Фарзанд – улуғ неъмат
«Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур. Ёки уларга ўғиллар ва қизларни қўшиб берур ва хоҳлаган кишисини фарзанд кўрмайдиган қилиб қўйгай. Албатта, У (бунинг ҳикматини) билувчи ва (Ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдир» (Шўро сураси, 49–50-оятлар).
Фарзандсизликдан куюниб, тақдирга қарши чиқиш, қиз фарзанд туғилса, хафа бўлиш каби ҳозир ҳам учраб турадиган, жоҳилият даврида кенг ёйилган муаммо баён этиляпти.
«Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир…» Оятда Аллоҳ таоло осмонлар ва ернинг, жонли, жонсиз – барча нарсанинг яратувчиси, мутлақ ҳукмрони эканининг хабарини бермоқда.
«…(У) хоҳлаган нарсани яратур…» Аллоҳ нимани хоҳласа, ўша нарса бўлади, хоҳламаган нарса бўлмайди. «…Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур…» Оятда Аллоҳ айрим бандаларга фақат қизларни бериши, баъзиларга фақат ўғилларни бериши зикр этилган.
Жоҳилият даврида араб қабилалари орасидааёл худди мол-мулк каби сотиб олинар, сотилар эди. Ўша даврда айрим жоҳиллар қиз фарзандларини тириклайин кўмиб ҳам юборишарди. Бу ҳақда Наҳл сурасининг 58-оятида: «…Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади», дейилган.
Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ ояттафсирида: “Аллоҳ таоло мазкур оятда қизларни ўғил фарзанддан олдин зикр қилиб, мусулмонлар бошқа дин вакилларидан фарқли ўлароқ, қиз фарзандни мусибат ва бало сифатида кўрмасликлари лозим. Ислом дини жоҳилият давридаги ваҳшиёна одатга чек қўйиб, қиз фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш ва аёлларни эъзозлашни йўлга қўйди”, деб ёзади.
Қизини таълим-тарбияли, шарм-ҳаёли, гўзал одобли, чиройли хулқли қилиб вояга етказга ота-она беҳисоб савоб ҳамда мукофотларга сазовор бўлиши ваъда қилинган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким икки қизини яхши тарбиялаб вояга етказса, у мен билан бирга худди мана бу иккисига ўхшаб (кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бир-бирига жуфтлаб) жаннатга киради”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Ҳузуримга бир аёл икки ёш қизи билан кириб келди. Уларга садақа қилиш учун уйда атиги бир дона хурмо бор эди, холос. Хурмони аёлга бердим. У мевани иккига бўлиб, қизларига узатди. Сўнгра Расулуллоҳ алайҳиссалом кириб келдилар. Мен бўлган воқеани айтиб бердим. Шунда у зот: «Кимки мана шу аёл каби қизлари билан синалиб, уларнинг одобини гўзал қилса, солиҳа қилиб камолга етказса, қиёматда қизлари унинг учун жаҳаннамдан парда бўлади», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Кимнинг уч қизи бўлса, уларни яхши тарбияласа, кийинтириб, едириб, ичириб, меҳрбилан ғамхўрлик қилса, ўша инсонга албатта жаннат вожиб бўлади”, дедилар. Шунда бир саҳоба: “Эй Аллоҳнинг расули, агар икки қизибўлса-чи?” деди. Расулуллоҳ: “Икки қизи бўлса ҳам”, дедилар.
Ҳозир ҳам айрим оилаларда қиз туғилса, эр хотинига таъна ва маломат қилиб, айблайди. Гоҳида бу ҳол оилавий ажралишларга ҳам сабаб бўлмоқда. Бу мутлақо нотўғри. Бундай қилиш тақдир-га норозиликдир. Зеро, Парвардигор фарзандни, жумладан, қизни “ҳадя” деб номламоқда. Ҳадяэса севимли кишига берилади.
Қолаверса, қиз туғилганда норози бўлиш Пайғамбар алайҳиссалом ваъда қилган улуғ мукофотни менсимасликдир. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар сафар қиз фарзанд кўрганларида жуда севинардилар.
Ислом таълимотига кўра, бозордан мева-чева, ширинлик ва совғалар олиб келинганда, дастлаб қизларга бериш тавсия этилади. Ўғил болага кўп нарса тортиқ қилиб, қизга озроқ нарса бериш динимиз таълимотига зид.
«…ва хоҳлаган кишисини фарзанд кўрмайдиган қилиб қўйгай…» Айрим эркаклар ва аёлларнинг бепушт бўлиши ҳам маълум.
Имом Бағавий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Аллоҳ таоло инсонларни тўрт тоифа қилиб яратди.
Баъзиларига фақат қизларни, баъзиларига эса фақат ўғилларни ҳадя этади. Яна баъзиларига қизу ўғилларни аралаштириб беради. Айрим инсонларни бепушт қилиб қўяди”.
«…Албатта, У (бунинг ҳикматини) билувчи ва (Ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдир».
Фарзанд ато этиш Аллоҳ таолонинг ихтиёрида. Шу боис ҳатто пайғамбарларга ҳам бир жинсда ёки бир миқдорда фарзанд берилмаган. Масалан, Аллоҳ таоло Лут ва Шуайб алайҳимассаломга фақат қиз фарзандлар, Иброҳим алайҳиссаломга фақат ўғил фарзандлар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам қиз, ҳам ўғил фарзандлар берган, Яҳё ва Исо алайҳимассаломнинг эса фарзандсиз бўлишларини ирода этган.
Демак, Аллоҳ таоло кимга қайси жинсдан фарзанд ато этган бўлса, шукр қилиб, неъматнинг қадрига етиш зарур. Неъматнинг қадри, шукронаси фарзандга чиройли таълим-тарбия бериб, уни динга, Ватанга, миллатга хизмат қиладиган солиҳ инсон бўлиб вояга етказишдир.
Манбалар асосида Бадриддин САДРИДДИН ўғли тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 4-сонидан