Абу Саълаба Хушаний
Тафаккур – Аллоҳнинг розилиги ва муҳаббатига олиб борувчи йўл. Тафаккур туфайли ҳар бир иш ҳикматли бўлади. Неъматлар ҳақида фикр юритиш – энг афзал ибодат.
Қаҳрамонимиз бирор кечани осмонни кузатмасдан, унинг мукаммал яратилгани ҳақида тафаккур этмасдан ўтказмасди. Ўша лаҳзаларда унинг қалбини: “Эй Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин!” (Оли Имрон сураси, 191) ояти чулғаб оларди.
“Абу Саълаба” куняси билан танилган саҳобанинг асл исми ҳақида ихтилофлар кўп. Журсум ибн Ношиб исми машҳур. Хабарларга кўра, бу инсон Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан олдин мусулмон бўлган. Акаси Амр ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом замонларида Исломга кирган.
Миҳжан ибн Ваҳб ривоятида Абу Саълаба розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбарга тайёргарлик кўраётганларида келгани, имон келтириб, сўнг у зот алайҳиссалом билан сафарга чиққани айтилади. Хайбар ғазотидан кейин Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўлжалардан унга ҳам улуш ажратганлар.
Абу Саълаба розияллоҳу анҳу, шунингдек, Ҳудайбия сулҳи ва Ризвон байъати иштирокчиси. Ҳунайн ғазотида ҳам қатнашган. Кейинроқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўз қавмига, Исломга чақириш учун юборганлар. Даъвати туфайли қавмдошлари мусулмон бўлишди. Ношира ибн Сума: “Абу Саълабадан кўра рост гапирувчи инсонни кўрмадик”, деган.
Ато ибн Язид Лайсий бундай дейди: «(Бир куни) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Саълаба Хушанийнинг қўлида тилла узукни кўрдилар. Сўнг чўплари билан унинг қўлига ура бошладилар. Абу Саълаба Набий алайҳиссалом узукни ёқтирмаганларини тушуниб, қарамаётган вақтларида қўлидан ечди ва отиб юборди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Абу Саълабада узукни кўрмадилар. Сўнг: “Сени қийнаб қўйдик”, дедилар.
Абу Саълаба розияллоҳу анҳу нафақат ихлосли, балки парҳезкор ҳам эди. У шариат аҳкомларини ҳаётига тўлиқ татбиқ этишга ошиқарди. Набий алайҳиссалом билан бўлган учрашувлардан бирида: “Ё Расулуллоҳ, мен аҳли китоблар ерида яшайман. Идишларидан таом есам бўладими? Камоним, ўргатилган ва ўргатилмаган итларим билан ов қиламан. Қайси иш мен учун тўғри бўлади?” деб сўради. Набий алайҳиссалом: “Китоб аҳли борасидаги гапингга келсак, уларникидан бошқа идиш топсанг, ўшанда егин. Тополмасанг, ишлатишдан олдин уни ювгин. Камонинг билан овлаган овингни “Бисмиллаҳ”ни айтиб еявер. Ўргатилган итинг билан тутган ўлжангни “Бисмиллаҳ”ни айтиб еявер. Ўргатилмаган ит билан тутганингни, агар уни жони узилмасидан олдин сўйиб улгурсанг, егин”, деб таълим бердилар.
Ҳам дини, ҳам дунёси борасида ўта тадбирли Абу Саълаба розияллоҳу анҳу бир куни Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, Шомдаги фалон ва фалон ерларни менга беринг”, деб айтди. (Ўша вақтда мусулмонлар у айтган ерларни ҳали қўлга киритишмаган эди.) Шу боис Набий алайҳиссалом: “Бу нима деяпти?” деганларида, Абу Саълаба: “Жоним измида бўлган Зотга қасамки, у ерларни, албатта, қўлга киритасиз”, деди қатъият билан. Шундан кейин Пайғамбаримиз алайҳиссалом унга ўша ерларни хатлаб бердилар.
Абу Саълаба Хушаний розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг: «Айтинг (эй Муҳаммад): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз” (Оли Имрон сураси, 31-оят)» ояти каримасини ҳаётий дастурига айлантирди. Набий алайҳиссаломга муҳаббатини қалбига ҳам, ҳаётига ҳам жо этди. Таълимларига амал қилди, суннатларига эргашди. Нафақат Пайғамбаримиз алайҳиссалом, балки у зотнинг бошқа саҳобалари Муоз ибн Жабал ва Абу Убайда розияллоҳу анҳумдан ҳам ҳадис ривоят қилди. Абу Саълабадан эса Абу Идрис Ҳавлоний, Жубайр ибн Нуфайр, Абу Ражо Атторидий, Абу Асмо Раҳбий ва Саид ибн Мусайяб ва Абу Зоҳирия, Макҳул Ҳузалийлар ривоят қилишган.
Набий алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадисларининг бирида бундай келади: У зот алайҳиссалом дедилар: “Аллоҳ таоло фарзларга буюрди, бирортасини зое қилманглар. Чегараларни белгилади, уларни ошиб ўтманглар. Ҳаромларни тақиқлади, уларни бузманглар. Баъзи нарсаларни сир тутди. Уларни ахтаришга уринманглар” (“Усдул ғоба”).
Абу Саълаба Хушаний Набий алайҳиссаломдан кейин ҳам умр кечирди. Сиффин жангида икки тарафдан ҳеч бирига қўшилмади. У кўпинча Каъб ибн Аҳбор раҳимаҳуллоҳ билан бирга суҳбат қурарди. Шундай суҳбатлардан бирини Ибн Жобир Исмоил ибн Убайдуллоҳдан ривоят қилади: «Абу Саълаба Хушаний орамизда эканида Каъб ибн Аҳбор ҳам бирга эди. Шунда Абу Саълаба: “Эй Исҳоқнинг отаси, бирор банда Аллоҳнинг ибодати учун вақтини ажратса, Аллоҳ таоло уни дунё машаққатларидан озод қилади”, деб айтди. Шунда Каъб: “Аллоҳ таолонинг китобида бундай дейилган: “Кимки бутун ғам-ташвишларни битта ташвиш деб билса ва ўша ташвишни Аллоҳ таолонинг тоати йўлида қилса, Парвардигор у банданинг дунё ишларига кифоя қилади. Осмон ва ерлар бунга кафил бўлишади. Унинг ризқи Аллоҳга, амали эса ўзи учун бўлади. Агар у ҳар нарсага ғам-ташвиш чекаверса, қай бир ташвишида ҳалок бўлганига Аллоҳ эътибор қилмайди”, деди» (“Сиярул аълам ан-нубало”).
Мана шундай кечаларнинг бирида Абу Саълаба Набий алайҳиссалом замонларида вафот этган акасига мурожаат этиб: “Эй Абдураҳмон, мана улар – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам!” деди. Кейин намоз учун ажратилган хонасига кирди ва таҳажжудни ўқиб, саждада жон берди. Бу вақтда қизи тушида отасининг вафот этганини кўрди. Сўнг уйғониб: “Отам қаерда?” деб сўради. Онаси: “Намозхонада”, деб жавоб берди. Қизи отасини чақирди. У жавоб бермади. Уни қимирлатиб кўрганди, ён тарафига йиқилди. У жон таслим этиб бўлганди…
Ривоятларга кўра, Саълаба розияллоҳу анҳу Муовия ибн Абу Суфён халифалиги даврида вафот этган, дейилади. Лекин манбаларда вафоти Абдулмалик ибн Марвон даврида бўлган деган қавллар ҳам йўқ эмас.
“Усдул ғоба”, “Сиярул аълам ан-нубало”, “Бидоя ва Ниҳоя” асарлари асосида
“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Пошшахон ЭШОНХОН қизи тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 12-сонидан