Қиш – мўминнинг баҳори. Тунлар узайиб кетди…
– Ҳеч тонг отмайди, денг, у ёнимга ағнайман, бу ёнимга ағнайман, бошимни ёстиққа қаттиқ бостб ётганимдан чаккаларим оғриб кетади. Чалқанча бўлиб олиб, кўзларимни юмиб юзгача, кейин юздан биргача санайман, зерикиб кетаман. Ғимирсиб бориб телевизорни ёқаман. “Ёқманг, бемаҳал… пасайтиринг, шу овозинг ўчгурни”, дейди. Болалар билан жиқамушт бўламан. Аммо шу зорманда-да ҳам бирорта тузукроқ нарса йўқ. Ўз оти билан дилбўзар-да, яна нима ҳам бўлсин! Аммо бошқарув мосламасини қўлимга олиб босавераман, босавераман. ҳатто баъзи каналлар очилишга ҳам улгурмай ўтиб кетади. Кейин нимани қидиряпман ўзи? деб ўйлаб қоламан. Ўчираман. Интернетга кираман, кўзим толиқади. Яна жойимга чўзилиб у ёнга, бу ёнга ағайвераман, ағнайвераман… бир амаллаб тонгга етиб оламан-да. Тун дегани оч ичакдек чўзилиб кетди ўзиям.
– Нимасини айтасиз, ҳозир туннинг энг узун вақти. Аммо кўпчилик роҳатланиб ўтказаётган тунларда сиз нега бунча ўзингизни қийнайсиз? Сизнинг ҳеч қазо намозларингиз йўқми ёки таҳажжуд намози ўқимайсизми, нафл ибодатлари қилмайсизми ёхуд Қуръон тиловати, зикруллоҳларингиз йўқми?
Агар билсангиз, қишнинг узун тунларининг ўзига хос таровати бор. Тасаввур қилинг, кўча изғирин, совуқ, сиз эса иссиққина уйда момиқ тўшаклар устида яйраб ўтирибсиз. Қўлингизда тасбеҳ, кўзларингизни хиёл юмиб зикр қиляпсиз, зикр қилаверасиз, қилаверасиз. Онгингизга ўрнашиб қолган бад хаёллар чекиниб, дилингиз равшан торта бошлайди. Ва дафъатан кўз ўнгингизда баҳор очилади, парқур булутлар устида сузиб бораётганингизни ҳис қиласиз, атрофингизда чиройли қушчалар, нарироқда эса осмонга қараб интилган пурвиқор тоғлар савлат тўкиб турибди. Қуйига қарасангиз, ям-яшил далалар орасида барқ уриб очилиб ётган турфа ранг гулларни кўрасиз. Буни сиз асло менга шундай туйиляпти деб ўйламанг. Бу айни ҳақиқат. қалбингизнинг, руҳингизнинг ҳақиқати. Сизнинг ибодатингиз, зикрингиз туфайли Аллоҳ таоло қишни сиз учун баҳорга айлантириб қўйди. Баҳорнинг севинчини, завқини ҳис қилишингиз учун.
Ана шундай бебаҳо неъматни қўлга киритиш имконингиз бўла туриб, ўзингизни бунчалар қийнашингиз чиндан ҳам таажжубланарли иш. Қиш – мўминнинг баҳори, дейди улуғларимиз. Қишни баҳорга айлантириб олиш учун эса мўминлик сифатига эришиб олсак, шунинг ўзи кифоя.
Дамин ЖУМАҚУЛ