британияда биринчи муслима бўлиб туғилган британиялик хоним бўлиб ном қолдирди. 1934 йилда унинг Маккага қилган зиёрати ва бажарган ҳаж амали шахсий ҳисобот ўлароқ “Маккага зиёрат” номи билан нашр этилди.

Каъбани биринчи марта кўрганини бундай таърифлаган эди: “Биз Аллоҳнинг муқаддас уйига силлиқ мармар устидан юриб борамиз. Улуғворликда кўтарилган қора тўртбурчак бино. Бунда миллионлаб одамлар ўз ҳаётини қурбон қилиш истагида ва яна миллионлаб одамлар унга етишиш орзусида”.
Унинг ҳаждан кейинги ҳаёти ҳақида жуда оз нарса маълум, фақат Кенияда қисқа муддатли сафарда бўлгани айтилади.
Зайнаб хоним 1963 йил 95 ёшида Инвернесса қариялар уйида қабрининг тепасига муқаддас ояти карималардан ёзиб қўйишларини васият қилганидан сўнг вафот этди.
اللَّهُ نُورُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ مَثَلُ نُورِهِ كَمِشْكَاةٍ فِيهَا مِصْبَاحٌ الْمِصْبَاحُ فِي زُجَاجَةٍ الزُّجَاجَةُ كَأَنَّهَا كَوْكَبٌ دُرِّيٌّ يُوقَدُ مِن شَجَرَةٍ مُّبَارَكَةٍ زَيْتُونِةٍ لَّا شَرْقِيَّةٍ وَلَا غَرْبِيَّةٍ يَكَادُ زَيْتُهَا يُضِيءُ وَلَوْ لَمْ تَمْسَسْهُ نَارٌ نُّورٌ عَلَى نُورٍ يَهْدِي اللَّهُ لِنُورِهِ مَن يَشَاءُ وَيَضْرِبُ اللَّهُ الْأَمْثَالَ لِلنَّاسِ وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ
“Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир. Унинг нурининг мисоли худди бир токча, унинг ичига чироқ қўйилган, чироқ эса, шиша ичида, шиша эса, гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб, шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқилур. Унинг мойи ўзига олов тегмаса ҳам, ёритиб юборай дейдир. (Бу) нур устига нурдир. Аллоҳ хоҳлаган одамни Ўз нурига ҳидоят қилур. Аллоҳ одамларга мисолларни келтирур. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир” (Нур сурасининг 35-ояти).
У ўз хотираларида бундай ёзган эди:
“Мендан кўпинча қачон, нима учун мусулмон бўлганимни сўрашади. Қачонлигини ўзим ҳам билмайман, фақат шуни айта оламанки, мен Ислом ҳақиқати қалбимни ёритган кун муслима бўлган эдим. Менимча, мен ҳар доим, яъни туғилганимдаёқ муслима бўлганман”.
Эвелин Мюррейнинг катта невараси майор Хоп Кобболд у ҳақида бундай дейди:
“Бувим барчага меҳрибон ва олижаноб аёл, ўз ишини севадиган серғайрат, сердавлат англо-шотланд эди”.
Wikipedia; islam.ru асосида Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади