Жаноза намози
«Жаноза» сўзининг луғатдаги маъноси «сатр» – тўсишдир. Тобутга солинган ўлик «жаноза» дейилади. Шариатнинг бошқа амаллари каби жаноза масалаларининг ҳам фарз, вожиб, суннат ва бошқа белги ва боғланишларини ифодаловчи тушунчалари мавжуд. Келинг, олдин шу истилоҳларни ўрганиб чиқайлик:
- Фарз.
Шариатда шубҳасиз ва қатъий далил билан талаб қилинган амаллар фарздир. Исломнинг беш рукни бунга мисол бўлади. Фарз амални қилиш лозим ва лобуддир. Уни қилган киши савоб олади. Қилмаган киши эса, гуноҳкор бўлиб, қиёматда иқобга қолади. Фарзни инкор қилган кофир бўлади.
Фарз икки қисмга бўлинади:
а) фарзи айн – ҳар бир шахсдан талаб қилинган амал. Беш вақт намоз бунга мисолдир;
б) фарзи кифоя – барчадан талаб қилинган амал. Лекин баъзилар қилсалар, қолганлардан соқит бўлади. Бунга мисол: Қуръонни тўлиқ ёдлаш, фароиз (мерос) илмини билиш.
- Вожиб.
Шариатда қатъий бўлмаган далил билан талаб қилинган амал вожибдир. Фитр садақаси, витр намози ва ийд намозлари каби амаллар вожиб амаллардан ҳисобланади.
Вожиб амални қилиш лозим ва лобуддир. Уни қилган киши савоб олади. Лекин унинг савоби фарзникидан озроқдир. Вожибни инкор қилган шахс кофир бўлмайди.
Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳаблар фарз билан вожибни бир нарса деб ҳисоблайдилар ва иккисини қўшиб «вожиб» деб атайдилар.
Аммо ҳанафий мазҳаби юқоридаги дақиқ фарқни эътиборга олиб, иккисини алоҳида ҳукмлар деб билади.
- Суннат.
Шариат жазм бўлмаган ҳолда талаб этган, қилган одам савоб олиб, қилмаган мазаммат этилмайдиган амал «суннат» дейилади.
Бунинг мисоли – қарз олди-бердисини васийқа сифатида ёзиб қўйиш ҳақидаги ҳукм.
Суннат амални қилган одам савоб олади. Уни тарк қилган киши иқоб қилинмайди. Ундай одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг маломатларига ва итобларига қолиши мумкин.
Ҳанафийлардан бошқалар суннатни мандуб, нафл, мустаҳаб, татоввуъ, эҳсон ва ҳасан каби номлар билан ҳам атайдилар. Ҳанафийларда суннат билан мандуб ва мустаҳаб орасида фарқ бор.
Суннат таъкидланган амал бўлиб, динда шарт бўлмаган, аммо уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимий равишда қилиб юрганлар ва аҳёнда узрсиз тарк қилганлар.
Мандуб ёки мустаҳаб эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимий қилмаган амаллардир.
Ҳанафийлар суннатни бир неча турга тақсимлайдилар:
Суннати муаккада. Жамоат намозига ўхшаш амаллар.
Суннати машруъа. Душанба ва пайшанба кунлари рўзасини тутишга ўхшаш амаллар.
Суннати зоида. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг емоқ-ичмоқлари, кийинишлари, юришлари, ухлашларига эргашмоққа ўхшаш ишлар.
- Ҳаром.
Шариат тарк этишни шубҳасиз қатъий далилга суяниб, жазм билан талаб қилган нарса ҳаромдир. Одам ўлдириш, ароқ ичиш, зино ва ўғрилик қилиш кабилар.
Ҳаромдан четда бўлиш фарздир.
Уни қилган одам уқубатга сазовор бўлади.
Ҳаромни «маъсият», «гуноҳ» деб ҳам аталади. Ҳаромни инкор қилган одам кофир бўлади.
- Макруҳи таҳримий (ҳаром ҳисобланадиган макруҳ).
Шариат (оҳод хабарларда) қатъий бўлмаган далил ила тарк қилишни жазм ила талаб қилган нарса – макруҳи таҳримий бўлади. Бунга бировнинг савдоси устига савдо қилиш ёки совчилиги устига совчи қўйиш, эркакларнинг ипак ёки тиллани истеъмолда қўлланишлари каби ишлар мисол бўлади.
Ҳанафийларда макруҳи таҳримий қисқа қилиб «макруҳ» деб қўйилади. Уларнинг наздида, макруҳи таҳримий ҳаромга жуда яқин ҳисобланади. Аммо уни инкор қилган киши кофир бўлмайди.
- Макруҳи танзиҳий (озодалик макруҳи).
Шариат тарк қилишни жазмсиз ва уқубат тайин қилмаган ҳолда талаб этган нарса макруҳи танзиҳийдир. Бунга мушук ва йиртқич қушлар теккан сувдан таҳорат қилиш, суннати муаккада ишларни тарк қилишлар мисол бўлади.
Макруҳи танзиҳийни тарк қилган одам савоб олади. Уни қилган одам иқобга учрамаса ҳам, маломатга қолади.
- Мубоҳ.
Шариат томонидан мукаллаф кишига қилиш ёки қилмаслик ихтиёри тенг берилган нарса мубоҳдир. Емоқ ёки ичмоққа ўхшаш нарсалар. Ҳаромлиги ёки ман қилингани ҳақида ҳукм келмаган барча нарсалар мубоҳдир.
Мубоҳ нарсани қилганга ҳам, қилмаганга ҳам савоб ҳам, итоб ҳам йўқ. Аммо мубоҳ нарсани қилмаслик ҳалокатга олиб борадиган бўлса, уни қилиш вожибга айланади.
- Шарт.
Бир нарсанинг вужудга келиши унга боғлиқ бўлган ва ўзи ўшандан ташқарида турувчи нарса шартдир. Мисол учун, таҳорат намознинг шартларидан бири саналади. Таҳорат бўлмаса, намоз вужудга келмайди. Аммо таҳорат намоздан ташқаридаги амалдир.
- Рукн.
Бир нарсанинг вужудга келиши унга боғлиқ бўлган ва ўшандан бир бўлак ҳисобланувчи нарсадир. Мисол учун, сажда намознинг рукнларидан биридир. Сажда бўлмаса, намоз вужудга келмайди. Шу билан бирга, сажда намознинг бир бўлаги бўлгани учун, унинг ичидаги амал саналади.

Пўлатхон КАТТАЕВнинг
«Исломда жаноза» китобидан