Аллоҳга муҳаббатнинг далили
قُلْ إِنْ كُنْتُمْ تُحِبُّونَ اللَّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ
«Айтинг (эй Муҳаммад): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинг. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир” (Оли Имрон сураси, 31-оят).
Уламолар ушбу ояти кариманинг нузули ҳақида турлича фикр билдиришган. Баъзилари: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида яшаб: “Биз Раббимизни яхши кўрамиз”, деб айтган қавм ҳақида нозил бўлган. Аллоҳ азза ва жалла набийси Муҳаммад алайҳиссаломга: “Айтган гапингизда ростгўй бўлсангиз, менга эргашинг. Мана шу давоингиз чинлигининг исботидир”, дейишни буюрган», деб изоҳ беришади. Ҳасан Басрий ривоят қилган ҳадисда ўша қавм: “Эй Муҳаммад, биз Раббимизни яхши кўрамиз”, деб айтишганидан сўнг Парвардигор ушбу оятни нозил қилган. Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссаломга эргашишни Ўзининг муҳаббати, аксинча, у зотга қарши чиқишни эса азобига боғлади”.
Айрим уламолар айтишади: “Ушбу оят Нажрон диёридан келган бир гуруҳ насронийлар ҳақидадир. Улар Исо ибн Марям алайҳиссалом ҳақида пайғамбарлари буюрмаган гапни айтишди. Шу боис Парвардигор набийсига ваҳий юбориб: “Улар бу гапни Аллоҳни улуғлаб, Унга муҳаббатларидан айтишган бўлса, у ҳолда Муҳаммад алайҳиссаломга эргашишсин”, деб буюрди. Жаъфар ибн Зубайр розияллоҳу анҳу айтади: «“Айтинг (эй Муҳаммад): “Агар Аллоҳни севсангиз”, яъни мана шу сўзингиз Аллоҳга бўлган муҳаббатингиз ва уни улуғлашингиздан келиб чиққан бўлса: “Менга эргашинг” (яъни мусулмон бўлинг). Шунда қилиб ўтган куфр амалларингизни “Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир”».
Имом Заҳҳок раҳимаҳуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Қурайш Масжидул Ҳаромда эканида Набий алайҳиссалом келдилар. Одамлар ўрнатиб олишган санамларига туяқуш тухумларини илишди ва унинг қулоқларига ҳалқалар тақишди, сўнг сажда қилишни бошлашди. Бу ҳолни кўрган Набий алайҳиссалом: “Эй Қурайш жамоаси, сиз бобонгиз Иброҳим ва Исмоил миллатига ёт амални бажармоқдасиз”, дедилар. Улар: “Биз Аллоҳ таолога муҳаббатимиз туфайли бу ишни қилмоқдамиз. Санамлар бизни Парвардигорга яқинлаштириши учун уларга ибодат қилмоқдамиз”, деб жавоб беришди. Шундан кейин Аллоҳ таоло: «Эй Муҳаммад уларга: “Агар Худони яхши кўриб, санамлар сизни яқинлаштириши учун ибодат қилаётган бўлсангиз, менга эргашинг. Шунда Аллоҳ сизни яхши кўради. Мен Унинг расулиман. Агар бўйсунмасангиз, зарарингизга ҳужжатиман”, деб айтинг», дея амр қилди. Яъни, Пайғамбаримиз алайҳиссалом уларга: “Мен келтирган шариат ва суннатга эргашинг, шунда Парвардигор сизни яхши кўради”, деб айтишга буюрилганлар. .
“Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинг”. Азҳарий раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: «Банданинг Аллоҳ ва расулига муҳаббати: “Амрларига бўйсуниши ва ишларига эргашишидир. Парвардигорнинг бандасига муҳаббати уни мағфирати билан неъматлантиришидир”. Шундан сўнг: “Аллоҳ гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир”.
Сўнгги пайтларда “қуръонийлар” деб аталувчи хавфли оқимнинг хуружи кучаймоқда. Улар: «Парвардигор Ўз Каломини сақлашни ваъда қилган: “Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва Уни Ўзимиз асрагувчидирмиз” (Ҳижр сураси, 9-оят). Қуръон бизга етади, шунинг учун суннатни қўйиб, фақат Қуръонга эргашиш керак”, деб даъво қилишмоқда.
Шариатнинг манбаси фақатгина Қуръони карим, ҳадислар шариат манбаси эмас, деб ҳисоблаш хато. Чунки Мусҳафи шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шариатни одамларга етказиш вазифаси юклатилган: “(Биз пайғамбарларни) ҳужжатлар ва китоблар билан (юборганмиз). Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик” (Наҳл сураси, 44-оят). Қуръони каримни тушунишда ҳадисларнинг ўрнини эътиборга олмаслик Набий алайҳиссаломни тан олмаслик билан тенг. Бу эса юқорида келган оятни инкор этишдан бошқа нарса эмас.
Шундай қилиб, қуръонийлар залолатдаги оқимлар каби кўплаб жиҳатлари бўйича ўзи билан ўзи келишмай қолади. Бу каби фитначилардан Пайғамбаримиз алайҳиссалом огоҳлантирганлар. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай огоҳлантирганларини эшитдим: “Охир замонда ёшлари кичик, ақллари паст қавм келади. Улар Қуръонни қироат қиладилар. Аммо кекирдакларидан ўтмайди. Улар одамларнинг энг яхши гапларини айтадилар. Улар диндан ўқ камондан чиққанидек чиқадилар. Уларнинг имонлари бўғизларидан нарига ўтмайди…” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти)».
Қуръонийлар каби хаворижлар ҳам Қуръони каримни ўзларича тафсир қилишга, маъно беришга уринишган. Ривоятларга кўра, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо хаворижлар билан баҳс-мунозара қилганда, Қуръони карим воситасида уларнинг учта оятни нотўғри шарҳлашганини исботлаб берган. Шундан кейин йигирма минг хавориж Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу тарафга ўтади, ўзининг хато даъвосига содиқ қолган тўрт минг хаворижга эса Али розияллоҳу анҳу уруш эълон қилади. Шунга ўхшаш гуруҳлар чиқиши ҳақида ҳадисларда зикр этилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоятида: «Набий алайҳиссалом: “Умматимнинг барчаси жаннатга киради. Фақат бош тортганлари бундан мустасно”, дедилар. Шунда саҳобалар: “Бош тортадиганлар ким?” деб сўрашди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким менга эргашса, жаннатга киради. Ким менга осий бўлса, дарҳақиқат, бош тортибди”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг рисолатини бекаму кўст бизга етказдилар. Шундай экан, Аллоҳ ва расулини ажратиш тўғри бўлмайди. Ким пок суннатни шубҳа остига қўйса, саҳоба, тобеин, салафи солиҳ ва уларга эргашган уламоларнинг тўғрилигини ҳам иштибоҳга қўяди. Чунки Мусҳафи шарифнинг олим ва тарқатувчилари суннатни ҳам тарқатувчи кишилардир. Суннатни фиқҳий далил сифатида қабул қилмайдиган киши адашган, билимсиз, гумроҳдир.
Имом Табарий тафсири, “Фатҳул Қадир” ва бошқа манбалар асосида Тошкент
шаҳридаги “Оқилон” жоме масжиди имом-хатиби Собиржон РУСТАМОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 12-сонидан