Оламларга раҳмат – ҳазрат Муҳаммад алайҳиссалом
Ойша розияллоҳу анҳо ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга икки ишдан бирини танлаш ихтиёри берилса, гуноҳга олиб бормаса, енгилроғини танлардилар. Бордию иш гуноҳ бўлса (ҳар қанча енгил бўлса ҳам), ундан инсонларнинг энг узоқроғи бўлардилар. Набий алайҳиссалом ҳеч қачон ўз нафслари учун (яъни, ўзларига етган зарарлар учун) қасос олмасдилар. Фақат Аллоҳнинг ҳадди (яъни шариат чегараси)га тажовуз қилинса, Аллоҳ (ризоси) учун интиқом олардилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ойша розияллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга икки ишдан бирини танлаш ихтиёри берилса”, деб дунё ишини назарда тутмоқдалар. Бунга ҳадиснинг “гуноҳга олиб бормайдиган”, жумласи далолат қилади. Чунки дин ишида қай бири танланса ҳам, гуноҳ йўқ. “Енгилроғини танлардилар”. Агар гуноҳга олиб бормаса, енгил ишни танлардилар.
Ислом – енгиллик дини. Аллоҳ таоло: “Динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади” (Ҳаж сураси, 78-оят), деб марҳамат қилди. Набий алайҳиссалом: “Енгиллаштиринг, қийинлаштирманг, башорат беринг, нафратлантирманг”, деб огоҳлантирганлар. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу намозда имом бўлиб, қироатни узун қилиб юборганида Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Эй Муоз, сен фитначимисан? Ким одамларга имом бўлса, бас, енгиллаштирсин. Албатта, уларнинг орасида касал, заиф ва ҳожатмандлар бўлади”, деб танбеҳ берганлар.
Яна бир воқеа кишилар ўзларига ибодатни қийинлаштиришни исташди. Шунда улардан бири: “Мен ҳар кеча намоз ўқийман”, деб онт ичди. Кейин бошқаси: “Умр бўйи рўза тутаман”, деб айтди, учинчиси эса: “Аёллардан четланиб, тарки дунё қиламан”, деб қасам ичди. Уларнинг бу гапларини эшитган Набий алайҳиссалом ғазабландилар. Кейин одамларга юзланиб: “Бу қавмга нима бўлдики, мана бундай, бундай гапларни айтишмоқда. Аллоҳга қасам-ки, мен орангизда Парвардигордан энг кўп қўрқувчи ва Унга тақводорингизман. Шундай бўлса-да, рўза тутаман ҳамда оғзим очиқ бўлади. Намоз ўқийман ҳамда ухлайман ҳам. Аёлларга ҳам уйланаман. Кимда-ким суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас”, дея хитоб қилдилар.
Шунингдек, Набий алайҳиссалом Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга волий этиб жўнатаётганларида у кишига инсонларга динни танитишда енгиллик қилиши, тарғибни яхшилик билан, нафрат уйғотмасдан олиб боришини тайинлаганлари ҳам хабарларда ворид бўлган.
Зикр этилганлардан Набий алайҳиссалом ибодатда ҳам кунлик муомалада ҳам енгиллик тарафдори эканлари, қийинчиликни истамаганлари англашилмоқда. Шу боис икки ишдан бирини танлаш ихтиёри берилса, гуноҳга олиб бормаса, енгилроғини танлаганлар. Борди-ю, иш гуноҳ бўлса ёки унинг натижасида гуноҳ юзага келса, ундан инсонларнинг энг узоқроғи бўлардилар. Гарчи қийин ва оғир бўлса ҳам, гуноҳ йўқ ишни танлардилар.
“Набий алайҳиссалом ҳеч қачон ўз нафслари учун (яъни, ўзларига етган зарарлар учун) қасос олмасдилар». Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳеч қачон, ҳеч кимга зарар бермаганлар. Бирор марта ҳам ўзларига етказилган зиён-заҳмат учун ўч олмаганлар. Умматларидан у зотга зулм қилганларни, ўч олишга қодир бўлганларида ҳам кечириб юборардилар. Макка фатҳи куни Қурайш аҳли Набий алайҳиссалом уларга қандай муомала қилишларини билмасди. Шунда ҳайратланарли ҳодиса юз берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка аҳлига хитоб қилдилар: “Эй Қурайш жамоаси, мен сиз билан қандай муомалада бўламан деб ўйлайсиз?” Суҳайл ибн Амр: “Яхшиликни гумон қиламиз, азиз биродарим, азиз биродаримнинг ўғли”, деди. Шунда Набий алайҳиссалом: «Мен сизларга Юсуф алайҳиссаломнинг ўз биродарларига айтган гапини айтаман: “Бу кун сизларга нисбатан айблов йўқ” (Юсуф сураси, 92-оят), боринглар, озодсизлар», дедилар.
“Фақат Аллоҳнинг ҳадди (яъни шариат чегараси)га тажовуз қилинса, Аллоҳ (ризоси) учун интиқом олардилар”. Имом Табароний раҳимаҳуллоҳ бир ривоятда айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари учун қасос олмаганлар. Фақат шариат аҳкомлари оёқости қилинса, Парвардигор учун ўч олардилар. Аллоҳ таоло учун инсонларнинг энг ғазаблиси бўлардилар”, дейилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Уқба ибн Абу Муайт ва Абдуллоҳ ибн Хотал кабиларни ўлдиришга буюрганлар. Боиси улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор бериш билан бирга, Аллоҳ таолонинг амрини оёқости қилишганди.
Инсоннинг кечиримли ва шафқатли бўлиши зарур. Дин ва дунё ишларида одамларга машаққат туғдирмасдан, енгилликка йўналтириш керак. Қаҳр ва ғазаб, ўч олиш, шошма шошарлик мусулмонга хос бўлмаган иллатлардир. .
Айрим кимсалар саргузаштларни хуш кўришади. Енгил иш турганда, ўзини синаб кўриш учун қийинини танлашади. Ёки тўғри йўл қолиб, ҳаёт учун хавфлиси сари юришади. Бу қилиқлари сабаб нафақат ўзларининг, балки яқинларининг ҳам ҳаётига зомин бўлишади. Агар биргина мана шу ҳадисга амал қилинса, кўнгиллар шод, турмушимиз обод бўлади.
Манбалар асосида Зомин туманидаги “Холид ибн Валид” жоме масжиди
имом- хатиби Абдумутал МУСАЕВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 12-сонидан