Абу Зайд Дабусий
Бухоро билан Самарқанд оралиғида жойлашган, ҳозир Самарқанд вилоятига қарашли Дабусия қишлоғида (ўтмишда шаҳар бўлган) туғилиб ўсган, «Қуззоти сабъа» (“Етти машҳур қози”)дан бири бўлмиш Абу Зайд Убайдуллоҳ (баъзи манбаларда Абдуллоҳ) ибн Умар ибн Исо Дабусий Ислом ҳуқуқи бўйича «Илмул хилоф» деб аталган янги фаннинг асосчисидир.
У аҳли сунна мазҳаблари орасидаги ихтилофларни тартибга солиб, илмий услубда ўрганиш қоидаларини яратиб берган ва илмий асарлар ёзган. Улардан «Китобул асрор фил усул вал фуруъ», «Ал-амадул ақсо», усулул фиқҳ бўйича «Ал-анвор» китоби машҳур бўлиб, «Таъсисун назар» Мустафо ибн Муҳаммад Қаббоний Дамашқий муқаддимаси билан Мисрда нашр этилган. Усулул фиқҳ бўйича у ёзган «Тақвимул адилла» китобини Фахрул Ислом Паздавий шарҳлаган.
Ибн Халдуннинг таъкидлашича, Дабусийнинг усулул фиқҳ бўйича ёзган китоби жуда машҳур.
Дабусий «Ат-таълиқа» номли китобни ҳам хилоф илми бўйича ёзган. «Абжадул улум»да таъкидланишича, ҳанафий мазҳабида у қиёс услуби бўйича кенг маълумот берган. Ҳанафий мазҳабида қиёс услуби борасида энг яхши асар ёзган аввалги олимлардан Дабусий ва кейингиларидан Паздавий эди.
Заҳабийнинг ёзишича, Дабусий 430/ 1039 йили вафот этган. Дабусияда «Тўққиз қози» (ёки “Етти қози”) мақбарасига дафн этилган.
Шайх Абдулазиз МАНСУР
“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 12-сонидан