Нима деб аталса ҳам ҳалол бўлиб қолмайди
Соғлиқни сақлаш тизимининг коррупция ботқоғига ботиб кетгани яқин орада бошланган ҳодиса эмас. Порани ҳадя деб, хизмат ҳақи деб, қўл ҳақи деб олиш бу соҳада аллақачонлар урф-одатга айланиб кетган. Шунинг учун соҳа ходимларининг чўнтагига қўл тиқиб қўймасангиз чиройи очилмайди. Ана шу ҳақиқатни соҳа раҳбарлари, коррупцияга қарши курашувчи ташкилотлар вакиллари, ҳукумат раҳбарлари билмайди деб ўйлайсизми?..
Шифохонада ётган беморнинг зиёратига борганлар палатада ётган беморларнинг дарду ҳасратини тингларкан, беихтиёр “Бу ерларга, дўхтир зотига ҳеч банданинг иши тушмасин” деб дуо қилиб қўяди. Шу ҳодиса янгиликми, бундан неча йиллар бурун ҳам шундай дейилмасмиди?
Коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси йиғилишида соғлиқни сақлаш соҳасида кўплаб коррупциявий ҳолатларга йўл қўйилаётгани, бунда тизимнинг замон талаблари даражасида фаолият кўрсатмаётгани тилга олинди.
Албатта, кўзлари беморларнинг чўнтагида қолган соҳага замон талаблари даражасига йўл бўлсин…
Буни қарангки, соҳа вакиллари беморлардан олиш билан кифояланмасдан давлатнинг пулини ҳам туя қилаётган экан. Бош прокурорнинг айтишича, Фақат жиноят ишлари бўйича қарийб 92 миллиард сўм бюджет ва бошқа маблағлар талон-торож қилинибди. Бу озгина пулми? Бу пулга яна нечта соғлиқни сақлаш муассасалари барпо этиш мумкин эди. Шифохонага, ҳатто врачлик пунктига ёлчимаётган қишлоқлар кам эмас юртимизда.
Соҳада порахўрлик мақсадли ажратилган маблағни ўзлаштириш, ишламаган одамлар учун меҳнат дафтарчаси юритиб, уларнинг номидан маош олиш, пуллик тиббий хизмат кўрсатишда ҳисоб-китобни атайлаб чалкаштириш, кўрсатилмаган хизматлар ҳамда етказиб берилмаган жиҳозлар учун маблағни талон-торож қилиш ва яна биз билмайдиган кўплаб усулларда амалга оширилган.
Аёнки, коррупция қайси соҳада илдиз отса, ўша соҳани қуритади. Айниқса, коррупциянинг соғлиқни сақлаш соҳасида бу қадар кенг илдиз отиб кетиши соҳани-ку бас дегунча орқага тортиб кетади. Бундан-да хатарлиси, бу ҳодиса бутун миллатнинг ҳаётига чанг солади. Бунга соҳа фаолиятига оид мисоллар кўп. Жумладан, Прокуратура томонидан ўтказилган ўрганишларда тиббиёт муассасаларида қонун талаблари бузилиб, сўнгги икки йилда 277 мингта ҳолатда гипс қилиш учун тиббиёт гипси ўрнига 351 тонна қурилиш гипсидан фойдаланилган.
Буни давлатимиз қонунларига, инсонларимиз саломатлигига беписандликдан бошқа нима деб аташ мумкин.
Порахўрлик динимиз қайтарган иллат. Қайсики амалдан динимиз қайтарган бўлса, ўша нарса инсонлар учун ҳам, жамият учун ҳам зарарлидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло пора берганни, олганни ва ўртада воситачилик қилганни лаънатлади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Аллоҳнинг лаънатига учрашнинг оқибати нима бўлишини ҳатто тасаввур қилишнинг ўзига даҳшат деган ифода камлик қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов соҳада содир бўлаётган ҳолатларнинг барчаси шаффоф тизимнинг йўлга қўйилмаганида эканини қайд этди. Бундан буён соғлиқни сақлаш соҳасида барча хизматларни кўрсатиш электронлаштирилиши зарурлиги, бу эса коррупциявий ҳолатларга барҳам беришини таъкидлади. Бу борада Адлия вазирлиги, Солиқ қўмитаси тажрибасидан фойдаланиш, ушбу тизимлар раҳбарлари бу борада зарур кўмак кўрсатиши лозимлигини айтиб ўтди.
Дарҳақиқат, ана шу шаффофлик йўлга қўйилса, миллатимизнинг саломатлиги назорат остида бўлади. Шунинг билан бирга, соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари жиноятдан, унинг ортидан келадиган жавобгарликдан ва энг муҳими, Аллоҳ таолонинг ғазабига учрашдан қутулиб қолади.
Дамин ЖУМАҚУЛ